Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазирлиги расмий сайтида қатор интерактив хизматлар жорий этилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
24.12.2019 7068 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида расмий веб-сайтда қатор янгиликлар жорий этмоқда.

Энди фойдаланувчилар интерактив хизматлар бўлимининг ҳаракатлар жадвали категорияси орқали Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ва Самарқанд халқаро аэропортлари парвозлар жадвалини реал вақт режимида кузатиб бориш имкониятига эгадирлар. Ҳозирда ушбу бўлим орқали юқоридаги иккита аэропортнинг халқаро ва маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлари тўғрисида батафсил маълумот олиш мумкин. Яқин вақт орасида эса қолган барча халқаро аэропортлар парвозлар жадвалини ҳам кузатиб бориш имконияти яратилади.

Шунингдек, ушбу бўлимдан йўловчилар “Тошкент” автовокзалидан амалга оширилаётган шаҳарлараро ва халқаро йўналишлардаги автобус қатновлари тўғрисида ҳам маълумотлар олиши мумкин. Электрон билетлар бўлимида эса “Тошкент” автовокзалидан ҳаракатланаётган шаҳарлараро маҳаллий йўналишлардаги автобус қатновларига чипталарни онлайн харид қилиш мумкин. Ҳозирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан чипталарни онлайн харид қилиш имкониятини тақдим этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари ушбу бўлимда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг маҳаллий ва халқаро йўналишлардаги поездлар ҳаракат жадвалини ҳам кузатиш имконияти мавжуд.  

Автотранспортда халқаро юк ташувлари билан шуғулланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида эса хорижий/кўп томонлама рухсатномаларга миллий ташувчилардан буюртмаларни онлайн тарзда қабул қилиш тизими йўлга қўйилди. Халқаро йўналишда юк ташиш учун лицензияга эга бўлган ташувчилар энди Республикамизнинг исталган ҳудудидан, ўзи учун қулай бўлган вақтда аризаларни электрон тарзда жўнатиш имконига эгадир.

2020 йилнинг январь ойидан эса автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошриш учун лицензия ва лицензия карточкаларини электрон шаклда расмийлаштириш тизими ишга туширилади.