Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Автотранспортнинг вазни ва габаритлари назорат қилинади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
03.06.2020 6298 Yangiliklar

 

Ўзбекистон ҳудудида автомобиль йўллари тармоғини сақлаш ва автомобиль транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, автомобиль йўлларининг таъмирлараро муддатларгача бузилишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 28.05.2020 йилда «Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 337-сон қарорни қабул қилди.


Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом;

Катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг йўналиш бўйича ҳаракатланишидан олдин автомобиль йўлларини ўрганиш тартиби тўғрисидаги низом;

2020-2022 йилларга мўлжалланган вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини қуриш, модернизациялаш ва замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича тадбирлар дастури.
 
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Aвтомобиль йўллари қўмитаси транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш пунктларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш, махсус техника харид қилиш ва сақлаш бўйича буюртмачи ҳисобланади. Молиялаштириш Қўмита фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
 
Қўмитага уч ой муддатда қуйидагилар ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифаси топширилди:

транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун (стационар) ва кўчма пунктларини қуриш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини (асосларини);

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш турғун ва кўчма пунктларининг намунавий лойиҳаларини.
 
Қўмита халқаро амалиётдан келиб чиқиб хорижий юк автотранспорт воситаларининг республика автомобиль йўллари бўйлаб ўтиши километрини ёки вақтини ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди. Шунингдек бунинг учун ҳақ ундириш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқади.
 
Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари уч хил бўлади:

стационар;

кўчма;

автоматлаштирилган (фото ва видео суратга олиш функцияларига эга автоматлаштирилган тарзда ишловчи махсус воситалардан фойдаланувчи назорат пункти).
 
Ҳужжат 29.05.2020 йилдан кучга кирган.

 

Манба: norma.uz