Click to listen highlighted text!

Skip links

O’zbekiston Respublikasining transport to’g’risidagi qonun loyihasi

image_pdfimage_print

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚОНУНИ

 

Транспорт ҳақида

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Мазкур Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади автомобиль, ҳаво, сув, темир йўллари ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти фаолияти ва ўзаро муносабатларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилашдан иборат.

2-модда. Транспорт тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Транспорт тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида транспорт соҳасидаги муносабатлар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Автомобиль, ҳаво, сув, темир йўллари ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти соҳасидаги муносабатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”, “Автомобиль транспорти тўғрисида” ва “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги” ва “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунлари билан тартибга солинади.

Ташишларга оид қоида ва шартлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш, транспорт воситалари ва уларнинг ҳаёт цикли жараёнларининг инсон ҳаёти, саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсизлигини таъминлаш тартиби белгиланган тартибда тасдиқланадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.

Халқаро шартномада Ўзбекистон Республикасининг транспорт тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганлардан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонунни қўллаш соҳаси

Ушбу қонун тижорат асосида амалга ошириладиган ҳар қандай транспорт фаолиятини юритиш чоғида вужудга келадиган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Мазкур Қонун қуйидаги фаолият билан боғлиқ муносабатларга тааллуқли эмас:

қувур транспорти ва электр энергиясини узатиш (транспортировка қилиш);

махсус транспорт воситаларида бажариладиган ташишлар;

ҳарбий ташишлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб махсус юк ва ҳарбий контингентни транзит ташиш;

экспериментал авиация ва давлат авиацияси ҳаво кемаларида амалга ошириладиган ташишлар;

фақат корхона ҳудудида амалга ошириладиган технологик ташишлар;

жисмоний шахслар хусусий мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосларга кўра эгалик қиладиган ва ўзларига тегишли бўлган транспорт воситаларида фақат шахсий, маиший, оилавий ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун амалга оширадиган ташишлар;

Давлат мулки бўлган ва нотижорат мақсадларда фойдаланиладиган ҳарбий, ҳарбий-ёрдамчи, чегара ва бошқа кемалар.

 

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ташишлар хавфсизлиги – ташиш хавфсизлиги қоидабузилишлари ва уларнинг фуқаролар ҳаёти ёки соғлиғига, атроф-муҳитга, жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига зарар етказадиган оқибатлари юзага келишининг йўл қўйилмайдиган хавфи бўлмаган транспорт воситасининг ҳаракатланиш жараёнини ва транспорт воситасининг ўзини техноген (техник ва технологик) характердаги таҳдидлардан ҳимояланган ҳолатини таъминлаш;

чипта – йўловчининг ҳақ эвазига йўловчи транспортидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ҳамда йўловчи ва ташувчи ўртасида оммавий ташиш шартномаси тузилганини тасдиқловчи ташиш (йўл) ҳужжати;

шаҳар йўловчи ташиш темир йўл транспорти – шаҳар ичидаги йўллар ва шаҳар атрофи бўйлаб йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт тури (метро, трамвай, енгил рельсли, монорельсли транспорт);

кўрикдан ўтказиш – ноқонуний аралашув ҳаракатини амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қўл юки, багаж, юк ва почта кўринишида транспорт воситаларида ташиш тақиқланган хавфли модда ва предметларни махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда аниқлаш учун мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуи;

ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) – товар-моддий бойликларни рўйхатдан чиқариш, уларни ҳаракатланиш йўлида ҳисобга олиш, кирим қилиш, омборхона, оператив ва бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда ташилган юк бўйича ҳисоб-китобларни ва бажарилган ишнинг ҳисобини амалга ошириш учун мўлжалланган ва аралаш ташиш иштирокчилари учун ягона бўлган ташиш ҳужжати;

мижоз (юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи, йўловчи, фрахтловчи) – ташувчи ёки транспорт оператори билан тузилган шартномага мувофиқ транспортдан фойдаланадиган жисмоний ёки юридик шахс;

халқаро ташиш – йўловчи, багаж, юкбагаж, почта ва юкнинг ҳар қандай транспорт тури ёрдамида халқаро характерга эга ҳаракатланиши. Жўнаш ва бориш жойлари ҳар хил мамлакатларда бўлса ёҳуд йўловчи, багаж, юкбагаж, почта ва юкнинг ҳаракатланиши хорижий давлат ҳудуди бўйлаб амалга оширилса, ташиш халқаро характерга эга бўлади;

транспорт ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш – давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, транспорт ташкилотлари, ташувчилар, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахслар томонидан қабул қилинадиган, транспорт ва ташишлар хавфсизлиги қоидабузилишларининг олдини олишга ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит, жисмоний ёки юридик шахслар мол-мулкига зарар етказиш хавфини камайтиришга қаратилган иқтисодий, ташкилий-ҳуқуқий, техник бошқа чоралар тизими;

транспорт инфратузилмаси объектлари – темир йўл, трамвай, енгил релсли, монорелсли ва ички сув йўллари, автомобиль йўллар, тоннеллар, эстакадалар, кўприклар, вокзал ва станциялар, юк ховлилари, йўловчиларга хизмат кўрсатиш пунктлари, метрополитен линиялари, портлар, порт воситалари, кемалар ҳаракатланувчи гидротехник иншоотлар, аэродромлар, аэропортлар, транспорт-логистика марказлари, алоқа, навигация ва ҳаракатни бошқариш тизимлари объектлари, магистрал қувурлар, шунингдек транспорт комплексининг ишлашини таъминлайдиган бошқа бинолар, иншоотлар, ускуналар ва жиҳозлар;

аралаш ташиш оператори – транспорт оператори – аралаш ташишни ташкиллаштирадиган ва ташишни амалга ошириш учун у томондан жалб қилинган барча ташувчилар ва учинчи шахслар учун жавобгарликни зиммасига олган юридик шахс;

транзит ташиш оператори – транспорт оператори – Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали ўтадиган транзит маршрутнинг бошидан охиригача ёки юкларнинг (товарларнинг) бутун йўналиш бўйлаб ҳаракатланишида ҳақ эвазига юк ташишни ташкиллаштириш учун юк эгаси (юк жўнатувчи) ёки у томондан ваколат берилган шахс билан шартнома тузган ва транзит юкларни ташиш учун зарур бўлган барча тартиб-тамоилларнинг бажарилиши учун жавобгарликни зиммасига олган юридик шахс (ташувчи, экспедитор, бошқа шахс);

ташувчи – мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда автотранспорт воситасига эгалик қиладиган, йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл ва шаҳар йўловчи транспортида ташиш учун тижорат хизматларини кўрсатадиган ва бунга махсус рухсатномага (лицензия ёки бошқа рухсатномалар) эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

ташиш ҳужжати – йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юк ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқлайдиган, чипта, жетон, багаж квитанцияси, товар-транспорт юкхати, электрон маълумот ташувчи карталар ёки бошқа электрон маълумот ташувчилар ва шу каби ҳужжатлар кўринишидаги йўл ҳужжати;

аралаш ташиш – йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни йўналишнинг бошидан охиригача расмийлаштирилган ягона транспорт ҳужжати бўйича турли хил транспортда ташиш, шунингдек, йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни бир хил транспорт турида, аммо турли хил ташувчилар томонидан ташиш;

ижтимоий аҳамиятга эга йўловчи ташишлар – аҳолининг, шу жумладан унинг кам таъминланган қатламларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида тарифларнинг ҳаммабоп (чекланган) даражасини қўллаган ҳолда ташкил этиладиган йўловчи ташишлар;

транспорт – йўловчилар ва турли мақсадларда ишлатиладиган юкларнинг ташиш жараёнини таъминлайдиган барча турдаги қатнов йўллари, транспорт воситалари, қатнов йўлларидаги техник қурилмалар ва иншоотларнинг йиғиндиси;

транзит транспорт коридори – транзит юк ташиш учун транзит транспорт коридорининг паспортида кўрсатилган техник, технологик ва ташкилий шарт-шароитлар яратилган ҳамда бундай юк ва транспорт воситаларига нисбатан божхона операцияларининг соддалаштирилган тартиби қўлланиладиган транспорт воситаларининг ҳаракатланиш маршрути;

транспорт фаолияти – йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл транспортида ёки ушбу транспорт турлари уйғунлигида ташиш бўйича ташкилий ва технологик тартиб-тамоилларни бажариш билан боғлиқ фаолият, шу жумладан транспорт-экспедиторлик фаолияти ва шартномавий ёки бошқа қонуний асосларда бажариладиган ташиш билан боғлиқ бўлган транспортга оид бошқа ишлар ва (ёки) хизматлар;

транспорт хавфсизлиги – транспорт комплексини ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилинган ҳолати, шунингдек унинг одатий режимда ва фавқулодда ҳолатларда барқарор ишлаши таъминлангани;

транспорт логистикаси – транспорт комплекси иштирокчиларининг турли хил транспортдан фойдаланган ҳолда мақбул йўналиш бўйлаб йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юклар транспортировкасини (ташишни) режалаштириш ва бошқариш бўйича йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юклар транспортировкасининг (ташиш) ҳар бир босқичида ҳаракатланиш мониторингини ўз ичига олган ўзаро боғлиқ ҳаракатлари мажмуи;

транспорт-логистика маркази – объектга ҳар қандай транспорт турлари билан келиб тушадиган ёки чиқадиган контейнерлар, қадоқланган ва тўкилган ҳолда ташиладиган, контейнерларга юкланган ва бошқа турдаги юкларга ишлов бериш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиладиган, божхона, чегара ва бошқа тегишли хизматлар, шу жумладан юк экспорти ва импорти юзасидан барча турдаги текширувлар ва тартиб-тамоиллар амалга ошириладиган транспорт инфратузилмаси объекти (марказ, порт, пристань, логистика парки ва бошқалар);

транспорт воситалари – йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш учун мўлжалланган, автотранспорт воситалари, темир йўлларда ҳаракатланувчи таркиб, ҳаво кемалари, сувда ҳаракатланувчи кемалар, шаҳар йўловчи ташиш транспорти, шу жумладан метрополитендан иборат бўлган мосламалар;

транспорт комплекси – транспорт ташкилотлари, ташувчилар, транспорт инфратузилмаси муассасалари, объектлари ва транспорт воситалари, шунингдек кадрлар тайёрлаш, транспорт тармоғи ходимларига ижтимоий-маиший ва маданиш хизмат кўрсатиш соҳаси муассаса ва ташкилотлари;

транспорт ташкилотлари – автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти инфратузилмаси эгалари;

экспедитор – транспорт экспедиторлик шартномасининг иштирокчиси – товарлар ҳаракатланишини ташкил этувчи юридик шахс бўлиб, юкларни автомобиль, ҳаво, темир йўл ва сув транспортида ташиш, юклар, хавф-хатар ва транспорт воситаларини суғурта қилиш, юкни ташиш ҳужжатларига мувофиқ топшириш, омборда сақлаш, юк ва ҳужжатларга ишлов бериш, сақлаш, декларация тўлдириш ва божхона тартиб-тамоилларини ҳамда транспорт-экспедиторлик шартномасида назарда тутилган бошқа хизматларни бажариш бўйича кенг ва хилма хил ишлар мажмуини бажаради, шунингдек ушбу ташишларнинг бажарилиши назоратини таъминлайди ва транспорт ташкилотларининг олдида мижознинг манфаатларини ҳимоя қилади.

 

5-модда. Транспорт фаолиятининг тамойилари

Транспорт фаолиятининг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

мослашувчан тариф, техник, инвестицион, инновацион ва кадрлар сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан давлат томонидан самарали бошқариш;

транспорт ва инфратузилма ишининг барқарорлиги;

оммабоп, хавфсиз, кафолатланган ва юқори сифат билан кўрсатиладиган хизматлар;

мулкчилик шаклидан қатъий назар транспорт фаолияти субъектларининг тенглиги;

давлат манфаатларининг транспорт фаолияти субъектлари манфаатлари билан уйғунлиги ва уларнинг ўзаро тенг жавобгарлиги;

коррупцияга қарши курашиш.

