Гендер – хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳат ҳисобланади.
Гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини англатади.
Гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари
- Қонунийлик;
- Демократия;
- Очиқлик;
- Ошкоралик.
Давлат хизматидаги раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши Ўзбекистон қонунчилиги билан кафолатланган.
- Давлат органларининг кадрлар хизматлари зиммасига давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юклатилади.
- Бола туғилиши муносабати билан она ҳам, ота ҳам ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Болани парваришлаш бўйича таътилнинг давомийлиги ота-онанинг ихтиёрига кўра улар ўртасида бўлиниши мумкин, бунда ота-она таътилдан уни қисмларга бўлган ҳолда фойдаланиши мумкин.
- Агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди.