Аввал хабар берагимиздек, бугун пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» биринчи халқаро форумига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда, шунингдек, Транспорт вазири Элёр Ғаниев, “Uzbekistan Airports” АЖ раиси Равшан Исмаилов, Фуқаро авиацияси агентлиги директори в.б. Толиб Ўлжаев ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг 19-20 февраль кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазма мажмуасида ўтказилиши режалаштирилаётган «Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum» (UAALF-2020) халқаро авиация форуми ҳақида ОАВ га батафсил маълумот берилди.
I Халқаро авиация форуми Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда БААнинг «Fair Exhibition Organizers» компанияси томонидан ўтказилади.
Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов мазкур форумга 34та мамлакатдан 100га яқин экспонент ташриф буюриб, ўз кўргазмаси билан қатнаши, умумий ҳисобда эса 1000дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилаётганини маълум қилди.
Форум иштирокчилари қаторида “Boeing” ва “Jetcraft” (АҚШ), “Air Charter Service” (Буюк Британия), “Bombardier Business jets” (Канада), “TLD” (Ҳиндистон), “Luftansa Consulting”(Германия), “Air Arabia” ва “BGT Events” (БАА), “Mitsubishi Corporation” (Япония), “Pegasus Airlines” ва “Turkish Airlines”(Туркия) каби авиакомпаниялар мавжуд.
Транспорт вазири Элёр Ғаниев халқаро авиация форумидан кўзланаётган мақсадлар ҳақида маълумот берди.
“Форумда Ўзбекистоннинг авиация соҳасига инвесторларни жалб қилиш, минтақавий аэропортларни давлат-хусусий бошқарувига ўтказиш, ёқилғи қуйиш комплексларини олиб келиш, авиацияда замонавий бошқарувни жорий қилиш, учиш-қўниш йўлакларини реконструкция қилиш, экспорт ва товар айланмасини ривожлантириш, аэропортларда логистика марказларини жорий қилиш масалалари кўрилади. Шунингдек, хорижий ташувчилар учун мақбул шароитларни яратиш ва бу орқали янги авиация маршрутларни йўлга қўйиш, янги авиакомпанияларни ташкил этиш каби масалалар ҳам форум кун тартибида кўрилади”, − дейди Элёр Ғаниев.
Форум доирасида ўтадиган кўргазмада аэропортлар, авиация ва логистика вакиллари ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим этишади.
Матбуот анжумани сўнгида хорижий ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари спикерларга мамлакатимиз фуқаро авиациясини ривожлантириш, аэропортлар иш фаолиятини такомиллаштириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, мамлакатимиз транспорт-инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалаг оширилиши кутилаётган лойиҳалар юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилишди ва уларга аниқ жавоблар олишди.