6-модда. Транспортни тайинлаш

Автомобиль, ҳаво, сув, темир йўл ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти Ўзбекистон Республикаси ягона транспорт тизимининг ажралмас қисмидир.

Транспортнинг барча турлари жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлатнинг йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юк ташишларга бўлган эҳтиёжларини ўз вақтида ва сифали таъминлашга, иқтисодиётни ривожлантириш ва давлат ҳудудида транспорт тармоғининг бирлигини таъминлаш учун шароит яратиш ишларига кўмаклашишга мўлжалланган.

 

2-боб. Транспорт фаолиятини

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш

7-модда. Транспорт соҳасидаги давлат сиёсати

Транспорт соҳасида давлат сиёсати транспортни ривожлантириш учун ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий, техник ва бошқа шароитларни яратишга йўналтирилган бўлиб, транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, бошқариш ва керакли даражада назорат қилиш йўли билан амалга оширилади.

8-модда. Транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш

Транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш сертификатлаш, лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-тамоиллари, солиққа тортиш, ижтимоий аҳамиятга эга ташувлар учун тариф сиёсати ва тарифларини шакллантириш, илмий-техник, ижтимоий ва кадрлар сиёсатини амалга ошириш йўли билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда амалга оширилади.

Давлат органлари транспорт ташкилотларининг хўжалик фаолиятига аралашишга, шунингдек, транспорт ташкилотларида ишлаётган ходимларни бошқа ишларга жалб қилишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

9-модда. Транспорт соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришни амалга оширувчи органлар

Транспорт соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва транспорт соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ваколатлари доирасида транспортда ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўйича давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг транспорт соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

транспорт комплексини барқарор ривожлантиришнинг истиқболли стратегиясини белгилайди;

транспорт соҳасидаги узоқ муддатли давлат дастурларини ва транспорт-иқтисодий балансларни тасдиқлайди;

транспорт соҳасида халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида транспорт соҳасида қуйидагиларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади:

транспорт соҳасида нарх ва тариф сиёсатини;

транспорт соҳасида лицензиялаш, сертификатлаш ва рухсат бериш тартиб-тамоилларини амалга ошириш тартибини;

ажратилган чегара ва қўриқланадиган зоналар доирасида транспорт ерларини белгилаш ва улардан фойдаланиш ҳамда ушбу мақсадларга мўлжалланган ерлар ўлчами ва улардан фойдаланиш режими тартибини;

йўловчи, багаж, юкбагаж ва юкларни транспортда ташиш қоида ва шартларни, шунингдек транспорт соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади.

 

11-модда. Транспорт соҳасида

махсус ваколатли орган ваколатлари

Транспорт соҳасида махсус ваколатли орган:

ягона транспорт тармоғига интеграциялаш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида транспортнинг барча турларини уйғунликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсати ишлаб чиқилишини амалга оширади;

транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга оширади, барча тоифадаги истеъмолчилар учун улардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди, шунингдек соҳага инвестицияларни жалб этади;

халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва чора-тадбирларни амалга оширади, логистика тизимини такомиллаштиради, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланишни ва тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишда сарф-харажатларни камайтириш ишларини бажаради;

транспорт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминлайди;

бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этади, Ўзбекистон Республикаси Транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

транспорт соҳасида ягона техник сиёсатни олиб боради;

ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни, транспорт соҳаси меъёр ва қоидаларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

фойдаланувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлайди;

транспорт соҳасида инновацион технологиялар, илмий-техник ишланмалар жорий этилишида ёрдам кўрсатади;

транспорт соҳасида лицензиялашни амалга оширади ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар берилишини таъминлайди;

транспорт соҳасида назоратни амалга оширади, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисалари ва инцидентлари, шунингдек темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этади ва бажаради;

транспорт соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

транспорт соҳасидаги халқаро ва минтақавиий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига транспорт хизматлари жаҳон бозорида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлайди;

транспорт соҳасида жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этади;

энергия тежайдиган технологиялар, қайта тикланадиган  ва альтернатив энергия манбалари жорий этилишини ҳамда атроф муҳитни қўриқлаш соҳаси талабларига риоя этилишини таъминлайди.

Транспорт соҳасида махсус ваколатли орган томонидан унинг ваколати доирасида қабул қилинган қарорлар барча юридик ва жисмоний шахслар ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун мажбурийдир.

12-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

транспорт соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

транспорт соҳасида, шунингдек ташишлар хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати, парвозлар, кемалар ҳаракати хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлашни ва йўл-транспорт ҳодисалари, авариялар, бахтсиз ҳодисаларда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва амалга оширади;

транспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга, барча ташувчилар ва транспорт комплексининг бошқа иштирокчилари фаолияти учун тенг шароитларни яратишга, шунингдек транспортнинг моддий-техник ва ижтимоий базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади;

транспорт соҳасида замонавий инновацион технологияларни яратиш ва жорий этишга кўмаклашади;

транспорт эҳтиёжлари учун ер участкаларини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, транспортдан хавфсиз фойдаланиш, ёнғин ва экология хавфсизлигига риоя қилиш бўйича ташкилотлар ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этиш ва ўтказишда қатнашади;

транспортда фавқулодда вазиятлар юзага келганда чора-тадбирларни амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг ишларини мувофиқлаштиради ва ташкил этади, ҳалокатлар, авариялар, авариялар оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этади.

 

13-модда. Транспортда ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўйича давлат бошқаруви органларининг ваколатлари

 

Транспортда ташиш хавфсизлигини таъминлаш устидан давлат назорати транспорт соҳасида махсус ваколатли органнинг таркибий бўлинмалари, шунингдек парвозлар ва темир йўл ташувларида хавфсизликни назорат қилувчи давлат бошқаруви органлари (бундан буён матнда транспортда ташишлар хавфсизлигини назорат қилувчи давлат бошқаруви органлари) томонидан амалга оширилади.

Транспортда ташишлар хавфсизлигини назорат қилувчи давлат бошқаруви органлари:

1) автомобиль ва шаҳар йўловчи транспорти соҳасида:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашда хавфсизлик борасидаги техник тартибга солиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади;

йўловчи ва юк ташувларини амалга оширувчи автотранспорт воситаларида лицензия карталари мавжуд бўлиши устидан назоратни олиб боради;

оғир вазнли, катта ҳажмли, хавфли ва махсус юкларни ташийдиган транспорт воситаларининг йўналишларини белгилашда иштирок этади, шунингдек йўл ҳаракати сервиси объектларини жойлаштиришга розилик беради;

йўл ҳаракати иштирокчиларига йўл қопламасининг ҳолати, гидрометеорология ва бошқа шароитлар ҳақидаги зарур маълумотларни тақдим этади;

автомобиль йўллари йўл ҳаракатини бошқариш воситалари, шошилинч алоқа тизими билан жиҳозланишини, уларнинг сақланишини таъминлайди;

автомобиль йўлларида транспорт ҳаракати учун хавфли участкаларни аниқлайди ва ушбу участкаларда ҳаракатланиш ташкил этилишини такомиллаштириш чораларини кўради;

2) фуқаро авиацияси соҳасида қуйидагиларни таъминлайди:

фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишини, парвозлар инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф-муҳит ва давлатнинг манфаатларига хавф туғдирмайдиган ҳолда бажарилишини, ўз ваколатлари доирасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш ташкил этилиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш устидан назорат амалга оширилишини;

авиацияни ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўриш йўли билан Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиацияси ва унинг объектлари фаолияти, шунингдек йўловчилар ва экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини;

фуқаро авиациясининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш фаолияти соҳасида сертификатлаш ишларини ташкил этади;

фуқаро авиацияси фаолияти соҳасида давлат назоратини;

3) темир йўл транспорти соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

республика темир йўл транспортида ташишлар хавфсизлигини таъминлаш устидан давлат назоратини;

темир йўл транспортида ишлатиладиган маҳсулотлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан назоратни, шунингдек уларнинг сертификациясини ташкил қилади;

ички идоравий технологик ташувлар учун фойдаланиладиган идоравий темир йўл транспорти ҳаракатланувчи таркиби давлат рўйхатидан ўтказилишини ва тортувчи ҳаракатланувчи темир йўл таркибини бошқариш ҳуқуқи учун гувоҳномалар берилишини;

темир йўл транспортини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш чоғида хавфсизликни таъминлаш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

4) сув транспорти соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини;

портлар, пристанлар, кемалар тўхташ жойлари ва улардаги иншоотлар, гидроиншоотлар, кема йўллари орқали ўтувчи алоқа линиялари, кўприклар, паром ва сузувчи кўприклар, ўтиш жойлари, сузувчи жиҳозлар конструкцияларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари бўйича кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан хулосалар ишлаб чиқилишини;

кемалар қатнови ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, юкларни ишончли ташиш, экология ва санитария меъёрларига риоя қилиш, Халқаро конвенциялар талабларини бажариш юзасидан техник талабларни белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишини; уларга риоя этилиши назоратини;

кемаларни эксплуатация қилиш, лойиҳалаш, қуриш ва қайта жиҳозлаш чоғида техник назоратни;

кемалар ҳисоби ва таснифини, кема реестри юритилишини;

 

3-боб. Транспорт фаолиятини амалга ошириш асослари

14-модда. Лицензиялаш, сертификатлаш, рухсат бериш тартиб-тамоиллари

Транспорт соҳасида лицензияланадиган фаолият турларига автомобиль транспортида амалга ошириладиган шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро йўловчи ва юк ташувлар ҳамда темир йўл транспортида йўловчи ва юк ташувлар киради.

Транспорт соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Транспорт воситалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек мувофиқликни тасдиқлаш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини тасдиқловчи мувофиқлик сертификатига эга бўлиши лозим, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Транспорт фаолиятида фойдаланиладиган техник воситалар ва механизмларни, шунингдек тақдим этилаётган хизматларни сертификатлаш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Транспорт воситалари, бошқа техник механизм ва воситалар, шунингдек транспортда кўрсатиладиган хизматлар транспортнинг авариясиз ишлашини, ҳаракат хавфсизлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник бошқарув соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бериши керак.

Сертификатлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспорт воситалари олиб кирилмайди, сотилмайди ва эксплуатация қилинмайди.

15-модда. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи

Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи белгиланган намунадаги ҳужжатлар асосида тегишли малакага эга бўлган ва соғлиғининг ҳолати бўйича тиббий кўрикдан ўтган шахсга берилади.

Транспорт воситасини бошқариш бўйича малака талаблари ва уни бошқариш учун соғлиқ ҳолати яроқлилигини баҳолаш мезонлари қонунда кўрсатилган тартибда белгиланади.

16-модда. Транспорт ерлари

Ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ транспорт фаолиятини амалга ошириш мақсадида транспорт ташкилотлари, ташувчилар, Ўзбекистон Республикасининг транспорт комплексининг бошқа субъектлари томонидан фойдаланиладиган ерлар транспорт ерлари ҳисобланади.

Ер кўчкиси ва ўпирилиши, сель ва бошқа хавфли табиий офатлар содир бўлиш хавфи бўлган ҳудудларда транспорт иншоотлари ва бошқа объектларининг ишончли ишлашини, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ердан фойдаланиш бўйича махсус шароитлар яратилган ҳимоя зоналари ташкил этилади.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар ўзларига берилган ерлардан белгиланган мақсадларда ва улар тақдим этилган шартларда фойдаланишга, ердан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг (шу жумладан ижарачиларнинг) манфаатларини бузмасликка, атроф-муҳит учун зарарсиз ишлаб чиқариш технологияларини қўллашга ва ўз фаолияти натижасида ҳудуд экологик вазиятининг ёмонлашувига йўл қўймасликка мажбурдирлар.

