Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазирлигининг очиқ ҳайъат ва кенгаш мажлисларида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳозир бўлиш тартиби

 

Ахборотдан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиш тартиби тўғрисидаги 

ЙЎРИҚНОМА

 

 

Транспорт вазирлиги фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича очиқ мажлислар ишини ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ва амалдаги бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур соҳада қабул қилинган тегишли Йўриқномага мувофиқ амалга оширилади.

I боб. Умумий қоидалар

 

1. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан, вазирликнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Мазкур Йўриқнома талаблари вазирлик томонидан очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

3. Вазирликнинг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

4. Вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлислари кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақти Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири томонидан тасдиқланади.

5. Вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ахборот стендида очиқ ҳайъат мажлисларининг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт ҳамда бошқа зарур ахборотлар мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштирилиши шарт.

 

II боб. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашишини ташкил қилиш

 

6. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш учун вазирликка сўров билан мурожаат қилади. Сўров Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилади. 

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

7. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисида қатнашиш учун вазирликка сўров билан мурожаат қилган тақдирда, ушбу сўров шу куннинг ўзида махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал вазирилик ҳайъати масъул котиби томонидан юритилади.

8. Сўровга асосан ҳайъат масъул котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда уни хабардор қилади. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчиларга маълум қилинади.

9. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

10. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига келмаган тақдирда, ҳайъат масъул котиби томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.

11. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиши режалаштирилган залнинг ташкилий-техник имкониятлари ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, улар учун жой тайёрланади. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади. 

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видео тасвир орқали монелексиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

12. Очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш истагини билдирган ахборотдан фойдаланувчиларни рўйхатга олиш мажлис ўтказилиши режалаштирилган кунга бир иш куни қолганда тўхтатилади.

13. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси бошлангунга қадар белгиланган жойга этиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар ҳайъат йиғилишига раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва ҳайъат мажлисига киритилмайди.

14. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисининг тасдиқланган Регламентида белгиланган тартибда мажлисда ҳайъат аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

15. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан ҳайъат мажлислари давомида ҳайъат мажлиси муҳокамасига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

16. Ахборотдан фойдаланувчи ҳайъат мажлиси ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади. 

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда, у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳайъат масъул котиби далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.

17. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

18. Ҳайъат мажлиси баённомасида очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.

 

III боб. Якуний қоида

 

19. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши билан боғлиқ барча тартиб-қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ тартибга солинади.