Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Чобаҳор портидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
14.12.2021 6049 Yangiliklar

 

Чобаҳор портидан фойдаланиш масалалари бўйича Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон учтомонлама ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг ўринбосари А.Мўминов, Эрон Ислом Республикаси йўл ва шаҳарсозлик вазирининг ўринбосари А.Сафаи ва Ҳиндистон портлари, кемасозлик ва денгиз йўллари вазирининг ўринбосари С.Франджа раҳбарлигида ўтди.

Видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро транспорт - коммуникация инфратузилмасини шакллантириш масалалари муҳокама этилди.

Хусусан, томонлар Чобаҳор портидан самарали фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасини порт билан боғлайдиган транспорт-логистика комплекси ва транспорт коридорлари соҳасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Учрашув давомида Эрон ва Ҳиндистон вакиллари томонидан Чобаҳор порти инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, ҳамда хорижий давлатлар томонидан ушбу транспорт-транзит ва логистика хаби салоҳиятидан фойдаланиш шартлари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Учрашув якунида томонлар Эроннинг Чобаҳор порти орқали юк ташувларини ташкил этиш, тарифларни оптималлаштириш, юкларни етказиб бериш муддати ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ўрганиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.