Ўзбекистон Республикаси транспорт ташкилотлари, ташувчилар, транспорт комплексининг бошқа субъектлари ўзлари фойдаланмаётган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда вақтинча фойдаланиш учун бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Транспорт ташкилотларига фойдаланиш учун берилган ерларни лозим даражада сақлаш ва улардан мақсадли фойдаланиш учун жавобгарлик ушбу ташкилотларнинг раҳбарларига (эгаларига) юкланади.

17-модда. Транспортда мулкчилик шакллари

Ўзбекистон Республикасида автомобиль ва сув транспорти хусусий ва оммавий мулк асосида фаолият юритиши мумкин.

Темир йўл транспортининг мулки давлат, хусусий ва бошқа мулкчилик шаклларида бўлиши мумкин.

Авиация мол-мулки: ҳаво кемалари, аэродромлар, аэропортлар, техник воситалар, ҳаво кемаларнинг парвозларини ташкил этиш, бажариш ва таъминлаш учун зарур бўлган бошқа мол-мулк хусусий ва оммавий мулкчилик шаклларида бўлиши мумкин. Авиация воситаларини эгалик қилиш учун харид қилишда чекловлар белгиланиши мумкин эмас, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ички сув йўллари ва уларда жойлаштирилган кемалар ҳаракатланадиган гидротехник иншоотлар оммавий мулк шаклида бўлиб, ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар томонидан кемалардан фойдаланиш мақсадида ишлатилади.

Дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар ва сиртда жойлашган бошқа сув объектлари умумий фойдаланишдаги ички сув йўллари ҳисобланади, кемалар ҳаракатланиши учун улардан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланган, ёҳуд улар алоҳида сувдан фойдаланишга берилган ҳоллар бундан мустасно.

Юридик ёки жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан фақат давлат мулки объектларига тааллуқли бўлмаган ички сув йўлларидаги сунъий иншоотларга эгалик қилиши мумкин.

Оммавий мулк ҳисобланган ички сув йўлларидаги сунъий иншоотлар, сув сатҳини ўлчайдиган иншоотлар ҳамда сув сатҳи турли даражада бўлган бир сув ҳавзасидан иккинчисига кемаларни ўтказиш учун ишлатиладиган иншоотлардан ташқари, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш учун хусусий шерикга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, шу жумладан беғараз фойдаланиш учун берилиши мумкин.

Транспортнинг барча эгалари тенг ҳуқуқларга эга ва қонун томонидан тенг ҳимоя қилинади, қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай мақсадга эришиш учун ўз мол-мулкидан шахсий эркин фойдаланишга ҳақли. Транспортдаги мулк дахлсиздир, мулкдорга қандайдир товон пули тўланиши ёки тўланмаслигидан қатъи назар, мулк ҳуқуқини мажбурий равишда бекор қилишга йўл қўйилмайди. Мулкни мажбурий бекор қилиш фақат қонунда бевосита назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда жойиздир.

 

18-модда. Транспорт субъектларини кредитлаш ва субсидиялаш

Транспорт ташкилотлари, ташувчилар ва транспорт фаолиятининг бошқа субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ кредит ресурсларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўлида кечикишни бартараф этиш билан боғлиқ энг муҳим лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалардан ажратиладиган кредитлардан фойдаланишда, интеллектуал транспорт тизимларини жорий этишда, транспорт тармоғида, энг аввало, ижтимоий аҳамиятга эга йўловчи ташиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятининг бошқа устувор йўналишларини ривожлантиришда Давлат томонидан имтиёзли фоиз ставкалари белгиланиши мумкин.

Транспортни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги субсидиялар шаклида амалга оширилади:

тарифларнинг давлат томонидан тартибга солиниши натижасида транспорт инфратузилмаси (субъект) эгаси ва ташувчи йўқотган даромадларни қоплаш;

транспорт тузилмаларининг сафарбарлик тайёргарлигини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

транспорт воситаларининг ҳаракатланувчи таркибини, транспорт ускуналарини янгилаш, мамлакат транспорт комплекси инфратузилмасини шакллантириш.

Рентабеллиги амалдаги тартибга солинган тарифлар билан таъминланмайдиган йўловчи ташишни амалга оширувчи транспорт ташкилотлари ва ташувчиларга республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан субсидиялар ажратилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан айрим тоифадаги шахсларга транспорт хизматлари учун имтиёзлар, шу жумладан бепул ҳаракатланиш ҳуқуқларини белгилаш чоғида транспорт ташкилотларининг даромадлари йўқотилиши билан боғлиқ компенсация манбаи аниқланади.

Кемалар қатнайдиган йўллар, шлюзлар фаолиятини таъминлаш бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

19-модда. Транспорт тарифлари

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун ҳисоб-китоблар транспорт тарифлари ёрдамида амалга оширилади.

Тарифлар қуйидагилардан иборат бўлади:

йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш учун ундириладиган тўловлар;

йўловчилар, багаж, юк багажи, почта ва юкларни ташиш билан боғлиқ бўлган қўшимча иш ва хизматлар учун йиғимлар (қадоқлаш, сақлаш, юклаш, тегишли ташувлар ёрдамида турли транспорт воситаларида истеъмолчининг манзилига ёки келгусида тарқатиш учун консигнация терминалига етказиш, вагонларни темир йўлларга етказиб бериш ва тозалаш, станция ичидаги ишлар, юкларни тортиш, вагонларни ювиш ва дезинфекциялаш, номенклатура юкларини қўриқлаш ва бошқа шу каби хизматлар);

Транспорт тарифларининг функционал хусусиятлари қуйидагилардир:

алоҳида транспорт хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ харажатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик;

нархлар шаклланиши ва ўзгаришига таъсир этувчи муҳим омиллар бўйича тарифни  дифференциациялаш;

мижознинг тўлов қобилиятининг тенглиги ва унга хизматлар таркибини танлаш имкониятини бериш;

тарифларнинг шаффофлиги ва барқарорлиги.

Ҳаво транспортида юк, йўловчи, багаж ташиш учун ва ҳаво транспортидаги ташишлар билан боғлиқ хизматлар ва аралаш ташишлар учун ташувчилар фаолиятини таъминлайдиган эркин тарифлар белгиланади. Ҳаво транспортида транспорт хизматларининг айрим турларига қонунда белгиланадиган тартибда тартибга солинадиган тарифлар ўрнатилиши мумкин.

Темир йўл транспортида йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ички йўналишларда ташиш тарифлари юк жўнатувчилар ва йўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Халқаро қатновларда ташиш тарифлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.

Темир йўл транспортида йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш билан боғлиқ қўшимча ишлар ва хизматлар учун тўлов шартнома асосида амалга оширилади.

Автомобилда юк ташиш хизматлари учун тарифлар хизмат кўрсатиш таннархини, транспорт хизматлари бозорида ўртача нархни ва истеъмолчининг тўлов қобилиятини ҳисобга олган ҳолда автомобиль ташувчиси имкониятлари, бозор конъюнктураси, давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланадиган айрим чекловлардан келиб чиқиб, шакллантирилади.

Йўловчи ташиш автомобиль транспортида қуйидагилар амал қилади:

тартибга солинадиган (чекланган) тарифлар – шаҳардаги ташишларда (таксидан ташқари);

эркин тарифлар- автобуслар, микроавтобуслар, енгил автомобилларда шаҳар атрофида, шаҳарлараро (вилоят ичида, вилоятлараро), халқаро йўловчи ташишларда.

Шаҳарда йўловчи ташувлари учун тартибга солинадиган (чекланган) тарифлар транспорт соҳасидаги махсус ваколатли органнинг тақдимномасига биноан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тасдиқланади.

Автомобиль транспортида мунтазам йўловчи ташувлари учун эркин тарифлар йўловчи транспортида хизматларни кўрсатиш мақсадида ташувчи ва транспорт соҳасида махсус ваколатли орган ўртасида тузиладиган шартнома (контракт) асосида белгиланади.

Умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдалангани, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида парвозларни бошқариш ва аэронавигация хизматлари кўрсатилгани учун юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда тўловлар амалга оширилади.

20-модда. Аралаш ташувларда ўтувчи транспорт тарифлари

Ўтувчи транспорт тарифлари – ҳар бир транспорт турида амал қилаётган тарифлар бўйича аралаш ташиш шартномаси тузилган санада транспорт турларининг ҳар бири томонидан йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш юзасидан кўрсатилган хизматлари эвазига олинадиган тўлов суммасидир.

Аралаш ташувларда ўтувчи транспорт тарифлари қуйидагилардан иборат:

йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш эвазига олинадиган тўловлар;

ҳаракатланишнинг умумий логистика занжири бўйлаб юкларни қадоқлаш, сақлаш, юклаш, тегишли транспорт билан турли хил транспорт усуллари ёрдамида етказиб беришдан истеъмолчининг якуний нуқтасигача ёки консигнация терминалигача келгусида ташиш билан. ташиш билан боғлиқ қўшимча операциялар учун тўловлар;

Аралаш транспортда ўтувчи транспорт тарифлари қуйидаги принциплар ёрдамида шаклланади:

Ташишларга тўлаш қобилиятига эга сўровларни ҳисобга олган ҳолда юкларни турлари бўйича дифференциациялаш;

ташишлар масофаси ва йўналишларига қараб, транспорт турларидан (автомобиль, темир йўл, сув транспорти) бирининг муқобил, рақобатбардош йўналишлари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда дифференциациялаш.

ташувчига операцион харажатларни қоплаш ва фойда олиш имконияти;

мижозга транспорт харажатларини қоплаш имкониятини таъминлаш;

сотувлар бозорида ташилаётган товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш;

миллий товар ишлаб чиқарувчилар ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун тарифлар билан замин яратиш;

ишлаб чиқарувчилар ва аралаш ташувларда иштирок этадиган барча транспорт турларида мос равишда нарх ва тарифларнинг паритетлиги, ташувчиларнинг кенгайтирилган ишлаб чиқариш босқичига чиқишини таъминлаш.

4-боб. Ташиш

21-модда. Йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта

ва юк ташиш, транспорт-экспедиторлик хизматларини амалга ошириш

Ташиш – йўловчи, юк, юкбагажи, почта ва юкни жўнатиш пунктидан қабул қилиш пунктига етказишдир.

Ташиш жараёни- транспорт ташувларига тайёргарлик кўриш, уларни амалга ошириш ва якунига етказишда бажариладиган ташкилий ва технологик жиҳатдан бир-бирига боғлиқ бўлган операциялар мажмуи.

Йўловчи, юк, юкбагажи, почта ва юкни ташиш учун олинадиган тўлов миқдори, қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишуви асосида белгиланади.

йўловчи, юк, юкбагаж, почта ва юкни ташиш, транспорт-экспедиторлик операцияларини амалга ошириш шартлари ҳамда томонларнинг ташиш ва транспорт-экспедиторлик операциялари бўйича жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ташиш шартномалари билан белгиланади.

22-модда. Ташувчи, мижознинг мажбуриятлари

Йўловчи, юк, юкбагаж, почта, юкни ташишда ва транспорт-экспедиторлик хизматларини амалга оширишда ташувчи қуйидагиларга мажбур:

ташиш учун махсус рухсатномага эга бўлиш;

мижоз билан белгиланган шаклда шартнома (контракт) тузиш;

тегишли тартибда сертификатланган транспорт воситаларини тақдим этиш;

мижоз ва учинчи шахсга етказилган зарарни, шу жумладан, йўқотилган вақтни пул эквивалентида қоплаб бериш;

йўловчи хавфсизлигини, унга зарур қулайликлар ва хизмат кўрсатиш шароитлари яратилишини, йўловчи томонидан багаж топширилганда эса, багаж ўз вақтида ташилиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш;

ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш;

мижозга транспорт хизматлари бозорида транспортни танлаш эркинлигини таъминлаш;

сертификатланиши мажбурий бўлган жўнатилаётган юкнинг мувофиқлик сертификатини мижоздан талаб қилиш ва олиш;

давлат органларининг ваколатлари доирасида махсус ва ҳарбий ташишларни амалга ошириш бўйича талабларини бажариш;

Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ йўловчилар олдида фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлигини суғурта қилиш;

Алоҳида тоифадаги йўловчиларни бепул ташиш ёки қонунчиликка мувофиқ уларга йўл кира ҳаққи бўйича бошқа имтиёзларни тақдим этиш;

ногиронларга йўловчи ташишлар ва ташувчилар хизматларидан, хизмат кўрсатишга оид маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, уларга ташиш бўйича хизматларни кўрсатишда зарур қулайликлар ва шарт-шароитлар яратиш.

Йўловчи, юк, юкбагаж, почта ва юкни ташишда ва транспорт-экспедиторлик хизматларини амалга оширишда мижоз қуйидаги мажбуриятларга эга:

ташувчи билан тузилган шартнома шартларига риоя қилиш;

сертификатланиши мажбурий бўлган жўнатилаётган юкнинг мувофиқлик сертификатини ташувчига бериш;

ташиш қоидаларини бажариш;

юк ва багажни ташиш учун тайёр кўринишда тақдим этиш.

Йўловчи ташиш қоидаларида белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда ташиш амалга оширилишидан олдин жўнаш пунктига келиши керак. Йўловчи транспортда ўзини тутиш қоидаларига амал қилиши шарт.

Мижоз ва ташувчининг алоҳида мажбуриятлари ташиш шартномасига кўра томонларнинг келишувига асосан белгиланади.

23-модда. Мижознинг, ташувчининг ҳуқуқлари

Йўловчи, юк, юкбагаж, почта ва юкни ташишда ва транспорт-экспедиторлик хизматларини амалга оширишда мижоз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

у ва ташувчи ўртасида тузилган шартнома бажарилишини талаб қилиш;

етказилган зарарни, шу жумладан йўқотилган вақтни пул эквивалентида қоплашни талаб қилиш.

Йўловчи, багаж, юкбагаж, почта ва юкни ташишда ва транспорт-экспедиторлик хизматларини амалга оширишда ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нарх белгилаш қоидаларига мувофиқ ташиш нархларини эркин белгилаш, тартибга солинадиган тарифлар кўзда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

инсон ҳаётига, йўл ҳаракати хавфсизлигига, экология ва санитария меъёрлари бузилишига хавф солувчи ёки бошқа ноқонуний ҳаракатларга сабаб бўлувчи вазиятларда ташишдан бош тортиш;

Мижоз ва ташувчининг алоҳида ҳуқуқлари ташиш шартномасига кўра тарафларнинг келишуви билан белгиланади.

5-боб. Аралаш ташишларни ташкил қилиш

24-модда. Аралаш ташиш

Автомобиль, темир йўл, ҳаво ва сув транспорти транспорт логистикаси тамойилларини қўллаган ҳолда ва транспорт инфратузилмасидан фойдаланиб, аралаш ташиш тизимини ташкил этади.

Мижоз, аралаш ташишлар оператори ва турли хил транспорт ташувчилари аралаш ташишлар иштирокчилари ҳисобланади.

 

25-модда. Аралаш ташишлар соҳасида фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш асослари

 

Аралаш ташишлар соҳасида транспорт фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш қуйидагиларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади:

транспорт комплекси томонидан яхлит, самарали, хавфсиз ва сифатли фаолият кўрсатиш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш;

ҳар хил транспорт турларида ташишни ташкил этишда транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, қишлоқ жойларда мунтазам автобус қатновларининг (рейслар сони) солиштирма ҳажмини орттириш, қишлоқ аҳолиси кенг қатламларининг маиший ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қондириш;

транспорт соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар фаолиятини кенгайтириш ва жадаллаштириш;

истеъмолчилар томонидан аралаш ташиш хизматлари ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида ва тўлиқ олиш;

товарларни етказиб беришда истеъмолчиларнинг харажатларини қисқартириш;

Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини жадал ривожлантириш.

Аралаш ташишлар соҳасидаги фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш қуйидаги йўллар орқали амалга оширилади:

транспорт соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аралаш ташишларни ташкил этиш учун устувор йўналишлар рўйхатини белгилаш;

аралаш ташишларни амалга ошириш ва ташкил этишда иштирок этаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш

 

26-модда. Йўловчиларни аралаш ташиш шартлари

Йўловчилар, багаж ва юкбагажини аралаш ташиш тегишли операцияларни (кўрсатиладиган хизматларни) бажариш учун очиқ бўлган темир йўл вокзаллари ва станциялари, автовокзаллар ва автостанциялар, аэропортлар, дарё портлари ва бошқа транспорт терминаллари орасида амалга оширилади.

Аралаш ташишлар оператори:

ягона ташиш ҳужжатини (ягона чипта ва (ёки) багаж квитанцияси) брон қилиш, сотиш ва расмийлаштириш ишларини амалга оширади;

аралаш ташишларни амалга оширишда иштирок этувчи ташувчилар ва бошқа транспорт ташкилотлари билан аралаш ташиш шартномаси шартларига мувофиқ ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Йўловчи, багаж ва юкбагажини аралаш ҳолда ташиш шартномаси аралаш транспортда иштирок этадиган барча транспорт воситаларида бўш жойлар мавжуд бўлган ҳолларда тузилади.

Йўловчилар (жўнатувчилар) ягона ташиш ҳужжатини (ягона чипта ва (ёки) багаж квитанцияси) расмийлаштиришда аралаш ташишнинг умумий йўли учун йўл кира (багаж, юкбагажи ташиш) тўлайди.

Вазни ва ўлчамлари аралаш ташишда иштирок этадиган транспорт турлари учун амал қиладиган қоидаларда белгиланган багажнинг йўл қўйилган охирги параметрларининг энг кичик оғирлиги ва ҳажмидан ошмайдиган багажни аралаш ташишларда ташишга рухсат берилади.

Аралаш ташиш шартномаси тузилганда, ногирон бўлган йўловчи операторга ташиш чоғида тегишли шароитларни таъминлаш учун ҳаёт фаолиятини чекловчи омиллар ҳақида хабар бериши керак.

Йўловчи аралаш ташишнинг олдинги қисмида ташишни амалга оширган транспорт воситасининг кечикиши сабабли бошқа трнанспорт воситасига чиқиш пунктига кечикса, кейинги ташувчилар йўловчини, юкни ва юкбагажини бўш ўринлар мавжуд бўлган аралаш ташиш шартномасида назарда тутилган маршрут бўйлаб ташишни амалга оширувчи транспорт воситасига қабул қилишлари шарт.

 

27-модда. Юкларни аралаш ташишни амалга ошириш шартлари

Мижоз аралаш транспорт операторига маълум бир маршрут бўйича юкларни ташишга буюртма билан мурожаат қилади, ягона товар-транспорт юкхатини (ягона коносамент) тўлдириш ва ташишни амалга ошириш учун зарур бўлган юк ва уни ташиш шартлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этади;

Аралаш ташиш оператори:

мижоз билан аралаш ташиш шартномасини тузади;

транспорт турларини ва аралаш ташишнинг оптимал йўналишини танлайди (улар мижоз билан тузилган шартномада назарда тутилмаган бўлса);

ҳар хил транспорт турлари ташувчилари билан ўзаро ҳамкорлик шартномасини тузади.

Оператор юк мижоздан аралаш ташишда иштирок этаётган биринчи ташувчига ўзига ажратилган йўналиш бўйлаб ташиш учун топширилишини ташкил қилади.

Ўзаро ҳамкорлик шартномасида назарда тутилган кейинги ташувчиларга юкларни топшириш ишлари оператор томонидан йўналишнинг умумий йўли давомида ташкил этилади ва назорат қилинади.

Юк белгиланган жойга етиб боргач, охирги ташувчи етказиб берилган юкни аралаш ташиш шартномасига мувофиқ юк келиши ҳақида ўз вақтида хабардор этилган ва ягона товар-транспорт юкхатида (ягона коносамент) кўрсатилган шахсга беради.

Мижоз аралаш ташиш шартномаси қоидаларига мувофиқ аралаш ташиш операторидан ташишни тўхтатишни ёки юкни қайтаришни талаб қилиши, ёҳуд бошқа кўрсатма беришни мумкин.

Мижоз йўналишни, етказиб беришнинг охирги пунктини, юк қабул қилувчини ўзгартириш, юк ташишни тўхтатиб туриш ёки аралаш юкларнинг дастлабки шартномасининг бошқа муҳим шартларини ўзгартириш тўғрисида  қўшимча харажатларга сабаб бўлган кўрсатма берган бўлса, мижоз ушбу харажатларни қоплайди.

Аралаш ташиш шартномасини ўзгартириш бўйича мижознинг барча кўрсатмалари ёзма равишда ва аралаш ташиш шартномасида белгиланган муддат ичида амалга оширилиши керак.

Юк аралаш ташишга қабул қилиш бўйича эълон қилинган муддатдан сўнг ташувчилар томонидан қабул қилинган тақдирда, ташиш шартларини ўзгартириш (сақлаш, қайта йўналтириш, ташиш тўлови ортиши) харажатлари, аралаш ташишда ўзаро ҳамкорлик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ташувчи ҳисобидан амалга оширилади.

Сув транспортида ташишлар фақат навигация даврида амалга оширилади, дарё портлари аралаш ташиш операторларини унинг муддатлари ҳақида олдиндан хабардор қилади.

28-модда. Аралаш ташиш шартномаси

Аралаш ташиш шартномаси аралаш ташиш оператори ва мижоз (юк жўнатувчи, юк олувчи, йўловчи, фрахтловчи) ўртасида аралаш ташишни амалга ошириш учун тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

мижоз ва аралаш ташиш операторининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

мижоз ва аралаш транспорт операторининг жавобгарлиги;

ягона товар-транспорт юкхатини тўлдириш тартиби (ягона коносамент);

етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

етказиш пунктлари;

юклар ҳажми;

тўлов нархи ва тартиби;

томонларнинг келишувида кўзда тутилган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган аралаш ташишни ташкил этишнинг бошқа шартлари.

Аралаш ташишда йўловчини ташиш шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади Аралаш ташишда йўловчини ташиш шартномаси тузилиши йўловчининг аралаш қатновда ҳаракатланиши ҳуқуқини тасдиқловчи ягона чипта билан, багаж ва юкбагажини топшириш – аралаш ташишнинг багаж квитанцияси билан тасдиқланади.

Аралаш ташиш оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусиятлари, вазни ва умумий ўлчов параметрлари бўйича аралаш ташиш шартномасида кўрсатилган юк ҳақидаги маълумотларга мос келмайдиган юкни аралаш ташишдан бош тортиш;

мижоз (жўнатувчи, қабул қилувчи, йўловчи, фрахтловчи) томонидан аралаш ташиш шартномасида кўрсатилган етказиш пунктига енгилмас куч туфайли юкни етказиб бериш имкони бўлмаса, аралаш ташишдан воз кечиш ва жўнатувчига юкни қайтариб бериш, уни бу ҳақда олдиндан хабардор қилиш. Шу билан бирга, шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, аралаш ташиш операторининг қўшимча харажатлари юк жўнатувчи (қабул қилувчи) томонидан қопланади;

мижоздан аралаш ташиш шартномаси бўйича мажбуриятлар керакли даражада бажарилишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларида ва аралаш ташиш шартномасида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.

Аралаш ташиш оператори қуйидагиларга мажбур:

йўловчи, багаж, юкбагажи ва юкни турли хил транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда жўнаш пунктидан етказиш пунктига ташишни ташкил этиш;

етказиш пунктида йўловчига багаж ва юкбагажи топширилишини ташкил этиш;

шартномада белгиланган муддатларда юкни қабул қилиш;

юк ташишнинг ҳар бир босқичида юк ҳаракатланиши мониторингини таъминлаш;

юк йўл давомида бут сақланишини, белгиланган муддатларда етказиб берилишини ва қабул қилиш ваколати берилган шахсга (юк қабул қилувчига) берилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида ва аралаш ташиш шартномасида назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

Мижоз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

йўналиш маршрути, транспорт таркиби ва турлари ҳақида маълумот олиш;

аралаш ташиш операторидан аралаш ташиш шартномаси бўйича мажбуриятларни тўғри бажарилишини талаб қилиш;

ёзма равишда ҳужжатларга асосланган далиллар тақдим этилганда аралаш ташишда етказилган зарар қопланишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларига ва аралаш ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.

Мижоз қуйидагиларга мажбур:

аралаш ташиш операторига аралаш ташиш шартномасида кўрсатилган барча тўловларни тўлаш;

аралаш ташиш шартномасида кўрсатилган муддатга мувофиқ аралаш ташиш операторига юкни тақдим этиш;

қонун ҳужжатларида ва аралаш ташиш шартномасида назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

 

29-модда. Аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаси

Аралаш ташишда ўзаро ҳамкорлик шартномаси аралаш ташиш оператори ва ушбу ташувларда иштирок этувчи турли хил транспорт ташувчилари ўртасида тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

аралаш ташишга жалб қилинган аралаш ташиш оператори ва ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

аралаш ташишни амалга ошириш шартлари ва тартиби;

тўлов нархи ва тартиби;

ташувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва транспорт воситасининг бир туридан иккинчисига йўловчини/юкни ўтказиш тартиби;

ягона ташиш ҳужжатини (чипта, багаж квитанцияси, ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) тўлдириш тартиби;

ташиш/етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

аралаш ташишда томонларнинг келишувида кўзда тутилган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ўзаро ҳамкорликнинг бошқа шартлари.

Аралаш ташиш оператори ҳуқуқлари:

ташувчининг транспорт воситаси ўз хусусиятлари, вазни ва ўлчам параметрлари бўйича аралаш ташишда ўзаро ҳамкорлик шартномасида кўрсатилган юк параметрларига мос келмаса, ташувчига аралаш юк ташишни рад этиш;

енгиб бўлмас куч сабабли товарни мижоз томонидан белгиланган янги жойга етказиш имконияти бўлмаган тақдирда, аралаш ташишдан воз кечиш ва юкни жўнатувчига қайтариб беришни таъминлаш, бу тўғрисида уни олдиндан хабардор қилиш. Ташувчининг қўшимча харажатлари агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, аралаш ташиш оператори томонидан қопланади;

Аралаш ташиш оператори ва ташувчи ўртасида тузиладиган аралаш ташишда ўзаро ҳамкорлик шартномаси бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажаришини талаб қилиш;

ёзма равишда ҳужжатларга асосланган далиллар тақдим этилганда аралаш ташишда етказилган зарар қопланишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларига ва аралаш ташиш шартномасига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.

аралаш ташиш оператори қуйидагиларга мажбур:

юкни ташувчига белгиланган муддатларда топшириш;

қонун ҳужжатларида ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномасида назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

аралаш ташиш оператори  қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусиятлари, вазни ва умумий ўлчов параметрлари бўйича аралаш ташиш шартномасида кўрсатилган юк ҳақидаги маълумотларга мос келмайдиган юкни аралаш ташишдан бош тортиш;

юкни келгусида ташиш юкнинг бутлигига ва ташиш хавфсизлигига хавф туғдирса, юкни транспортдан тушириш;

қонун ҳужжатларида ва аралаш ташиш ҳамкорлик шартномасида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиш.

аралаш ташиш ташувчиси қуйидагиларга мажбур:

аралаш ташиш операторига йўналиш маршрути, аралаш ташиш учун транспорт таркиби ва турлари тўғрисида маълумот тақдим этиш;

аралаш ташиш операторига ташишнинг тегишли участкасида йўловчи, багаж, юк ва юкбагаж жойлашувини кузатиб бориш имкониятини яратиш;

йўналишнинг унга тегишли бўлган қисмида йўловчи, багаж ва юкбагажни ташишда хавфсизлик хавфи юзага келгани ва ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича у томондан кўрилган чоралар тўғрисида аралаш ташиш операторига дарҳол хабар бериш, шунингдек, аралаш ташиш операторидан олинган кўрсатмалани бажариш;

юкни қабул қилаётганда ягона товар-транспорт юкхатида (ягона коносамент) юк ва уни қадоқланиш борасидаги ёзувларнинг ва бошқа маълумотларнинг тўғрилигини текшириш;

транспорт воситасини юклашнинг белгиланган меъёрларига риоя қилиш, ташиш хавфсизлигини ва юкларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун юкларни жойлаштириш ва маҳкамлашни назорат қилиш;

юкни аралаш ташишда ҳамкорлик шартномасида белгиланган муддатда кейинги аралаш ташиш ташувчисига ёки юкни олишга ваколат берилган шахсга (юк олувчига) топшириш;

қонунчиликда ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномасида назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олади.

30-модда. Аралаш ташиш ва Аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаларини тузиш

Аралаш ташиш ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигига ва ушбу Қонунга мувофиқ тузилади.

Ушбу Қонунда назарда тутилмаган аралаш ташишни ташкиллаштириш қоидалари аралаш ташиш ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаларида аралаш ташиш иштирокчиларининг келишуви бўйича белгиланади.

Аралаш ташиш оператори ва ушбу ташувларда иштирок этувчи турли хил транспорт ташувчилари ўртасида тузилган аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаси аралаш ташиш оператори ва мижоз ўртасида аралаш ташиш шартномаси тузилгандан кейин тузилади.

Мижоз аралаш ташиш ташкиллаштирилгани ва амалга оширилгани учун тўловни аралаш ташиш шартномасига мувофиқ аралаш ташиш операторига тўлайди.

Аралаш ташиш оператори аралаш ташишда ҳамкорлик шартномасига мувофиқ аралаш ташишнинг барча иштирокчилари билан ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Юк ташиш учун тўланадиган ҳақ, қўшимча йиғимлар ва юкларни аралаш ташиш натижасида келиб чиқадиган бошқа тўловлар аралаш ташиш шартномаси ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаси билан белгиланади.

31-модда. Ягона чипта ва (ёки) багаж квитанцияси

Ягона чипта ва (ёки) багаж квитанцияси йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ташишда иштирок этадиган транспорт турларида амал қилувчи қоидаларда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар асосида аралаш ташиш давомида йўловчининг умумий ҳаракатланиш йўли учун қоғозда ёки электрон шаклда расмийлаштирилади.

Ягона чипта ва (ёки) багаж квитанциясининг шакллари транспорт соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Ягона чипта қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади: йўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми; йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг тури ва рақами; жўнаш, етиб бориш ва бошқа транспортга ўтиш пунктлари; жўнаш пунктидан кетиш, белгиланган жойга етиб бориш ва бошқа транспортга ўтиш вақти; аралаш ташишни амалга оширишда иштирок этадиган ташувчиларнинг номлари; йўл ҳақи (шу жумладан транпорт турлари бўйича); қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотлар.

Багаж квитанциясида қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлади: йўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми; ягона чипта рақами; жўнаш, етиб бориш ва юкни бошқа транпорт воситасига ортиш пунктлари; жўнаш пунктидан чиқиш, етиб бориш пунктига ва юкни бошқа транпорт воситасига ортиш пунктларига келиш вақти; аралаш ташишни амалга оширишга жалб қилинган ташувчиларнинг номи; ташиш нархи; қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотлар.

32-модда. Ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент)

Хизматларни тақдим этиш ва аралаш ташиш шартномаси шартларини бажариш ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) билан тасдиқланган бўлиб, у аралаш ташиш оператори ва юк ташувчилар томонидан аралаш ташиш ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномалари ва аралаш ташишда ташувчи шартномаси шартларига мувофиқ юклар етказиб бориш пунктигача етказиш учун ўз зиммаларига қабул қилинганини тасдиқлайди.

Ягона товар-транспорт юкхатини (ягона коносамент) тўлдириш шакли ва тартиби транспорт соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан тасдиқланади.

Ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) аралаш ташишда юкларни қабул қилиш жойида тузилади.

Ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) тўрт нусхада тузилади: биринчи нусхаси аралаш ташишдан олдин имзолангандан сўнг мижозга топширилади; иккинчи нусхаси аралаш ташишдан олдин имзолангандан сўнг аралаш ташиш операторида қолади; учинчи нусхаси аралаш ташиш билан шуғулланувчи биринчи ташувчига берилади ва келгусида аралаш ташиш билан шуғулланувчи кейинги ташувчига топширилади, шунингдек ташувчилар ва фойдаланаётган транспорт воситаларининг сонидан қатъи назар, у бутун йўналиш бўйлаб юк билан изма-из боради; тўртинчи нусха учинчи нусха билан бирга бориб, етказиб бериш вақтида имзолангандан сўнг юкни қабул қилувчига топширилади.

Аралаш ташиш оператори ва мижознинг қарорига биноан ягона товар-транспорт юкхати (ягона коносамент) нусхаси сони ўзгартирилиши мумкин.

Ягона товар-транспорт юкхатини (ягона коносамент) тўлдириш шакли ва тартиби транспорт соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан тасдиқланади.

33-модда. Аралаш ташиш учун тўлов, зарар миқдори

ва уларни аниқлаш тартиби

Аралаш қатновда юкларни ташиш учун тўлов, аралаш ташиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, юкларни автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув ёки бошқа транспорт турлари билан ташиш масофаси учун олинади,

Аралаш ташишда ташиш чоғида йўналишнинг умумий йўли учун тўловларини ҳисоблаш аралаш ташиш шартномаси тузилган санада амал қилган, тарифлар, тўловлар ва йиғимлар бўйича амалга оширилади.

Аралаш ташиш оператори ва аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчилар харидорга транспортнинг кечикиши билан боғлиқ вазиятда етказилган зарар учун жавобгар бўлади, бундай ҳолат ўрин олган бўлса.

Юкларни етказиб бериш муддати кечикиши натижасида юзага келган зарар мижознинг учинчи шахслар олдидаги шартномавий мажбуриятлари билан белгиланган миқдорда, етказилган зарарни, шу жумладан фойда бой берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мижоз томонидан тақдим этилганда аралаш ташиш оператори томонидан мижозга, ташувчи томонидан эса аралаш ташиш операторига қопланади, агар аралаш ташиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса.

Юк ташиш кечикиши билан боғлиқ зарарлар, унинг йўқолишига, етишмаслигига ёки шикастланишига сабаб бўлмаган бўлса, аралаш ташиш оператори томонидан мижозга ва муддат бузилишига йўл қўйган ташувчи томонидан аралаш ташиш операторига аралаш ташиш ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаларига мувофиқ юкларни етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ зарарлар қопланади

34-модда. Йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ва юкни етказиб бериш муддати

Аралаш ташиш оператори ва аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчи транспорт уставлари, кодекслар ёки аралаш ташиш ва аралаш ташишда ҳамкорлик шартномаларида белгиланган муддатда йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ёҳуд юкни белгиланган жойга етказишга мажбур.

Йўловчини ташиш ташувчининг айби билан кечиктирилганда, ташувчи йўловчига харид қилинган чипта нархидан ошмаган суммада жарима тўлайди.

Ташиш кечиктирилгани бўйича жарима суммасини аниқлаш тартиби қонунчиликда кўзда тутилган тартибда белгиланади.

Аралаш ташиш оператори ва аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчи агар кечикиш уларнинг айби билан содир бўлмаса, йўловчи, багаж, юкбагажи, почта ёҳуд юкни етказиб беришда юзага келган кечикиш учун жавобгарликдан озод этилади.

Ташувчи рейслар ўн соат ёки ундан ортиқ вақт давомида кечиккан ҳолларда йўловчиларга, ногиронларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўз ҳисобидан меҳмонхонадан жой ажратиши ва озиқ-овқат билан таъминлаши шарт.

Йўловчининг илтимосига биноан унга расмий ҳужжат берилади ёки ташишнинг кечикиши сабаби тўғрисида чиптада белги қўйилади.

6-боб. Транзит

35-модда. Юкларни транзит ташишни ташкил қилиш ва хусусиятлари

Транзит юкларни транзит ташиш – Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали келиш пунктидан кетиш пунктигача транзит юкнинг ҳаракатланишидир, бундай ҳаракатланиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бошланган ва тугайдиган йўлнинг бир қисми бўлса.

Транзит юкларни ташиш барча турдаги транспорт воситалари ёрдамида уларнинг инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда транзит юкларни ташиш шартномаси асосида ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг талаблари ҳисобга олиниб амалга оширилади.

Транзит махсус юклар ва ҳарбий контингентларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ташиш махсус юклар ва ҳарбий контингентлар транзити соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро шартномаларга (келишувлар) мувофиқ амалга оширилади.

Транзит юкни бир турдаги транспортдан бошқасига юклаш (ортиш)  топшириш ҳужжатлари асосида амалга оширилади. Шу билан бирга, товарга оид ҳужжатлар йўлнинг бошидан охиригача юк билан бориши керак.

Айрим транзит юкларни ташиш шартларида улар билан тегишли операциялар бажарилиши талаб этилса (юкни тушириш, қайта ортиш, ажратиш ва шунга ўхшаш операциялар), бундай юклар транзит юклар мақомини сақлаб қолади.

Тўғридан-тўғри халқаро қатновда ҳаракатланаётган транзит юклар ташувчи томонидан тақдим этилган транспорт воситаларига қайта ортилади (тушириб, бошқасига ортилади).

Ташувчи томонидан транспорт воситалари транзит ташиш оператори (юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи, экспедитор) билан тузилган шартнома асосида тақдим этилади.

Транзит ташиш оператори билан шартнома тузилгандан сўнг, ташувчилар транзит ташиш операторларидан транзит юк ташишга буюртма олганда ушбу буюртмаларни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга эмаслар, зарур транспорт воситалари мавжуд бўлмаган ёки улар бошқа ташишлар учун жалб этилган ёки таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вазиятлар, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно.

Транзит юкларни ташиш учун буюртмалар, табиий офатлар, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, тинчликни сақлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш ёҳуд ўқув машғулотларини ўтказиш учун зарур бўлган ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган маҳсулотлар, шунингдек, тез бузиладиган товарлар (шу жумладан тиббиёт маҳсулотлари) ҳамда тирик ҳайвонлар, радиоактив материаллар, портловчи моддалар, халқаро почта жўнатмалари, экспресс юклар, халқаро ташишда транспорт воситаларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш ва (ёки) таъмирлаш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, двигателлар, сарфлаш материаллари, таъмирлаш ускуналари ва воситаларидан кейин биринчи навбатда бажарилади.

Юклар божхона транзитининг божхона тартибига мувофиқ ҳаракатланса транзит юклар билан амалга ошириладиган тушириш, қайта ортиш ишлари ва бошқа операциялар жўнаш пунктидаги божхона органи ёки тегишли юк ташиш операцияси амалга оширилаётган ҳудуддаги божхона органи рухсати билан амалга оширилади, ушбу модданинг ўн биринчи қисмида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг ўнинчи қисмида кўрсатилган юклар ва халқаро ташиш транспорт воситалари билан бажариладиган операциялар божхона пломбалари ва муҳрларини шикастламасдан амалга оширилиши мумкин бўлса ёҳуд юкларга божхона пломбалари ёки муҳрлар туширилмаган бўлса, бундай операциялар божхона органи ёзма ва (ёки) электрон шаклда хабардор қилингандан кейин бажарилади.

Транзит юклар ва транзит юкларни ташиш учун мўлжалланган халқаро ташиш транспорт воситалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва божхона қонунчилигига мувофиқ божхона назоратидан ўтказилади.

Транзит юкларнинг ветеринария, фитосанитария ва давлат назоратининг бошқа турлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Транзит юклар ва транзит юкларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, божхона қонунчилиги ва ушбу модданинг ўн олтинчи қисмига мувофиқ вақтинча сақлаш омборларига жойлаштирилиши мумкин бўлади.

Транзит юк ва халқаро ташиш транспорт воситаларининг божхона текшируви фақат ушбу модданинг ўн олтинчи қисмида кўрсатилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.

Халқаро ташиш учун мўлжалланган транзит юк ва транспорт воситаларининг божхона текшируви Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги бузилиши хавфи аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган юк мавжуд бўлганда, шунингдек ушбу Қонуннинг 38-моддасида кўрсатилган ҳолларда, пломбалар, муҳрлар ва идентификациялашнинг бошқа воситалари мавжуд бўлмаганда ёки бузилганда амалга оширилиши мумкин.

Божхона транзитининг божхона тартиб-қоидаларига мувофиқ транзит юкларини жойлаштирган тақдирда, божхона транзитининг божхона тартиб-таомилини амалга ошириш учун транзит юкларни чиқариш муддати, шу жумладан ушбу юкларни божхона текшируви муддати божхона декларациясини рўйхатдан ўтказиш кунидан кейинги бир иш кунидан ошмаслиги керак.

Транзит юкларни транзит ташиш оператори томонидан тузиладиган Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ташишни ташкил этиш бўйича шартнома транзит ташувлари операторининг вазифаларини бажариш учун зарур бўлган юк эгаси (юк жўнатувчи), шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйича транзит юкларни ташиш шартномалари ташувчилар билан транзит ташиш оператори томонидан тузилади, оммавий шартномалар ҳисобланади.

Транзит юкларини транзит транспорт коридори бўйлаб транспорт воситаси турига ва ташиш масофасига қараб ташиш муддати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги, халқаро шартнома ва келишувларига мувофиқ белгиланади.

Транзит юкларни ташиш муддати тўғрисидаги маълумотлар ушбу Қонуннинг 40-моддасида кўрсатилган транзит транспорт коридорининг паспортига киритилади.

36-модда. Транзит юклар учун ҳужжатлар

Транзит юклар Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб қоғоз ёки электрон шаклда тузилган ташиш ва тижорат ҳужжатлари бўйича (ҳисоб-фактура (инвойс), спецификация, юк ташиш ва қадоқлаш варақалари ҳамда ташқи савдо ва бошқа фаолиятни амалга оширишда фойдаланиладиган бошқа ҳужжатлар) ташилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган транспорт ҳужжатларида транзит ташиш оператори “транзит” штампини қўяди.

Транзит декларацияси сифатида ташиш, тижорат ва (ёки) халқаро шартномаларда белгиланган бошқа ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.

37-модда. Алоҳида транзит юкларга нисбатан чекловлар

Ўзбекистон Республикаси, унинг фуқаролари ҳаёти ва саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида алоҳида транзит юклар, шу жумладан ҳарбий маҳсулотларга нисбатан тақиқлар ёки чекловлар, шунингдек халқаро шартномаларда белгиланган санитария, ветеринария-санитария ва карантин фитосанитария чоралари ва радиация талабларини қўллаш мумкин.

38-модда. Транзит юкларни ташишни ташкил қилиш шартномаси

Транзит ташиш оператори, юк эгаси (юк жўнатувчи) ёки у ваколат берган шахснинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган транзит юкларни ташишни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома билан белгиланади.

Транзит юкларни ташишни ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ транзит ташиш оператори белгиланган муддатларда юк эгаси (юк жўнатувчи) томонидан топширилган транзит юкни манзилга етказиб бериш ва уни транзит юкни қабул қилиш учун ваколат берилган шахсга (юк қабул қилувчига) топшириш мажбуриятини зиммасига олади, юк эгаси (юк жўнатувчи) эса транзит юкни шартли ҳажмда ташишга тақдим этиш ва шартнома бўйича белгиланган ҳақ тўлаш мажбуриятини зиммасига олади.

Транзит юкларни ташишни ташкил этиш шартномасида транзит юкларнинг ҳажми, транзит юкларни ташиш маршрути, транзит ташиш операторининг шартномада белгиланган хизматларни кўрсатиш учун учинчи шахсларни жалб этиш, транспорт, божхона ва транзит юкларни ташиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш ваколатлари, ҳисоб-китоблар тартиби, шунингдек транзит юкларни ташишни ташкил этишнинг бошқа шартлари белгиланади;

Транзит юкларни ташишни ташкил этиш шартномасида томонларнинг шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлиги белгиланади.

Транзит ташиш оператори шартномада белгиланган юк жўнатувчи томонидан унга берилган ваколатлар доирасида шартномада кўрсатилган барча хизматларни, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит юк ташишни шартномада белгиланган муддатларда ва юкнинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга ошириши шарт.

Транзит ташиш оператори ва юк эгаси (юк жўнатувчи) фуқаролик қонунчилигига мувофиқ транзит юкларни (товарларни) ташишни ташкил этиш шартномасини бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурталашга ҳақлидир.

39-модда. Транзит транспорт коридорлари

Транзит транспорт коридорлари транзит юкларни уларнинг энг юқори концентрацияси йўналиши бўйича халқаро қатновда ташиш учун Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимидан фойдаланишни оптималлаштириш мақсадида ташкил этилади.

Транзит транспорт коридори пунктлари халқаро ташишда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва юкларни ташишнинг белгиланган маршрутига риоя этилиши устидан масофадан туриб назорат қилишни таъминловчи ахборот ва техник воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Ҳар бир транзит транспорт коридорига транспорт соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан транзит транспорт коридорининг паспорти тузилади, унга қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар киритилади:

транзит транспорт коридорининг тури;

транзит транспорт коридорининг бошланғич, якуний ва оралиқ пунктлари номи;

транзит транспорт коридорининг масофаси;

транзит юкларни ташиш муддати ҳақида маълумот;

транзит транспорт коридорининг технологик хусусиятлари ва транспорт соҳасида махсус ваколатли орган томонидан белгиланадиган бошқа маълумотлар;

давлат назоратини амалга оширишнинг технологик схемалари.

Транзит транспорт коридорининг бошланғич ва якуний пунктлари Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтиш пунктлари ҳисобланади.

Транзит транспорт коридори транспорт соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан юритиладиган транзит транспорт коридорлари реестрига киритилади.

Транзит транспорт коридорлари реестрига киритиладиган маълумотлар “Интернет” ахборот-телекоммуникация тармоғида транспорт соҳасида махсус ваколатли органнинг расмий сайтига жойлаштирилади.

40-модда. Транзит юк ва ҳужжатларни идентификация қилиш

Юклар олиб кириш ва олиб чиқиш божхона пунктларидан транзит ўтишида юклар транзити тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган операцияларни амалга оширишга йўл қўймаслик мақсадида транзит юклар ва ҳужжатлар идентификация қилинади.

Транзит юк ва ҳужжатлар идентификацияси божхона қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

41-модда. Транзит юкларни бошқа транзит воситаларига қайта юклаш (тушириб, бошқасига ортиш)

Товарларни транзит ташишда уларни бир транзит воситасидан бошқасига қайта ортиш, шунингдек, йиғиш, ажратиш, бирлаштириш, қадоқлаш ва қайта қадоқлаш, вақтинчалик сақлаш мумкин. Мазкур операциялар божхона назорати зоналарида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юкни бир транспорт воситасидан бошқасига ортиш ташиш, омборга жойлаштириш, юк партияларини кичик партияларга ажратиш, транзит юкларини катта партияларга бирлаштириш, қадоқлаш ва қайта қадоқлаш, бундай юкларни ташиш усулини ўзгартиришга кейинги ташишни техник жиҳатдан таъминлаш ва ушбу ташишнинг тижорат мақсадларига  мувофиқлиги мақсадида йўл қўйилади.

Транзит юклар, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, йўл-транспорт ҳодисалари ёки транзит воситаларидан келгусида фойдаланиш имконсизлигига олиб келган бошқа авария ҳолатлари юзага келган ҳолларда, бир транспорт воситасидан бошқасига қайта юкланиши мумкин.

42-модда. Транзит юкларни ташишни назорат қилиш

Транзит юкларни ташиш устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтиш пунктларида ваколатли давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Назорат давомида транзит юк ва транзит воситаларининг божхона, санитария, ветеринария, фитосанитария, радиология, экология талабларга мувофиқлигини текширилади ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган назоратнинг бошқа турлари амалга оширилади.

Транзит юкларни ташиш устидан назоратни амалга оширишнинг мажбурий шартлари:

давлат назорат расмиятчиликларини амалга оширувчи барча хизматлар томонидан ҳар томонлама, бир вақтнинг ўзида барча турдаги назоратни амалга ошириш;

ваколатли органлар ходимлари назорат ўтказишини ва ҳаракатларини аниқ тартибга солиш;

малакали ходимлар томонидан назорат қилиш функцияларини белгиланган муддатларда бажариш;

сертификатланган назорат воситаларидан фойдаланиш;

жонли ҳайвонларни, тез бузиладиган маҳсулотларни, трансплантларни, биоматериалларни, махсус тиббий дори-дармонларни ташишда тезлаштирилган ва устувор назорат тартиби.

Ваколатли давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари назорат бўйича ўз ваколатларини бошқа шахсларга топшира олмайди.

 

7-боб. Транспорт логистикаси

43-модда. Транспорт логистикаси тамойиллари

Транспорт логистикаси тамойиллари:

қонунийлик;

мижозлар эҳтиёжларига йўналтирилганлик;

хавфсизлик;

бут сақлашлик;

тартиб-тамоилларнинг бирлиги;

тенг имкониятлар;

глобал транспорт-логистика тизимига интеграцияланганлик.

 

44-модда. Транспорт-логистика марказлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бажариладиган операцияларга қараб халқаро ва минтақавий транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.

Халқаро транспорт-логистика марказлари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган юк ва транспорт воситалари билан амалга ошириладиган операцияларни, шу жумладан божхона қонунчилигига мувофиқ божхона ва чегара операцияларини ўз ичига олган текширувларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Минтақавий транспорт-логистика марказлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юк ва транспорт воситалари билан операцияларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Транспорт-логистика марказларини техник жиҳозлаш бўйича намунавий талаблар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

 

8-боб. Транспорт хавфсизлиги

45-модда. Транспорт хавфсизлигини таъминлашнинг

мақсади ва асосий вазифалари

Транспорт хавфсизлигини таъминлашнинг мақсади – транспорт комплексининг хавфсиз ва барқарор ишлашидан иборатдир.

Транспорт хавфсизлигини таъминлашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни аниқлаш;

транспорт хавфсизлигини ахборот, моддий-техник ва илмий-техник жиҳатдан таъминлаш;

транспорт воситалари ва транспорт инфратузилмаси объектларини тоифалаш;

транспорт хавфсизлигининг хавф ва таҳдидларини аниқлаш;

транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида назоратни амалга ошириш;

транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш;

транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш;

эҳтимоли бўлган ноқонуний аралашув ҳаракатларини прогнозлаш;

транспорт хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

46-модда. Транспорт хавфсизлигини таъминлаш

Транспорт инфратузилмаси объектларининг хавфсизлигини таъминлаш, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, транспорт ташкилотлари ва ташувчиларга юклатилади.

Хавфсизлиги фақатгина давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъминланадиган транспорт инфратузилмаси объектлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Транспорт хавфсизлиги талабларига амал қилиниши устидан давлат назорати транспорт ташкилотлари ва ташувчилар томонидан транспорт хавфсизлиги талаблари бажарилишини текшириш мақсадида амалга оширилади.

Транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат назорати транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

47-модда. Транспорт инфратузилмаси ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш

Транспорт инфратузилмаси объектларининг заифлигини баҳолаш транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларини ноқонуний аралашув ҳаракатлари таҳдидидан ҳимоя қилинганлиги даражасини аниқлашдан иборат.

Транспорт инфратузилмаси ва транспорт воситалари объектларининг заифлигини баҳолаш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади.

Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш транспорт хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш натижалари транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан тасдиқланади.

Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотлар тарқатилиши чекланган маълумотдир. Ушбу Қонуннинг 47-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларининг заифлигини баҳолаш натижалари ҳақидаги маълумот давлат сирларини ташкил этувчи маълумот ҳисобланади.

48-модда. Транспорт инфратузилмаси ва транспорт воситалари объектларини тоифалаш

Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларини тоифалаш ноқонуний аралашув ҳаракатлари содир этилиши хавфи даражасини ва унинг эҳтимоли бўлган оқибатларини ҳисобга олган ҳолда уларни муайян тоифаларга ажратиш ҳисобланади.

Транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситалари тоифаларининг миқдори ва уларни тоифалаш мезонлари  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган тартибда белгиланади.

Транспорт инфратузилмаси обектлари ва транспорт воситаларини тоифалаш транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Тоифаланган объектлар транспорт хавфсизлигини таъминлаш соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан юритиладиган транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситалари реестрига киритилади.

49-модда. Транспорт хавфсизлиги соҳасида ахборот таъминоти

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ахборот билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлган транспорт хавфсизлигини таъминлашнинг ягона давлат ахборот тизими яратилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот тизими, шу жумладан, йўловчилар тўғрисидаги автоматлаштирилган марказлаштирилган шахсий маълумотлар базасидан иборат.

Йўловчилар тўғрисидаги автоматлаштирилган марказлаштирилган шахсий маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш,
шунингдек, улардаги маълумотларни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасига халқаро ташувларни амалга оширувчи хорижий давлатнинг транспорт ташкилотлари ёки ташувчилари ташиш ҳужжатларида (чипталарда) мавжуд бўлган маълумотларни қонунчиликка мувофиқ йўловчилар тўғрисидаги шахсий маълумотларни автоматлаштирилган марказлаштирилган маълумотлар базаларига ўтказишни таъминлайди.

50-модда. Транспортда текшириш

Терроризмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган таҳдид даражасига қараб,  транспорт инфратузилмаси объектларига ташриф буюрадиган йўловчилар ва шахслар, уларда мавжуд бўлган нарсалар, шу жумладан қўл юки ва багаж текширилиши керак.

Йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни, шунингдек, транспорт инфратузилмаси объектларига ташриф буюрадиган шахсларни, уларнинг нарсаларини, шу жумладан қўл юки ва багажини текшириш тартиби ва талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Текширилмайдиган шахсларнинг, шунингдек транспорт инфратузилмаси объектларига олиб кириш тақиқланган моддалар ва ашёларнинг текширувлари амалга ошириладиган транспорт инфратузилмаси объектлари рўйхатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

51-модда. Фавқулодда вазиятларда транспорт ишини ташкил этиш

Табиий, ижтимоий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда транспорт ташкилотларининг шартномавий муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ фавқулодда вазиятларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун тўхтатилиши мумкин.

Транспорт ташкилотлари, ташишлар операторлари ва ташувчилар
ижтимоий, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, фавқулодда ҳолат режими шароитида транспорт ишини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўриши шарт.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари транспорт ташкилотлари, ташишлар операторлари ва ташувчиларга инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига, табиий атроф муҳитга, ташишлар хавфсизлиги ва юк бутлигига таҳдид соладиган ҳалокатлар, авариялар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради.

Табиий, ижтимоий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, фавқулодда ҳолат жорий этилганда транспорт ташкилотлари, ташиш операторлари ва ташувчиларнинг харажатлари сафарбарлик тайёргарлиги тадбирларини, фуқаро муҳофазаси тадбирларини, шунингдек, авария-қутқарув ва кечиктириб бўлмайдиган ишларни таъминлаш билан боғлиқ харажатлари  Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Темир йўл, автомобиль, ҳаво, сув, шаҳар йўловчи ташиш транспорти фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган турли тўсиқларни келтириб чиқариш йўли билан транспорт коммуникацияларини қасддан блокировка қилиш учун жавобгарлик қонун ҳужжатларида белгиланади.

Транспорт воситаларининг тўсиқсиз ва узлуксиз ишлашини бузишга қаратилган қасддан транспорт коммуникацияларини ишдан чиқариш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар оқибатида транспортга етказилган зарарлар транспорт ташкилотлари, ташиш операторлари ва ташувчиларга қонунда белгиланган тартибда айбдор шахслар томонидан қопланади.

52-модда. Юк ва транспорт объектларини муҳофаза қилиш 

 

Транспорт ташкилотлари, ташиш операторлари, ташувчилар юк ва багаж ташишга қабул қилинган пайтдан бошлаб олувчиларга беришгача улар бут сақланишини таъминлайди, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса.

Юкларни ва транспорт объектларини муҳофаза қилиш ҳарбийлашган қўриқчилик идоравий хизматлари (бўлинмалари) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ҳарбийлашган қўриқчилик идоравий бўлинмалари ўқ отиш қуроллари ва махсус воситалар билан таъминланади. Қурол ва махсус воситалардан фойдаланиш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Энг муҳим транспорт обектлари ва махсус юкларни қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия махсус бўлинмалари, шунингдек, ҳарбийлашган қўриқчилик махсус хизматлари томонидан амалга оширилади.

53-модда. Транспортда хавфсизлик ва экология меъёрларини таъминлаш

 

Транспорт инфратузилмаси объектларига мажбурий хавфсизлик талаблари, уларни назорат қилиш усуллари, шунингдек уларнинг мувофиқлигини баҳолаш шакли техник тартибга солиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларда белгиланади.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар фуқароларнинг ҳаёти ва саломатлиги, транспорт воситаларидан фойдаланиш, юк ташиш ва парвозлар хавфсизлиги, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини тўғридан-тўғри таъминлайдиган ишчилар тегишли касбий тайёргарликка эга бўлишлари ва соғлигига кўра ўз вазифаларини сифатли бажаришга лаёқатли бўлишлари керак. Мазкур ходимлар, шунингдек, зарарли ва хавфли меҳнат шароитларида ишлаётган ходимлар белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтишлари керак.

Транспорт воситалари ҳаракати амалга оширилаётган ҳамда манёвр ва юк ортиш-тушириш ишлари олиб бориладиган метро, вокзал, бекат, порт, пристань, аэропортлар, транспорт ташкилотлари, йўловчи платформалари, темир йўл ва сув йўллари хавфи энг юқори бўлган ҳудудлар бўлиб, зарурат бўлганда улар ҳимоя қилинади ва техник назорат воситалари билан жиҳозланади. Жисмоний шахсларнинг ва объектларни хавфи юқори бўлган ҳудудларда жойлаштириш, уларда ишлар олиб бориш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Хавфли юкларни ишлаб чиқариш, сақлаш, юклаш, ташиш ва тушириш амалга ошириладиган объектлар умумий фойдаланиш жойлари, иншоотлар, турар-жой массивлари, табиий ҳудудлар ва махсус қўриқланадиган объектлардан уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайдиган масофага кўчрилиши керак. Кўрсатилган объектлардан умумий фойдаланиш жойлари, иншоотлар, турар-жой массивлари, табиий ҳудудлар ва махсус қўриқланадиган объектлар, автомобиль йўллари ва темир йўллари кесишадиган жойлардаги умумий фойдаланиш қувурлари, алоқа линиялари, электр узатиш ва бошқа иншоотларигача бўлган минимал масофа, шунингдек, автомобиль йўллари ва умумий фойдаланиш йўллари билан кесишиш ва яқинлашиш жойларида қурилиш ва таъмирлаш меъёрлари техник тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларда белгиланади.

