Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби ахбороти

Чоп этиш Саҳифани улашиш
29.09.2020 6583 Yangiliklar

 

Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра Самара вилоятининг «Кинел», Ростов вилоятининг «Первомайская» ва «Лихая» темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.

Tўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.

Мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобиль воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқдалар.

Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз.

Ҳозирда Ватанга қайтиш истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.

Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз.