Тил буюк неъматдир, ҳар бир миллат ўз тилини эъзозласа, қадрласа, тараққиёти учун жон куйдирса, у тил гўзал, бетакрор ва буюк бўлиб қолаверади! Ҳар бир халқ азиз ва муқаддас бўлган ўз тилини асраш, ривожлантириш, жозибасини тўла намоён этиш учун ҳаракат қилади, чунки унда халқ тарихи, миллий қадриятлари, маданияти ифодаланади.
1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида шубҳасиз буюк тарихий воқеа ва Ўзбекистоннинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди. Давлатимиз мустақиллиги эълон қилиниши билан она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди.
Ўтган давр мобайнида дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимизга миллий меросимизнинг асосларидан бири сифатида катта эътибор қаратилган ҳолда унинг мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигини нишоналаш арафасида 2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, шунингдек, ҳукумат қарори билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассаса ҳамда бошқа ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, ўзбек тилини ривожлантиришни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи (масъул ходим) лавозими жорий этилди.
“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Бу билан давлат рамзларидан бири саналган маънавий қадриятимиз – она тилимиз қонун ҳимоясида эканлиги яна бир бор ўз исботини топди.
Ушбу байрамнинг мамлакатимизда кенг нишонланиши она тилимизга эътиборни юксалтириш, унинг мукаммалиги ва бойлигини кўрсатиб бера олиш, нафақат ўзбек халқи, балки бошқа миллат вакилларини ҳам бебаҳо бойлигимиз ҳисобланган тилимиз ва маданиятимизни ўрганишга илҳомлантиришда хизмат қилади.
Биз эса ўз навбатида тилимизнинг поклиги ва ўзига хослигини сақлаш, уни бойитиш ва такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Зеро, ноёб хазинамиз - тилимизни асраш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Шундай экан, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга доир ҳужжатлар ижросини таъминлаш учун Транспорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, идоравий мансуб ташкилотларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси ва ҳужжатларнинг давлат тилида қатъий юритилишини таъминлаш ишлари бўйича масъул ходимлар тайинланди, тегишли вазифалар белгиланган ҳолда буйруқлар, чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Транспорт соҳаси одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга хизмат қилади. Вокзалларимиз ва аэропортларимиз мамлакатимизнинг ўзига хос дарвозалари ҳисобланади. Бу даргоҳдан жаҳонга йўл олаётган ҳар бир инсон она тили аталмиш муқаддас кўприкдан ўтиб, шу тил орқали ватанига, халқига ва оиласига муҳаббатини юрагига жойлаб сафарга чиқиб кетади. Шу дарвозалар орқали Ўзбекистонга келаётган ҳар бир меҳмон Алишер Навоий, Бобурдек буюк зотлар, A.Қодирий, Чўлпон, A.Қаҳҳор, Зулфия, A.Орипов, Э.Воҳидов каби улуғ сўз усталари адабий пойдеворининг абадийлигига сабаб бўлувчи ўзбек тили кўприги орқали юртимизга қадам қўйиши биланоқ, гўзал тилимизни эшитиб унда сўзлашишга ҳаракат қилади. Сафари ниҳоясига етгач эса сўз боши бўлмиш “Ассалому алайкум”, “Раҳмат” каби миннатдорчилик сўзлари орқали тилимизнинг бир гавҳарини қалбига жойлаб олиб кетади.
- Дилором Джалалова,
- Транспорт вазирининг маънавий-маърифий
- ишлар самарадорлигини ошириш, давлат
- тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига
- риоя этилишини таъминлаш масалалари
- бўйича маслаҳатчиси.