Жорий йилнинг 14 – 16 ноябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида “Британия – Туркия темир йўллари форуми” бўлиб ўтди. Темир йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва ушбу соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган тадбирда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимидаги нутқида Ж.Чориев бугунги кунда мамлакатимиз темир йўл соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Хусусан, республика ҳудуди бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ҳаракати ва Тошкент — Самарқанд йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи ташиш темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширилиши тўғрисида тақдимот ўтказди.
Форум доирасида Туркия Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари департаменти раҳбари Зайнеп Улаш бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Давлат хусусий шериклик лойиҳалари департаменти томонидан хорижий молия институтлари кўмагида “Анқара-Измир”, “Бандирма-Бурса-Енишеҳир-Османли”, “Мерсин-Газиантеп” ҳамда Эрксой-Кайсари” тезюрар темир йўлларини қуриш лойиҳаларини молиялаштириш тартиби юзасидан маълумот алмашилди.
Шунингдек, “Туркия пудратчилар уюшмаси” президенти Эрдал Эрен ва Туркиянинг етакчи қурувчи компания раҳбарларидан иборат делегация вакиллари билан ҳам учрашув ташкил этилди. Учрашувда “Туркия пудратчилар уюшмаси” фаолияти билан танишилди ҳамда Туркия компаниялари вакилларига Тошкент — Самарқанд йўналишида юқори тезликдаги алоҳида йўловчи ташиш темир йўлини қуриш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.