Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Тадбиркорлар учун тезюрар юк поездлари ҳақида маълумот

Чоп этиш Саҳифани улашиш
25.04.2020 6496 Yangiliklar

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ юк ташиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришни давом эттирмоқда ҳамда кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси ва қўшни Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида темир йўл транспорти орқали юк ташишлари фаол ривожланмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маҳаллий экспорт қилувчилар учун қўшимча қулайликлар яратди, хусусан, Афғонистоннинг Ҳайратон станциясига тезюрар юк поездларининг мунтазам равишдаги қатновини ташкил этди. Юк поездининг бир қисми пойтахтда шакллантирилади ва йўналиш бўйлаб ҳудудларда ҳам шаклланган экспорт юки ортилган вагонлар ҳам мазкур поездга бириктирилади.

Оддий қилиб айтганда, олдинлари Тошкентдан Афғонистонга жўнатилган вагон 5-6 кун ичида етказиб бериларди. Эндиликда эса тадбиркорлар буюртмаларини расмийлаштириб, Тошкентдан Хайратон (Афғонистон) станциясига икки кун ичида юкларни тезюрар юк поездларида етказиб берилади.

Шу билан бирга, жорий йил 16 апрелда таркибида 14 вагони бўлган биринчи тезюрар юк поезди Афғонистонга юборилган бўлиб, йўналиш бўйлаб яна қўшимча равишда экспортбоп маҳсулот юкланган 36 та вагон бириктирилди. Бугунги кунга қадар бу каби 4 та поезд ташилган бўлиб, улар экспортга йўналтирилган миллий иқтисодиёт товарлари юкланган жами 218 вагонни ташкил этди.

Эътиборлиси, мазкур поезд ҳафтасига уч маротаба қатнайди. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ  барча турдаги юкларни турли хил вагон, контейнер, цистерна ва ҳоказоларни тақдим этади. Тўлов ҳар қандай қулай тўлов усулида амалга оширилади, шу билан бирга транспорт тарифи ўзгаришсиз қолади.

Юкларни ташиш бўйича барча маълумотлар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ расмий веб-сайтида мавжуд. Шунингдек, савол билан +998-90-938-40-00 рақами орқали Телеграм-мессенжери чатига ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.