Бугун, 21 июнь куни, “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалида сўнгги 30 йилда Душанбе–Тошкент йўналишидаги биринчи йўловчи поездини кутиб олишга бағишланган тантанали маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги темир йўл орқали йўловчиларни ташиш жараёни 1990 йиллар бошида тўхтатилган эди.
Халқаро йўловчи поезди мамлакатимизнинг жанубий вилояти орқали “Қудуқли”, “Сариосиё”, “Денов”, “Қумқўрғон”, “Дарбанд”, “Деҳқонобод”, “Қарши”, “Самарқанд”, “Жиззах” ҳамда “Гулистон” темир йўл вокзалларида тўхтаб, пойтахтимиздаги бош вокзал “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига 21 июнь куни соат 13:43 да етиб келди. Ушбу поезд йўловчилари карнай-сурнай садолари остида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбарияти ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан тантанали кутиб олинди.
Мазкур йўналиш бўйича йўловчи поездларнинг ҳаракатини йўлга қўйиш тўғрисидаги келишувга Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг жорий йил июнь ойининг бошларида Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида эришилган эди. Томонлар шунингдек, янги транзит йўлакларини шакллантириш ва замонавий логистика инфратузилмасини яратиш, ҳаво, темир йўл транспорти ва автобуслар қатновини кўпайтиришга келишиб олдилар.
Тошкентга кириб келган "Дўстлик карвони" деб ном олган йўловчи поездининг биринчи йўловчиларидан Тожикистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда “Рохи охани Тожикистон” ДУК раҳбарияти, Тожикистон халқ демократик партияси аъзолари, темир йўл фахрийлари, шунингдек, Тожикистон маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат жами 200 нафардан зиён меҳмонлар бўлди.
Тантанали маросимда таъкидланганидек, қардош халқларимиз ўртасида дўстлик кўприги бўлиб хизмат қилувчи ушбу йўналиш икки давлат ўртасидаги алоқалар кун сайин мустаҳкамланиб бораётганини, бундай транспорт қатновларининг йўлга қўйилиши халқларимиз ўртасидаги узилиб қолган ришталарни қайта тиклаш, ўзаро борди келди алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тантанали кутиб олиш маросимида ўзбекистонлик ва тожикистонлик темирйўлчилар, қўшни давлатдан келган фахрий меҳмонлар, нуронийлар ҳамда йўловчилар сафар хавфсиз, қулай бўлганини айтиб, мамлакатимиз темир йўл вокзалларида йўловчилар учун яратилган қулайликлар аъло даражада эканлигини эътироф этишди.
– Бугун жуда ажойиб, тарихий вокеа гувоҳи бўлиб турибмиз, – дейди 301/302-сонли Душанбе – Тошкент – Душанбе йўловчи поездининг бошлиғи Маходбек Дилоев. – Ушбу йўналишда поездлар ҳаракати тўхтаганида ҳали ёш йигит, темир йўлда эндигина фаолиятимни бошлаган эдим. Мана 27 йилдирки, тақдирим йўловчи поездлар билан чамбарчас боғлиқ. Ўз касбимдан фахрланаман. Бугун эса, ажойиб ҳаяжон сезиляпти. Халқ хурсандчилиги ҳам чекчиз. Бизасизми, бу йўналишда ҳаракат тикланиши жуда узок кутилган. Сафар давомида йўловчилар ҳам кўтаринки кайфиятда келишди.
Тантанали тадбирдан сўнг меҳмонлар учун пойтахтимиз Тошкент бўйлаб саёҳат уюштирилди. Марказий Осиёнинг энг катта шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилган сайёҳлар сўнгги йилларда шаҳримизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо беришди. Соат 16:15 да эса “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалидан Душанбе – Тошкент – Душанбе йўналишидаги йўловчи пойезди жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 20 июндан бошлаб 301/302-сонли Душанбе – Тошкент – Душанбе йўналишида йўловчи поезди ҳаракатланишни бошлади. Мазкур поезд ҳафтанинг душанба кунлари Душанбедан жўнаб кетади ва сешанба кунлари соат 13:43 да Тошкентга етиб келади. Тошкентдан эса ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 16:15 да жўнаб кетиб, Душанбега чоршанба кунлари етиб боради.
Тошкентдан Душанбегача темир йўл орқали бўлган масофа 916 км. ни ташкил этиб, поезд йўлда 21 соат давомида ҳаракатланади. Жами 500-600 йўловчиларга мўлжалланган ҳаракат таркиби 10 та вагондан, яъни 4 купе, 5 плацкарт ва вагон-ресторандан иборат.
Эслатиб ўтамиз, чипталарини темир йўл кассаларидан ёки www.chipta.railway.uz, www.e-ticket.railway.uz. сайтлари орқали харид қилиш мумкин. Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.