Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Темир йўл транспорти

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ ТЎҒРИСИДА

 

1-модда. Асосий тушунчалар.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
темир йўл транспорти (темир йўл) — умумий фойдаланишдаги транспорт турларидан бири бўлиб, у ишлаб чиқариш ва ижтимоий йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ўз таркибига олган, бошқа давлатларнинг темир йўллари ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда ташиш эҳтиёжларини таъминловчи ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборатдир;
темир йўл транспорти корхонаси — темир йўл асосий фаолиятининг тузилмавий бўлинмаси бўлиб, бевосита ташиш жараёнини таъминлайди;
темир йўл транспорти муассасаси — темир йўлнинг кадрлар тайёрлаш, темир йўл транспорти ходимларига ижтимоий-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган тузилмавий бўлинмаси;
темир йўл транспорти ташкилоти — темир йўлнинг қўшимча ёрдамчи фаолиятни амалга оширувчи ва ташиш жараёнида бевосита иштирок этмайдиган тузилмавий бўлинмаси;
темир йўл устави — қонунчиликка мувофиқ темир йўлнинг, темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг (шу жумладан улар номидан иш кўрувчи экспедиторлик ва бошқа ташкилотларнинг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайдиган норматив ҳужжат;
(1-модданинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
транспорт хизматлари бозори — юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташувчи, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи, темир йўл транспортида ташиш билан боғлиқ қўшимча ёрдамчи ишларни ҳамда бошқа иш турларини (хизматларни) бажарувчи соҳа;
ташиш жараёни — юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташишга тайёргарлик кўриш, уни амалга ошириш ва тугаллаш чоғида темир йўл транспорти корхоналари бажарадиган ташкилий ва технологик жиҳатдан ўзаро боғлиқ ҳаракатлар ва операциялар мажмуи;
умумий фойдаланишдаги темир йўллар — темир йўлнинг поездларни қабул қилиш ва жўнатиш, юклар, багаж ва юк багажини қабул қилиш ҳамда топшириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш, маневр ишларини амалга ошириш бўйича тегишли операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл бекатлари жойлашган тармоғи;
юк — ташиш учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган, ўз вақтида элтиб берилиши ва сақланиши учун темир йўл жавобгар бўлган темир йўл ташиш объекти;
йўловчи — йўл ҳужжатларига эга бўлган ва поездда сафар қилувчи фуқаро (жисмоний шахс);
багаж — йўловчи олиб кетаётган ва сафар давомида йўловчилар вагонида унинг ёнида бўладиган буюмлар, товарлар ва бошқа моддий бойликлар;
юк багажи — йўловчилар ва почта-багаж поездларида ташиладиган темир йўл ташиш объекти;
юк жўнатувчи (жўнатувчи) — ўз номидан ёхуд юк ёки юк багажи эгаси номидан иш кўрувчи ва ташиш ҳужжатларида қайд этилган юридик ёки жисмоний шахс;
юкни олувчи (олувчи) — юк ёки юк багажини олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;
хавфли юклар — муайян омиллар мавжуд бўлганда ўз хоссалари ва хусусиятларига кўра ташиш жараёнида, ортиш-тушириш ишларини бажариш ва сақлаш чоғида портлаш, ёнғин чиқишига ёки ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бинолар ва иншоотлар, бошқа объектларнинг шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ёки соғлиғига зиён етишига, ҳайвонларнинг нобуд бўлишига, атроф табиий муҳитнинг зарарланишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор моддалар, материаллар, буюмлар, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият чиқиндилари;
ажратилган минтақа — темир йўл транспортининг тупроқ кўтармаси, сунъий иншоотлар, йўл бинолари, темир йўл алоқаси ва электр таъминоти қурилмалари, темир йўл бекатлари, бошқа бинолар, иншоотлар ва йўл қурилмалари, шунингдек иҳота дарахтзорлари жойлашган ерлари;
муҳофаза зоналари — темир йўллардан, электр таъминоти ва алоқа тармоқларидан бир меъёрда фойдаланишни, темир йўл транспорти иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларининг сақланиши, мустаҳкамлиги ва турғунлигини таъминлаш учун зарур бўлган ер участкалари, шунингдек темир йўл транспорти ерларига туташ бўлган силжувчи тупроқли ерлар.
2-модда. Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилик
(2-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.
(2-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланиш чоғида темир йўл транспорти корхоналари билан юк жўнатувчилар, юкни олувчилар, йўловчилар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Темир йўл устави билан ҳам белгиланади.
Темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташишни ташкил этиш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан тасдиқланадиган юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари, шунингдек бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспорти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Темир йўл транспортида мулкчилик
Ташиш жараёнининг узлуксизлигини, ҳаракат хавфсизлигини ва авария-тиклаш ишлари ўтказилишини бевосита таъминловчи темир йўл транспорти корхоналари, умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва темир йўл транспортининг бошқа мол-мулки мутлақ давлат мулкидир.
Ташиш жараёнида бевосита иштирок этмайдиган темир йўл транспорти мол-мулки қонунчиликда белгиланган тартибда хусусийлаштирилиши мумкин.
(3-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
4-модда. Темир йўл транспорти корхоналарини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш
Ташиш жараёнини таъминлаш билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти корхоналарини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
5-модда. Темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг мол-мулки Темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек қиймати ўз мустақил балансида кўрсатиладиган бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади.