Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2023 йил 24 июлдаги 127-сон буйруғи билан тасдиқланган Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши таркиби
Кенгаш раиси:
Якубова Дилбахор Шариповна - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди раиси ўринбосари
Кенгаш раиси ўринбосари:
Қодиров Туйғун Узоқович - Тошкент давлат транспорт университети Транспорт логистикаси кафедраси доценти,
Кенгаш аъзолари:
Хушнудбек Худойбердиев – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директор ўринбосари
Искандарова Гулнора Рахмателлаевна – “Менга умр бахш эт” халқаро ҳайрия ташкилоти раҳбари
Пулатов Санжар Нематжонович – Халқаро автомобиль ташувчилари ассоциацияси Ўзбекистондаги вакили
Джалалова Дилором Махмуджановна - Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси.
Кенгаш котиби:
Алимбаева Гуллола Умидовна – Транспорт вазирлиги Стратегик режалаштириш ва методология бошқармаси бош мутахассиси
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом
1-боб. Умумий қоидалар
- Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда — жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
- Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
- Жамоатчилик кенгаши вазирликнинг марказий аппарати ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти мазкур вазирликнинг барча ҳудудий бўлинмалари ҳамда тасарруфидаги ташкилотларига татбиқ этилади.
- Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг буйруғи билан ташкил этилади.
- Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
- Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
- Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом ва унга киритиладиган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар вазирнинг буйруғи билан тасдиқланади.
2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
- Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, вазирлик зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича вазирлик ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
биргаликда мулоқот қилиш, Транспорт вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;
Вазирликка нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни умумлаштириш ва баҳолаш;
фуқароларнинг ҳуқукдари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан вазирликнинг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;
Вазирлик фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;
Транспорт вазирлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
вазирлик фаолиятини ислоҳ этиш бўйича фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий- маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
- Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
вазирликнинг фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича вазирликга тегишли таклифлар киритади;
фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
вазирлик фаолиятига тааллуқли унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қарорларини такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни мазкур вазирлик ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда қатнашади;
давлат дастурлари лойиҳаларини, тадбирлар режаларини ва вазирлик фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини тахлил қилади, шунингдек, йўлқўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
вазирликка нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан келиб тушган социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни кўриб чиқади;
Транспорт вазирлиги раҳбарлари ва ходимларининг фуқаролар билан учрашувларини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;
вазирлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади;
вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ва тасарруфидаги ташкилотларида соғлом ишчанлик муҳитини ривожлантириш, қонунийликни, юксак ҳуқуқий маданият ва ахлоқийликни таъминлаш, ходимларда Ватанга содиқлик руҳини ва қонунларга бўлган ҳурматни кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, руҳий ва маънавий-маърифий камол топтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
мамлакатда ва хорижда кенг жамоатчиликни вазирлик фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
вазирлик фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади;
вазирлик фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади; ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.
- Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:
вазирлик томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;
вазирликнинг, жумладан унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотларининг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини вазирлик томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;
вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
вазирлик фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлганвазирликнинг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;
вазирликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш; жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига вазирлик томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда тахдил қилиш;
вазирлик ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий- маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;
жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:
жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига, вазирлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя қилиши;
вазирлик ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги, улар фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;
фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;
жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.
Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
З-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби
- Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.
- Жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.
Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.
- Жамоатчилик кенгашининг таркиби вазирлик раҳбарининг буйруғи билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.
- Қуйидаги ҳолатларда жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:
улар томонидан жамоатчилик кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;
жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.
- Жамоатчилик кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
- Жамоатчилик кенгашининг раиси:
жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди, мажлисларда раислик қилади;
жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди, қарорларининг ижросини назорат қилади;
жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштиради;
вазирликнинг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган жамоатчилик кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни вазирлик раҳбари билан келишади;
жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан вазирлик раҳбари билан ҳамкорлик қилади;
жамоатчилик кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
- Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.
- Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:
жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;
фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, жамоатчилик кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;
жамоатчилик кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
- Жамоатчилик кенгашининг котиби:
жамоатчилик кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, вазирлик ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ жамоатчилик кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
жамоатчилик кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;жамоатчилик кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;
жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;
жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;
жамоатчилик кенгашининг самарали- ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
- Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.
Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:
ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун вазирлик томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;
жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;
вазирлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;
вазирлик ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни жамоатчилик кенгашига киритади;
жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тахдилий материаллар тайёрлайди;
жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;
жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
- Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.
Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.
- Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
- Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
- Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.
Жамоатчилик кенгашининг мажлисида вазирлик раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.
- Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган такдирда, жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.
- Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
- Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.
- Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда вазирликга, жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.
- Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.
Вазирлик жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.
- Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
- Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш вазирлик томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
- Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Узбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги вазирликнинг раҳбари томонидан назорат қилинади.
- Жамоатчилик кенгашининг ва вазирлик раҳбарининг жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.