Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Давлат активларини самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
11.12.2019 5734 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижадорлиги ва бу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.  

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш мақсади ҳам белгиланган эди. Шунга мувофиқ, жорий йил 14 январда Президентимизнинг “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ўтган қарийб бир йил мобайнида корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини самарали бошқариш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. 

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда 2819 та давлат иштирокидаги корхоналар мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, унумсиз ишлагани сабабли ҳатто дивиденд тўлай олмайди.

Президент бу ҳолатни жиддий танқид қилди. 

– Давлат иштирокини ҳеч зарурат бўлмаган соҳаларда ҳам сақлаб турибмиз. Давлат корхоналарини бошқариш, фаолияти самарасини ошириш, уларнинг функцияларини хусусий секторга бериш бўйича ҳали сезиларли ўзгаришлар бўлмади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис, йиғилишда 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича янги вазифалар белгиланди. 

Аввало, бундай корхоналарни ислоҳ қилиш ёки тугатиш, сақлаш ёки хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш бўйича Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Жумладан, ахборот технологиялари соҳасидаги 140 та корхона, ҳудудлардаги коммунал, қурилиш ва хизмат кўрсатиш субъектларига тегишли 1573 та, геология, металлургия, молия ташкилотлари бўйича 137 та, енгил саноат, машинасозлик ва электротехника тармоқларидаги 49 та, ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика йўналишидаги 449 та, кимё, нефть-газ, энергетика соҳасидаги 42 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғидаги 330 та, саноат зоналаридаги 99 та корхона бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг ҳар бирига молия вазири ўринбосарлари бириктирилди.

Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рентабеллиги, ҳозирги қуввати ва истиқболини таҳлил қилган ҳолда, 2020 йилга мўлжалланган аниқ режа ва таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. 

Кўплаб компанияларимиз молиявий ҳисобот юритиш, ички назорат ва аудит ўтказиш, бошқарувга мустақил аъзоларни киритиш каби масалаларда оқсаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга мазкур компанияларда корпоратив бошқарувни кенг жорий этиш, базавий соҳалардаги 32 та йирик корхонани ислоҳ қилишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди. 

Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари – KPI (Key Performance Indicators) ҳар бир корхонада ишлаб чиқилиши ва мунтазам назорат қилиниши лозимлиги таъкидланди. 
Давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланиши ва бюджетга ўтказилишини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. 

Транспорт вазирлигида Лойиҳа офиси тузиб, ушбу соҳадаги корхоналарга хусусий секторни жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Хусусийлаштиришга оид ёндашувларни тубдан янгилаш, халқаро экспертларни жалб этиб, бу борада бозор иқтисодиётига хос ва мос тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарув бўйича мутахассислар тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш, давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларини шу борада ўқитиш муҳимлиги қайд этилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти