Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
07.05.2020 8435 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган байрам – фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини самимий табриклаб, мамлакатларимизнинг жасоратли фахрийларига, дўст халқларимизга соғлик-омонлик ва фаровонлик тиладилар.

Урушда елкама-елка курашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг мардлиги ва қаҳрамонлиги авлодларнинг миннатдор хотирасида абадий қолиши алоҳида таъкидланди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Россия Президентлари икки томонлама стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар.

Кўп қиррали ҳамкорлик, аввало савдо-иқтисодий соҳада изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятга қарамай, мамлакатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, транспорт сохасида, шунингдек инфратузилмани модернизация қилиш бўйича муҳим инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги кооперация кучаймоқда, маданий-гуманитар алмашинувлар, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирларни пухта тайёрлаш муҳимлигига эътибор қаратдилар. Глобал инқирознинг салбий оқибатлари иқтисодий ҳамкорлик суръатига таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида саъй-ҳаракатларни янада бирлаштириш ва олдиндан чора кўриш муҳимлиги қайд этилди. Ҳукумат раҳбарлари даражасида Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги ишлар давом эттирилади.

Мулоқотда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди. Инқирозга қарши курашиш, шу жумладан, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий кафолатларни кучайтириш, бизнесга ҳар томонлама кўмаклашиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қўллаб-қувватлаш, чекловларни босқичма-босқич юмшатиш борасида иккала мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари пандемияга қарши самарали курашиш мақсадида саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштириб бориши ва яқиндан ҳамкорликни давом эттириши муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.