Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишлари, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ва унинг объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, шунингдек, авиацияни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш орқали ҳаво кемалари йўловчилари ҳамда экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш;
парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш;
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назоратини олиб бориш;
халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифода этиш.
Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишлари, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида:
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция (1944 йилги Чикаго конвенцияси) ва унинг иловалари талабларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади;
фуқаро ҳаво кемалари давлат реестрини, фуқаро авиациясининг экспериментал ҳаво кемалари ва учувчисиз учиш аппаратларининг ҳисобини юритади;
ҳаво кемаларидан техник ва учиш мақсадида фойдаланиш ҳужжатларини тасдиқлайди;
фуқаро авиацияси объектларига берилган хорижий сертификатларни, хорижий давлатлар томонидан авиация мутахассисларига берилган сертификатларни (гувоҳномаларни) эътироф этишни таъминлайди;
хорижий давлатларнинг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам қатновлар бажарилиши учун эксплуатация рухсатномаларини беради ва ҳаво транспорти орқали хавфли юклар, қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек, ҳарбий контингентлар транзитини амалга оширишда ваколатли органлар учун хулосалар тайёрлайди;
ҳаво кемалари эксплуатантларига парвозларни амалга оширишлари учун бир марталик рухсатномалар беради;
парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун рухсатномалар беради;
Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш давлат дастурини такомиллаштиришни ва амалга оширишни қуйидаги ҳужжатларни бериш билан таъминлайди:
ҳаво кемалари эксплуатантининг сертификати;
ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар сертификати;
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродроми, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромлар сертификати;
Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси кадрларини тайёрлаш ўқув марказининг сертификати;
фуқаро ҳаво кемаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
фуқаро ҳаво кемаси рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
экспериментал ҳаво кемаси давлат ҳисобига олингани тўғрисида гувоҳнома;
фуқаро ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификати;
фуқаро ҳаво кемаларининг радио жиҳозлари сертификати;
фуқаро ҳаво кемаларининг шовқин бўйича сертификати;
фуқаро авиациясининг тиббий-учиш эксперт комиссиясини тайинлаш тўғрисида гувоҳнома;
фуқаро авиациясининг учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланишга рухсат тўғрисида хулоса;
касбий фаолиятини олиб боришлари учун авиация ходимлари гувоҳномаси;
ушбу кичик бандда кўрсатилган ҳужжатларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб қўяди;
б) Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ва унинг объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, шунингдек, авиацияни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш орқали ҳаво кемалари йўловчилари ҳамда экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш соҳасида;
Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиациясини ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилишни таъминлаш давлат дастурини амалга ошириш ва такомиллаштиришни таъминлайди;
в) парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш соҳасида:
Қуйидагиларни амалга оширади:
ҳаво кемалари эксплуатантларини сертификатлайди;
ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотларини сертификатлайди;
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромларни сертификатлайди;
Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси кадрларини тайёрлаш ўқув марказларини сертификатлайди;
г) фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назоратини олиб боришда қуйидагиларга риоя этилишининг давлат назоратини ташкил этиш ва амалга оширишни таъминлайди:
фуқаро ҳаво кемалари ва учувчисиз учиш аппаратлари парвозларини ташкил этиш, таъминлаш ва бажариш қоидалари;
фуқаро ҳаво кемаларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари;
фуқаро ҳаво кемаларини ишлаб чиқариш қоидалари (улардан фойдаланиш жараёнида ушбу кемаларнинг парвозлари хавфсизлигига таъсир қилувчи ишлаб чиқариш камчиликлари аниқланган тақдирда);
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромлардан фуқаро ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича фойдаланиш қоидалари, шунингдек, ер устидаги асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидалари;
фуқаро ҳаво кемаларининг парвозлари хавфсизлигини ва авиация хавфсизлигини таъминлаш соҳасида авиация ходимларини тайёрлаш қоидалари (шу жумладан, ходимларни текшириш ва уларга ишлашига рухсат бериш);
фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилик нормалари;
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларининг фойдаланишга яроқлилик нормалари;
фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш қоидалари;
Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ва ҳавода ҳаракатланишни ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш қоидалари;
Ўзбекистон Республикаси авиация алоқа тизимлари ва аэронавигация воситалари ишончли ишлашини таъминлаш қоидалари;
парвозларни метеорологик таъминлаш қоидалари;
ҳаво кемалари ва махсус транспорт воситаларининг аэродром перронида ҳаракатланишини бошқариш ва ташкил этиш қоидалари;
аэродром эксплуатанти томонидан ҳаво кемаларининг қуш ва ёввойи ҳайвонлар билан тўқнашиш ҳолатларининг олдини олиш тадбирларини бажариш;
парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш қоидалари;
парвозлар хавфсизлигига таҳдид солувчи объектларни белгилаш қоидалари;
ҳаво транспортида йўловчи, багаж, юк (хавфли юк) ва почта ташиш қоидалари;
фуқаро авиациясининг тегишли ташкилотларида парвозлар хавфсизлигини бошқариш тизимини жорий қилиш ва унинг фаолият кўрсатиши;
Ўзбекистон Республикасига фуқаро авиациясининг ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича нормалари, қоидалари ва тартиби;
парвозларнинг қидирув, авария-қутқарув таъминоти қоидалари;
Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга оширувчи хорижий давлатлар эксплуатантларининг парвозларни амалга ошириш қоидалари;
д) халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифода этиш соҳасида:
парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон Республикаси имзолаган меморандумларни амалга ошириш, стандартлар ва тавсияларни жорий қилиш масалалари бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) билан ҳамкорликни амалга ошириш;
Агентлик ваколатларига киритилган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан алоқаларни белгиланган тартибда амалга ошириш, ўз ваколатига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш;
парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ишида, конференцияларда ва семинарларда иштирок этиш, норматив-ҳуқуқий базани, ҳаво кемаларидан учиш ва техник фойдаланиш, ҳаво навигациясини, ҳавода ҳаракатни ташкил қилиш, фуқаро авиацияси инспекторлари таркибини тайёрлашни такомиллаштириш.