Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5647-сон Фармони билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилди.
Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
Вазирликнинг ваколатлари ва вазифалари юқоридаги қайд этилган Фармон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4143 сонли қарори билан белгилаб берилган.
Вазирлик унга юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда унинг тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар ва идоравий мансуб ташкилотлар орқали амалга оширади.
Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
1) транспортнинг барча турларини Ўзбекистон Республикаси ягона транспорт тармоғига интеграциялаштириш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида биргаликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;
2) транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;
3) халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;
4) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
5) бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
6) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, фойдаланувчилар манфаатини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлаш;
7) транспорт соҳасида назоратни амалга ошириш, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этиш ва амалга ошириш;
8) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобидан жаҳон транспорт хизматлари бозорида Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини таъминлаш;
9) транспорт соҳасидаги жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этиш.
Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) транспортнинг барча турларини Ўзбекистон Республикаси ягона транспорт тармоғига интеграциялаштириш ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланиш асосида биргаликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш соҳасида:
транспорт ва йўл хўжалигини ривожлантириш, транспорт соҳасининг самарадорлиги ва жозибадорлигини ошириш, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
соҳалар ва ҳудудларнинг комплекс, истиқболли ва илмий асосланган режасини ҳисобга олган ҳолда, транспорт ва йўл хўжалигини ривожлантиришнинг транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги вазифаларни изчил ва тизимли ҳал этишни таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни ўз ичига олган узоқ муддатли келажакка мўлжалланган консепцияларини ишлаб чиқади;
транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганишни ташкил этади ва ўрганиш натижалари асосида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, Марказий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида йўловчилар ва юк оқимини оптималлаштириш йўлларини излаш, миллий транспорт коммуникациялари орқали халқаро ва минтақавий транзитни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни таъминлайди;
халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш, мамлакатнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматлари учун харажатларини минималлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва чора-тадбирларни амалга оширади;
идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, улар фаолиятини иқтисодий таҳлил қилади, мазкур ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда уларнинг самарали ишлашини таъминлайди;
экспорт ҳажмларини ошириш ва импортни оптималлаштириш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш доирасида, транспорт ва йўл хўжалиги корхоналарининг экспорт-импорт тартиб-таомиллари мониторингини амалга оширади;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ягона техник сиёсатни амалга оширишни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига биноан ҳамда шахсий ташаббусига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун киритади;
фаолиятнинг белгиланган соҳасига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди;
идоравий мансуб ташкилотларнинг техник тартибга солиш борасида улар фаолияти соҳасига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, амалдаги халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва янгиларини ташкил этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритади;
вазирлик ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектларнинг транспорт турлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, ривожлантириш дастурлари, тармоқларни ривожлантириш бўйича транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги фаолиятга оид бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини келишади;
ўз ваколати доирасида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикасининг транспорт ва йўл хўжалигини ривожлантириш самарадорлиги халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш тадбирларини ишлаб чиқади;
б) транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш соҳасида:
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида транспорт хизматлари бозорида соғлом рақобатбардош муҳитни шакллантириш ва миллий компаниялар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ягона тариф сиёсатини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасида транспорт соҳасида бозор муносабатларини янада ривожлантириш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, аҳоли ва ташкилотларга кўрсатилаётган транспорт хизматларига тарифларни шакллантиришнинг асосий йўналишлари, концептуал ёндашувларини белгилайди;
тарифларни шакллантириш ва қўллаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани, жумладан, халқаро қонунчилик ва стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштиради;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида тариф сиёсати, ставкалар ва йиғимлар масалаларини тартибга солиш, мувофиқлаштириш ва келишишда иштирок этади;
ташувчи компаниялар билан ҳамкорликда халқаро тарифлар бўйича йиғилишлар ва конференциялар ўтказиш доирасида таклифларни ишлаб чиқади;
аэронавигация хизматларини кўрсатишда ҳаво маконидан фойдаланувчилар эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайди;
автомобиль ташувлари йўналишларини тендер бўйича амалга ошириш механизмларини жорий этади, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар йўналишларида хизмат кўрсатиш ҳуқуқини берувчи намунавий контрактларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
в) халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш соҳасида:
транзит салоҳиятини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ўтувчи транзит йўлакларининг рақобатбардошлигини ошириш юзасидан таклифларни тайёрлаш йўли билан ягона транзит сиёсатини амалга оширади;
логистика тизими самарадорлигини ошириш, логистика самарадорлигининг халқаро рейтингларида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларига харажатларини минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
мавжуд транспорт йўлакларини диверсификациялаш ва истиқболлиларини ривожлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
мультимодал ташувларни ривожлантириш борасида стратегия ишлаб чиқади;
г) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш соҳасида:
давлат-хусусий шерикликни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
тармоқни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаган ҳолда, транспорт ва йўл хўжалигининг яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган Инвестицион дастурларни шакллантиради ва улар ижроси ҳолатини мониторинг қилади;
транспорт ва йўл хўжалиги рақобатбардошлиги ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Транспорт ва йўл хўжалиги инвестиция дастурларини амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди ва масалаларни ишлаб чиқади;
д) бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ягона ахборот-коммуникация сиёсатини амалга оширади, транспорт ва йўл хўжалиги корхоналарининг рақамли иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идоралари билан биргаликда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари бўйича ишларни мувофиқлаштиради;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ягона ахборот платформаларини яратишда иштирок этади;
е) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга ошириш, фойдаланувчилар манфаатини ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, аэродромлар ва аэропортлар, вокзаллар, темир йўллар ва транспорт инфратузилмасининг бошқа объектларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва фойдаланиш масалаларининг комплекс ечимини таъминлаш соҳасида:
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида замон талабларига жавоб берадиган инфратузилмани яратишга қаратилган ягона техник сиёсатни амалга оширади;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида экологик хавфсизликни таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради;
йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва қурилмаларини ишлаб чиқариш соҳасида техник тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилади;
транспорт ҳамда йўл хўжалигини техник жиҳатдан ривожлантириш, ташувлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ишларни амалга оширади;
ж) транспорт соҳасида назоратни амалга ошириш, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатлар бўйича текширувларни ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:
йўловчилар, багаж ва юк ташиш қоидаларига риоя этиш, йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлиги, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини таъминлаш, йўловчилар йўналишларида транспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши, белгиланган ҳаракат жадвали ва оралиқларига риоя этилишини тизимли назорат қилишни ташкил этади;
қонунчиликда белгиланган тартибда:
автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ва юк ташиш;
темир йўл транспортида ички ва халқаро йўналишларда йўловчилар ва юкларни ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни (лицензия варақаларини) беради;
рухсатнома ҳужжатлари шартлари ва лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилади, белгиланган тартибда берилган лицензиялар ва рухсатнома ҳужжатларининг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш чораларини кўради;
кемаларни рўйхатдан (қайта рўйхатдан) ўтказиш, кемаларни қуриш, улардан фойдаланиш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлашда кўрикдан ўтказишни амалга оширади;
кемаларга кема гувоҳномалари ва чипталар, тоифа гувоҳномалари, сузишга яроқлилик гувоҳномалари ва кемачиликни тартибга солиш қоидаларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни беради;
автомобиль транспортида йўловчилар ва юк ташиш билан шуғулланувчи юридик шахслар ходимларига, шунингдек, темир йўл транспорти ташкилотлари, марказлари ва корхоналарида янги лавозимга тайинланган раҳбарлар ва масъул бошқарув ходимларига қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини аттестациядан ўтказади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида авиация ҳодисалари ва фуқаро авиацияси ҳамда экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва тўқнашувларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатларни техник суриштирув-тергов ишларини ташкил этади ва амалга оширади;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ҳудудидаги фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемалари билан юз берган авиация ҳалокатлари ҳамда тўқнашувларни, шунингдек, йўловчи поездлари таркиблари билан юз берган авария ва ҳалокатларни суриштирув-тергов қилиш ишларида белгиланган тартибда иштирок этади;
тергов, шу жумладан транспорт корхоналари ва ташкилотлари томонидан ўтказилаётган текширув ишларининг белгиланган муддатларда ва холисона олиб борилишини, фуқаро авиацияси ва экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисалар, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатларнинг тўғри таснифланишига риоя этилиши ва уларни ҳисобга олган ҳолда назорат қилади;
Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ҳамда экспериментал ҳаво кемаларидаги ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисаларни, шунингдек, темир йўл ва дарё транспортидаги авария ва ҳалокатларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
биринчи навбатда, Фавқулодда вазиятлар давлат тизими (кейинги ўринларда ФВДХ деб аталади), ҳарбий бўлинмаларнинг қутқариш тузилмалари, кучлари ва воситалари ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ҳамда эвакуация тадбирларини амалга ошириш учун юкларни ташишни таъминлайди;
ФВДХ, автотранспорт хизмати ва автойўл хизматларининг функционал кичик тизимлари фаолиятига раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикасига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб автомобиль ва темир йўл транспортида транзит ҳаракатланаётган хавфли ва махсус юкларни ташишнинг энг қисқа масофаси тартибини белгилашда иштирок этади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси давлат чегараси орқали ўтиш пунктларини реконструкция қилиш ва кўчириш тўғрисидаги таклифларини келишишни амалга оширади;
з) транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобидан транспорт хизматлари жаҳон бозорида Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини таъминлаш соҳасида:
Вазирлик ваколатига тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада ифода этади;
хорижий ва халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ўрнатади ва ривожлантиради;
Вазирлик ваколатига тегишли масалалар бўйича идоралараро хусусиятдаги халқаро шартномаларни тузади;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида халқаро семинарлар, анжуманлар, кўргазмаларни ташкил этади ва амалга оширади ҳамда хориждаги шундай тадбирларда иштирок этади;
и) транспорт соҳасидаги жорий ва истиқболли эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, таълим, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли равишда жорий этиш соҳасида:
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш сиёсатини белгилайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ транспорт ва йўл хўжалиги корхоналарини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган кадрлар бўйича давлат сиёсатини амалга оширади;
ихтисослаштирилган тренажерлар, турли иловаларни кенг қўллаб, ўқув жараёнига масофавий таълимни фаол жалб қилган ҳолда, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг, шу жумладан оммавий касблар, сайёр машғулотларнинг базавий дастурларини тасдиқлайди;
таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан самарали ҳамкорлигини, битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида транспорт таълим муассасалари ва иш берувчиларнинг саъй-ҳаракатларини, жумладан, хусусий инвестицияларни ўқув жараёнига жалб этган ҳолда бирлаштиришни ташкил этади;
транспорт логистикаси тизими йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар ва раҳбар кадрларни тайёрлаш, йўналиш тармоғи ва йўловчи оқимларини моделлаштиришнинг иқтисодий-математик усулларини қўллашни ташкил этади;
фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказишни ташкил этади ҳамда уларнинг натижаларини илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни самарали интеграциялаштириш йўли билан амалга оширишни ташкил этади;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини аккредитациядан, уларнинг педагог ва илмий кадрларини аттестациядан ўтказишда иштирок этади;
транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги фанлар ҳамда мутахассисликлар бўйича хорижий давлатларда берилган таълим ва илмий даража бериш тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда нострификация қилишда (эквивалентлигини белгилашда) иштирок этади.
10. Вазирлик қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11. Вазирлик унга юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда Вазирлик ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар орқали бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 336-сонли қарори.