Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Автомобилда йўловчи ва юк ташиш лицензияси энди электрон шаклда расмийлаштирилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
28.12.2019 23027 Yangiliklar

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими тўлиқ ишга туширилади.
Энди юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар лицензия ва лицензия карточкаларини олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” орқали автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш жараёни янада соддалаштирилди. Ушбу маъмурий регламентга мувофиқ энди юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун фақат жойлардаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар. Аризачилар ва лицензияловчи орган ўртасидаги барча маълумотлар алмашинуви тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилади.
Ушбу жараён орқали лицензия талабгорларининг туманлардан вилоят марказларидаги транспорт бошқармаларига ва Тошкент шаҳрига келиб лицензия ва лицензия варақалари олиш учун мурожаат этишдаги ортиқча оворагарчилик ҳамда молиявий ҳаражатларнинг кескин қисқартирилишига эришилади.
Бундан ташқари лицензия ва лицензия варақалари энди QR-код билан ҳимояланган электрон кўринишга ўтказилди. Яъни лицензия ва лицензия варақаларини махсус бланкада бериш амалиётидан тўлиқ воз кечилди.
Ариза берувчининг лицензия ва лицензия варақалари олиш учун тақдим этадиган ҳужжатлари электрон кўринишдаги маълумотномалар билан алмаштирилди.
Энди ҳужжатлар давлат идоралари ўртасида электрон шаклда алмашилади.
Ушбу жараён орқали эса аризачилардан лицензия ва лицензия варақалари олиш учун зарур ҳужжат нушаларини ёки бошқа вазирлик ва идоралар томонидан бериладиган ҳужжатлар тўғрисида маълумотларни талаб этмаслик имконияти яратилди ва талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати кескин қисқартирилди.
Ариза берувчига автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчининг сўровномаси барча зарур маълумотлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.
Ушбу тизимнинг йўлга қўйилиши билан аризачиларга шаффоф, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ахборот хизмати