Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Тошкент давлат транспорт университети Франция таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
01.07.2020 8954 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси кўмагида Европада авиация соҳасидаги энг катта ўқув юрти ҳисобланган Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби (ENAC – École nationale de lʼaviation civile) ҳамда Тулуза бизнес мактаблари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, келажакда юртимизда авиация соҳаси учун малакали учувчилар, етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида видеомулоқот ташкил этилди.

Ушбу видеомулоқотда Франциянинг Фуқаролик авиацияси миллий мактаби, Тулуза бизнес мактаби ҳамда «Airbus» компаниясининг вакиллари билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасидаги истиқболли режалар муҳокама қилинди.

Видеомулоқотда Франциядан ENAC мактабининг директори ўринбосари – халқаро ишлар бўйича директор Николас Касалис, ENAC учувчилар мактаби директори Тери де Баскиа, Тулуза бизнес мактабининг авиация соҳасида бизнес бошқаруви магистратураси йўналишини мувофиқлаштирувчи директори Кристоф Бенароя, Ўзбекистон Республикасидан Транспорт вазирининг ўринбосарлари Жасурбек Чориев ҳамда Акмал Мирзаев, Ўзбекекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси Сардор Рустамбаев, Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳманов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Муҳокамалар якунида бир қатор йўналишларда меморандум тузишга келишиб олинди. Хусусан, Тошкент давлат транспорт университетида ўқув базасини яратиш, фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш юзасидан бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма дастурлар тузиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, учувчиларни тайёрлаш мақсадида талабалар академик мобиллик дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчиларни Фуқаролик авиацияси миллий мактабида малака ошириш ва стажировка дастурлари бўйича ўқишга юбориш назарда тутилаётир.