7 декабрь Халқаро фуқаро авиацияси куни (International Civil Aviation Day) сифатида ҳар йили кенг нишонланади. Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) ушбу кунни байрам сифатида нишонлаш ташаббускори бўлиб ҳисобланади.
1944 йил 7 декабрь куни Чикаго (АҚШ)да 52 давлат иштирокида Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисида конвенция имзоланган. БМТ Бош Ассамблеясининг 1996 йил 6 декабрдаги 51/33-сонли резолюцияси билан ушбу сана Халқаро фуқаролик авиацияси куни деб эътироф этилган.
Халқаро фуқаро авиацияси куни байрамини нишонлашдан мақсад кенг жамоатчиликка соҳадаги ютуқлар ҳақида ахборот бериш, давлатларнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида фуқаро авиациясининг қўшаётган ҳиссасини кўрсатиш, турли қитъа, мамлакат ва маданиятларни ўзаро боғлашда, шунингдек, бутун инсоният учун хизмат қилувчи тезкор глобал транспорт тармоғини яратишда ИКАОнинг ноёб роли тўғрисида хабардор этишдан иборатдир.
Мазкур санани ҳар беш йилда муайян масалаларга бағишлаш анъанага айланган. 2019–2023 йиллар давомида ушбу сана “Авиациянинг глобал ривожланиши учун инновацияларни жорий этиш” шиори остида ўтмоқда.
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда ҳаво қатновлари орқали 4 миллиард нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади. Авиақатновлар ҳар йили дунё иқтисодиётига 2,7 трлн АҚШ доллари миқдорида даромад келтиради.