Автомобиль йўллари ва темир йўл йўлларини кесиб ўтадиган ёки уларга яқин жойлашган газ, нефть қувурлари ва бошқа иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланиш ўрнатилган меъёрларни таъминлаш, шунингдек кўрсатилган иншоотлардан фойдаланиш хавфсизлиги учун уларнинг эгалари жавобгардирлар.

Ушбу иншоотларнинг эгалари транспорт ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари ва транспортда ташувлар хавфсизлиги назорати бўйича давлат бошқарув органларига ҳаракат хавфсизлигига таҳдид қилувчи авария ҳолатлари бўйича ўз вақтида хабар беришлари шарт.

Автомобиль ва темир йўл йўллари учун ажратилган чизиғ доирасида жойлашган транспорт иншоотлари реконструкцияси билан боғлиқ бўлган коммуникацияларни қайта жиҳозлаш коммуникациялар эгалари томонидан ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Хавфли юкларни қўриқлаш ва кузатиш бутун ҳаракатланиш йўли давомида юкларни жўнатувчи ёки қабул қилувчилари томонидан амалга оширилади. Бундай юкларни жўнатаётган ва қабул қилаётган транспортда ташиладиган хавфли ва махсус юклар эгалари бундай юкларни қабул қилиш, фавқулодда вазиятлар ва авариялар оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган маблағлар ва мобиль қурилмаларини жалб қилган ҳолда, уларни ташиш, юклаш ва тушириш хавфсизлигини кафолатлаши керак.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар хавфли ва махсус юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаши ва ушбу юкларни ташиш пайтида авариялар юзага келган ҳолларда уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этишлари шарт.

Хавфли юкларни ташиш соҳасида юзага келадиган муносабатлар хавфли юкларни ташиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини ҳамда темир йўл транспортидан ва ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа техник воситалардан фойдаланиш қоидаларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларда транспорт ташкилотларини лойиҳалаштириш ва қуриш ҳамда ер ости иншоотларини ётқизиш тақиқланади. Истисно тариқасида, ушбу ишларга геология ва ер қаърини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг рухсати билан йўл қўйилади.

Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириши, ташкил этиши ва молиялаштириши, атроф-муҳит ва ер қаърини муҳофаза қилиш соҳасида ишлаб чиқариш ва идоравий назоратни олиб бориши, атроф-муҳитни, ҳаво ҳудудини, сув ҳавзаларини, ерларни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича, атроф муҳитга максимал даражада йўл қўйилган юкланишни тартибга солувчи бошқа мезонлар бўйича белгиланган меъёрларга риоя этилишини таъминлаши шарт.

Атроф-муҳитга етказилган зарар учун ташувчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ишлари транспорт воситаларининг ҳаракати ва транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган транспорт ходимларининг айрим тоифалари транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш вақти, дам олиш ва бошқа меҳнат шароитларининг хусусиятларига риоя қилишлари шарт.
Транспорт ташкилотлари ва ташувчилар транспорт воситаларининг ҳаракати билан боғлиқ ва ноқулай иш шароитида ишлайдиган ишчиларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этишлари шарт. Бундай лавозимлар ва ишларнинг рўйхати, шунингдек тиббий кўрикдан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Бошқа давлатларнинг транспорт фаолияти билан боғлиқ бўлган республика ҳудудида транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлиги масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, халқаро шартномалар ва битимлар билан тартибга солинади.

 

9-Боб. Транспортда жавобгарлик, шикоят ва даъволар

 

54-модда. Ташувчининг ва аралаш ташиш иштирокчиларининг жавобгарлиги.

 

Транспорт фаолияти субъектлари ўртасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни чеклаш ёки бартараф этиш тўғрисидаги битимлар ҳақиқий эмас деб топилади, бундай битимларни тузиш мумкинлиги халқаро шартномаларда, шунингдек транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ташувчи юклар, багаж ва почта жўнатмаларини ташиш учун қабул қилинган пайтдан бошлаб ва қабул қилувчига топширгунга қадар хавфсизлигини таъминлайди.

Ташувчи юкни йўқотиш, етишмаслиги ёки шикастланиши учун юкнинг йўқолиши, етишмаслиги ёки шикастланиши унинг айби билан содир бўлмаганини исботлай олмаса, жавобградир.

Аралаш ташишларда аралаш ташувлар оператори юкнинг йўқолиши, етишмаслиги ёки шикастланиши, етказишда кечикиш унинг айби билан содир бўлмаганини исботлай олмаса, юкнинг йўқолиши, етишмаслиги ёки шикастланиши, етказишда кечикиш учун, шунингдек қонунчиликка мувофиқ шартномани бажаришга жалб қилинган ўз ходимлари ёки учинчи шахсларнинг ҳаракатлари ва хатолари учун мижоз олдида жавобгардир.

Аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчи юкни йўқотиш, етишмаслиги ёки шикастланиши, етказишда кечикиш учун юкнинг йўқолиши, етишмаслиги ёки шикастланиши, етказишда кечикиш унинг айби билан содир бўлмаганини исботлай олмаса, юкни ташиш учун қабул қилинган пайтдан уни бошқа ташувчига узатиш ёки мижоз ёҳуд экспедиторга топширишгача бўлган муддатда оператор олдида жавобгардир.

Юк ёки багаж ташиш ёки багаж пайтида етказилган зарар қуйидаги ҳолларда қопланади:

йўқотилган ёки етишмаган ҳолларда – йўқолган ёки етишмаётган юк ёки багаж қиймати миқдорида;

юк ёки багаж шикастланган ҳолларда – уларнинг қиймати пасайишига олиб келинган сумма миқдорида, шикастланган юк ёки багажни тиклаш имконияти бўлмаганда – уларнинг тўлиқ қиймати миқдорида;

юк ёки багаж ўз қийматини эълон қилган ҳолда ташишга топширилган тақдирда, юк ёки багажнинг эълон қилинган қиймати миқдорида.

Ташувчи томонидан тузилган юк ёки багажнинг сақланмаслиги сабаблари тўғрисидаги ҳужжатлар (тижорат, умумий шаклдаги далолатнома ва бошқа ҳужжатлар), аралаш ташишларда эса – аралаш транспорт оператори ёки аралаш юк ташишда иштирок этувчи ташувчи томонидан бир томонлама, низо юзага келган тақдирда, суд томонидан юк ёки юкни жўнатувчи ёки қабул қилувчининг жавобгарлиги учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар билан бир қаторда суд томонидан баҳоланиши керак.

Агар ташувчи, аралаш ташувларда  эса аралаш ташувлар оператори ва аралаш ташувларда иштирок этаётган ташувчи жавобгар бўлган зарар натижасида юк ёки багаж сифати ўз вазифаси бўйича қўлланилиши мумкин бўлмаган ҳолатда ўзгарган бўлса, юк ёки багажни олувчи ундан воз кечиб, унинг йўқолиши учун товон талаб қилишга ҳақли.

Юк ёки багаж йўқолган ёки етишмаган ҳолларда ташувчи, аралаш ташишда эса мижозга (жўнатувчига, қабул қилувчига, йўловчига, юк ташувчига) аралаш транспорт оператори ва аралаш юк ташиш билан шуғулланадиган ташувчи, аралаш транспорт оператори, қайтариб бериш тўлови билан бирга йўқолган юк ёки багажни ташиш учун тўловни қайтаради.

Рўйхатдан ўтган багаж ёки юк, ташувчи тан олган ҳолатда, аралаш ташишларда эса аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчи томонидан аралаш ташишлар амалга оширилганда ёки ушбу юк ёки багаж етказиб бериш муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида ташиш манзилига келмаган бўлса, йўқолган деб ҳисобланади. Шу билан бирга, агар юк ёки багаж белгиланган муддат ўтгач келган бўлса, қабул қилувчи юкни қабул қилишга ва юк ёки багажни йўқотиш учун ташувчи томонидан тўланган суммани қайтаришга ҳақлидир, аралаш юкларда эса багаж ёки юкни йўқотиш учун сумма мижоз (жўнатувчи, қабул қилувчи, йўловчи, фрахтловчи) томонидан аралаш ташувчи операторга, ёҳуд аралаш ташувчи оператор томонидан ташувчига қайтарилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан ташувчининг ва аралаш юк ташувлар иштирокчилари жавобгарлигининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

 

56-модда. Мижознинг жавобгарлиги

 

Йўловчилар, юк ёки багажни жўнатувчи ва қабул қилувчилар айби билан бошқа шахсларга, ташувчининг мол-мулкига ва ташувчи жавобгар бўлган бошқа шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Ташувчи ёки ташиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги, ноаниқлиги ёки тўлиқ эмаслиги учун ташувчи жавобгар бўлган бошқа шахсга етказилган зарар учун юк жўнатувчи зиммасига жавобгарлик юкланади.

Юк жўнатувчи ташиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги, ноаниқлиги ёки тўлиқ эмаслиги сабабли юзага келиши мумкин бўлган барча зарар учун ташувчи олдида жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, юк жўнатувчилар ва қабул қилувчилар  ташиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғри, тўлиқ бўлмагани ва ноаниқлиги учун юзага келиши мумкин бўлган барча зарарлар учун ташувчи олдида жавобгардир.

 

56-модда. Йўловчининг ўлими ёки соғлиғига зарар етказилган ҳолларда ташувчининг жавобгарлиги

Ташувчи зиммасига ташиш вақтида йўловчи ўлими ёки соғлиғига зарар етказилиши оқибатида келиб чиққан зарар учун фуқаролик жавобгарлиги юкланади, агар зарар жабрланувчи томонидан қасддан қилинган ҳаракатлар ёки енгиб бўлмас куч натижасида келиб чиққанини исботламаса.

57-модда. Йўловчилар, багаж, юкбагажи, почта ва юкларни ташиш бўйича шикоят ва даъволар

Ташувчига, аралаш ташиш чоғида эса аралаш ташиш операторига ёки аралаш ташишда иштирок этувчи ташувчига ташиш билан боғлиқ низолар бўйича даъво келтиришдан аввал, шикоят тақдим этиш мажбурийдир.

Ташувчига нисбатан даъво ва шикоят аризаларини бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек даъво ва шикоятларни кўриб чиқиш хусусиятлари қонун билан белгиланади.

58-модда. Транспорт соҳасида назорат

Транспорт соҳасида давлат назорати Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунига ва транспорт соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Транспорт соҳасидаги қонун ҳужжатларига, транспорт воситаларидан фойдаланишда ҳаракат хавфсизлиги ва экология талабларига риоя этилишини назорат қилиш транспорт соҳасидаги махсус ваколатли орган, транспортда ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат бошқаруви органлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган ваколати доирасида бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

 

10-боб. Якуний қоидалар

59-модда. Низоларни ҳал қилиш

Транспорт соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

60-модда.Транспорт ҳақидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Транспорт ҳақидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

61-модда. Ижро этиш, етказиш, тушунтириш ишларини таъминлаш

Транспорт соҳасида махсус ваколатли орган ва бошқа манфаатдор ташкилотлар мазкур Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ва аҳоли ўртасида мазмун-моҳияти тушунтирилишини таъминласин.

62-модда. Қонунчиликни мазкур қонунга

мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилишини таъминласин.

63-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                       Ш. Мирзиёев

Размер шрифта
Контраст
Click to listen highlighted text!