Бугунги кунда Транспорт вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларида аёллар ва эркаклар учун барча меҳнат шароитлари яратилган, улар тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланмоқда.
Ишга қабул қилиш, ходимларни жойлаштириш ва тенг меҳнат шароитларини яратиш соҳасида
Вазирлик ишга қабул қилишда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларини кафолатлайди. Транспорт соҳасида жами 10168 нафар ходим меҳнат қилади, шундан 3597 нафари (35 фоиз) аёллар, 6571 нафари (65 фоиз) эркаклардир.
Транспорт вазирлиги марказий аппаратида жами 153 нафар ходим ишлайди. Фаолият юритиб келаётган ишчиларнинг 26 нафари (17 фоизи) аёллар, 127 нафари (84 фоизи) эркаклардир.
Тенг имкониятлар яратилган. Транспорт вазирининг 2021-йил 1-апрелдаги 69-сон буйруғи билан Кадрларни танлаш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш тизими тўғрисидаги низом, шунингдек, 2023-йил 2-августдаги 137-сонли буйруғи билан Кадрлар танлаш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш тизими тўғрисидаги низом тасдиқланган. Очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаш жараёни, унинг асосида ишга қабул қилишнинг шаффофлиги таъминланади.
2023-йилда Транспорт вазирлиги марказий аппаратига ишга қабул қилиш ва бўш турган лавозимларга тайинлаш бўйича 43 та танлов ўтказилди. Ушбу миқдордаги ўринларга 2000 дан ортиқ ариза топширилган. Ушбу танловлар меритократия, очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланади.
Тест синовларидан 31 нафар номзод ўтди. Шундан 23 нафар мутахассис тегишли лавозимларга ишга қабул қилинди.
Айни пайтда вазирлик марказий аппарати ва таркибий бўлинмаларида 13 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда. Транспорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ходимларнинг айрим тоифалари учун назарда тутилган қўшимча кафолатлар ва имтиёзлар қўлланилади.
Хусусан, ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёлларни ишга жойлаштириш кафолатлари, аёлларга йиллик таътил, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари тартибини белгилашда бериладиган имтиёзлар, ҳомиладор ва болали аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш сўзсиз қўлланилади.
Транспорт тизимида меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ҳолатини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тизимли аноним сўров ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, ходимлар кун давомида ўз фаолиятини тўғри режалаштириши учун вақтни бошқаришнинг янги замонавий моделларидан фойдаланиш тарғиб қилинмоқда.
Айни пайтда вазирликда иш ходимларни бошқариш бўйича замонавий тизим -КПИ асосида ташкил этилиб, ҳар бир ходимнинг фаолияти индивидуал равишда баҳоланмоқда. Бу ўз навбатида иш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади.
Транспорт вазирининг 2020-йил 11-майдаги 87-сон буйруғига мувофиқ Транспорт вазирлиги ҳузурида аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилган.
Кенгашнинг асосий вазифаси марказий аппаратда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий билимини ошириш, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда кўмаклашишдан иборат.
Гендер тенглик маданиятини тарғиб қилиш йўлида
Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-562-сонли “Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган материаллар тўплами тайёрланди, вазирлик ходимларига ҳуқуқий тарғибот ишларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш мақсадида ахборот-маърифий тадбирлар олиб борилмоқда.