Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Бугундан қатор маҳаллий йўналишларда поездлар ҳаракати тикланди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
18.05.2020 6871 Yangiliklar

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди ва унга кўра жорий йил 18 май кунидан бошлаб,  карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга ошириш бошланади.  Мазкур тартибга биноан,  темир йўлларда Тошкент шаҳридан Навоий,  Бухоро,  Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Бугун соат 07: 00 да Тошкент – Навоий – Бухоро йўналишида №762-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд  "Тошкент-Марказий" темир йўл вокзалидан жўнаб кетди. Бугун  соат 16: 28 дан Бухоро – Навоий – Тошкент йўналишида №761-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.

Шунингдек, бугун соат 08:00 да Тошкент – Қарши йўналишида №760-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд "Тошкент-Марказий" темир йўл вокзалидан жўнади ва шу куни соат 17: 58 дан Қарши – Тошкент йўналишида №759-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.

Соат 08:05 да эса "Тошкент-Жанубий" вокзалидан Тошкент – Андижон йўналишида №60-сонли поезд жўнаб, шу куни соат 15: 33 дан Андижон – Тошкент йўналишида №59-сонли тезюрар йўловчи поезд Тошкентга кириб келади.

Темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш,  шу жумладан,  йўловчилар сонини камайтириш,  дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши назорат қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, поездларга чиқаётган йўловчилар учун муҳим шартлардан бири – Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. 

Темир йўл вокзаллари ҳудудига ҳамда темир йўл транспортига кирганда,  барча йўловчилар бир марталик тиббий ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлишлари,  темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.  Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.

Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.  Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар,  ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан темир йўл вокзал кассаларидан чипта расмийлаштиришлари мумкин.  Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.