Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Жамият тақдирини хавфга қолдираётган “уддабурон” ҳайдовчилар

Чоп этиш Саҳифани улашиш
20.04.2020 5089 Yangiliklar

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, 2020 йил 27 март кунидан бошлаб вилоятлараро ҳаракатланиш барча транспорт воситалари (енгил автотранспорт, автобус, авиа ва темир йўл) учун тўхтатилди.

Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир фуқаронинг саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган.

Республика махсус комиссияси томонидан ўрнатилган ушбу чеклов чораларига қарамасдан, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлар томонидан ўз ҳаёти ва атрофдагиларнинг саломатлигини хавф остига қўйиб, карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари ҳам афсуски учраб турибти.

Хусусан, жорий йилнинг 16 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Буюк Турон” МЧЖ га тегишли ҳудудда "Mercedes-benz" русумли давлат рақам белгиси 85 380 УАА бўлган автобус ҳайдовчиси карантин туфайли ўрнатилган чеклов чораларига қарамасдан, ўзбошимчалик билан 45 нафар йўловчиларни Сурхондарё вилоятига, “EAST LINE TOUR” МЧЖга тегишли бўлган “YUTONG” русумли давлат рақами белгиси 80 038 НАА бўлган автобус ҳайдовчиси эса 45 нафар йўловчини Бухоро вилоятига етказиб қўйиш мақсадида тўплаб турганлиги аниқланди.

2020 йилнинг 17 апрель куни эса соат тахминан 19: 20 ларда Тошкент-Нукус йўналишида ҳаракатланиб келаётган “YUTONG” русумли, давлат рақами 10 351 ТВА бўлган автобус Оқолтин тумани ҳудудидан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 919 километрида жойлашган “Сардоба” ЙПХ масканида вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда Транспорт вазирлигининг Сирдарё ва Тошкент вилояти Автомобиль ташувларини назорат қилиш бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда тўхтатилган вақтида автобус салонида 51 нафар йўловчи ва 2 нафар ҳайдовчи борлиги аниқланди.

2020 йил 18 апрель куни эса Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидан ўтган М–39 автомобиль йўлида ўтказилган рейд тадбирлари давомида “МИРОНШОХ ГРАНД ТРАНС” МЧЖга тегишли “YUTONG” русумли давлат рақам белгиси 01 314 ВФА бўлган автобус ҳайдовчиси ўзбошимчалик билан йўловчиларни Қорақалпоғистон Республикасига олиб кетаётганлиги маълум бўлди.

Карантин туфайли ўрнатилган чеклов чораларига қарамасдан ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан Транспорт вазирлиги автобиль ташувлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекторлари, ИИВ ЙҲХБ ҳамда Санитария-епидемиология назорати давлат инспекцияси ходимлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда баённомалар расмийлаштирилиб, транспорт воситалири жарима майдончасига, йўловчилар эса карантинга олинди.

Шу ўринда Транспорт вазирлиги йўловчи ташиш фаоляти билан шуғулланувчи тадбиркорларни карантин қоидаларига қатъий амал қилишга, вақтинчалик ўрнатилган чеклов чораларини тўғри баҳолаган ҳолда ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмасликка чақириб қолади.