Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Чоп этиш Саҳифани улашиш
30.04.2021 6038 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  қ а р о р и 

 

Коронавирус пандемияси шароитида фуқаро авиацияси корхоналарини қўллаб-қувватлаш, соҳада трансформация жараёнларини жадаллаштириш, авиация хизматларини янада диверсификация қилиш, аҳолига уларнинг нарх ва сифат жиҳатидан оммабоплигини таъминлаш мақсадида:

1. 2021-2022 йилларда “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖда трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича “йўл хариталари” 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. Молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органи ваколатларини, истисно тариқасида, шартнома асосида “Uzbekistan Airports” АЖга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ой муддатда “Uzbekistan Airports” АЖ ва халқаро аэропортларнинг ижро этувчи органлари ўртасида халқаро аэропортларни ҳақ эвазига бошқариш тўғрисидаги шартномаларнинг тузилишини ва ички ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритилишини таъминласин. Бунда бошқарувчининг қуйидаги асосий вазифалари назарда тутилсин:

аэропортларни ривожлантириш ягона стратегияси ва корпоратив сиёсатни амалга ошириш, аэропортлар фаолиятига методологик раҳбарлик қилиш;

молиявий оқимларни жамлаш, пул маблағларидан самарали фойдаланиш, таннархни пасайтириш ва соф фойдани тасарруф этиш ҳамда харидларни марказлаштирилган ҳолда амалга ошириш;

халқаро аэропортларнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартибини (ваколатлар чегараларини) “Uzbekistan Airports” АЖ томонидан белгилаш.

3. Белгилансинки, “Uzbekistan Airports” АЖ ва унинг таркибидаги халқаро аэропортлар 2021 йил 1 майдан 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғининг белгиланган ставкаси 50 фоизгача камайтирилади.

4. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) ва Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов) уч ой муддатда “Uzbekistan Airports” АЖ таркибидаги халқаро аэропортлар билан давлат мулки ҳисобланган аэродромлар инфратузилмасидан беғараз фойдаланиш тўғрисида шартномалар тузсин. Бунда шартномаларда аэродром инфратузилмасини сақлаш, капитал ва жорий таъмирлаш шартлари назарда тутилсин.

Тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган мол-мулк аэропорт активларидан ажратилган ҳолда, балансдан ташқари акс эттирилиши ҳамда мол-мулк ва ер солиқлари бўйича солиқ базасига киритилмаслиги, шунингдек, амортизация ажратмалари ҳисобланмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

Аэропортларнинг аэродром комплексларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек, Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, ушбу ишларга сарфланган “Uzbekistan Airports” АЖнинг маблағлари Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиниши белгилансин.

5. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ой муддатда “Uzbekistan Airways” АЖга ажратилган 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги фоизсиз бюджет ссудаси маблағларининг 2022 йил 10 майдан бошлаб қайтарилишини кўзда тутган ҳолда, уни қайтариш муддатини 2024 йил
10 февралга қадар узайтирсин.

6. “Ўзмиллийбанк” АЖ (А.К.Мирсоатов), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (Ш.А.Вафаев) бир ой муддатда “Uzbekistan airways” АЖнинг мос равишда 895 миллиард сўм ва 77,73 миллион АҚШ долларига тенг бўлган кредитларни қоплаш графикларини, 2021-2023 йил учун қарздорлик (асосий қарз ва фоиз) тўловларини тўхтатган ҳолда, қайта кўриб чиқсин.

Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) қарорнинг мазкур банди талабларидан келиб чиқиб, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан кредит мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва “Ўзмиллийбанк” АЖга берилган давлат кафолатларини қайта расмийлаштирсин.

7. “Uzbekistan Airways” АЖ (И.Р. Махкамов) 3-иловага мувофиқ ҳаво кемаларини ўрнатилган тартибда очиқ савдолар орқали соҳада бевосита фаолият юритаётган корхоналарга сотиш чораларини кўрсин.

8. Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида (кейинги ўринларда – вокзаллар) йўловчи ҳамда ташриф буюрувчилар учун замонавий талаблар асосида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

вокзаллар биноларига ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда кириб-чиқишларига рухсат бериш;

вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудларда умумий овқатланиш жойларини ташкил этиш, чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этишга рухсат бериш тартибини соддалаштириш;

халқаро аэропортлар ҳудудида барча турдаги йўловчи автотранспорт воситаларига аэропортларнинг эстакадасидан фойдаланишга рухсат бериш;

вокзалларнинг асосий текширув пунктларини кириш жойларидаги бирламчи назорат-текширув постлари билан бирлаштириш.

Давлат хавфсизлик хизмати (А.А.Азизов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов), Миллий гвардия (Р.М. Джураев), Транспорт вазирлиги (И.Р. Махкамов):

уч ой муддатда мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда Республика комиссиясини тузган ҳолда, вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш тартибларини илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

вокзаллар бинолари ва уларга тегишли ҳудудларда хавфсизликни таъминлашнинг замонавий техник назорат воситалари (транспорт ва шахсни аниқлаш воситалари) ва усуллари билан тўлиқ таъминлаб бориш чораларини кўрсин.

Давлат хавфсизлик хизмати (А.А.Азизов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов), Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) билан биргаликда халқаро аэропортларда реконструкция қилиш ҳисобига авиация хавфсизлиги хизмати, чегара, божхона ва бошқа қўриқланувчи ҳудудлардаги ўзгаришларни инобатга олиб, талаб этиладиган штат бирликларига ўрнатилган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритиб борсин.

9. “Uzbekistan Airways” АЖ (И.Р.Махкамов) Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов) ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Учувчилар шаҳарчасида жойлашган “Uzbekistan Airways Technics” МЧЖ ҳудудида (майдони 39 га) эркин божхона зонасини ташкил этсин.

Белгилаб қўйилсинки, эркин божхона зонасида:

халқаро ҳуқуқий ва техник меъёрларга мувофиқ барча хорижий ҳаво кемалари ва уларнинг алоҳида агрегатларини таъмирлаш учун зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин алмаштирилади;

маҳаллий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларини ҳамда уларнинг қисм ва агрегатларини таъмирлашга зарур бўлган авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин божхона зонаси чегарасидан чиқмаган ҳолда харид қилиниб, “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган ҳолда фойдаланилади;

ушбу божхона зонасига четдан келтириладиган авиатехника эҳтиёт қисмлари “эркин божхона зонаси” божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда истисно тариқасида, сертификатлар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб этилмайди;

таъмирлаш мақсадида эркин божхона зонасига олиб кириладиган ҳаво кемаларининг (шу жумладан, уларнинг қисм ва агрегатлари) кириб-чиқишида божхона назорати уларни тегишли божхона режимларига расмийлаштирмаган ҳолда амалга оширилади.

Транспорт вазирлиги (И.Р.Махкамов), Давлат божхона қўмитаси (М.Б.Азимов), Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев), Марказий банк (М.Б.Нурмуратов) билан биргаликда уч ой муддатда эркин божхона зонаси ҳудудига товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, ҳаво кемаларини таъмирлашда фойдаланиш, уларни тегишли режимларга расмийлаштириш, ушбу товарлар ва хизматлар учун валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Транспорт вазирлигининг Франция Фуқаро авиацияси миллий мактаби (ENAC) билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактабини (кейинги ўринларда – Мактаб) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Мактабда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда дастлаб қўшма таълим дастурлари (double degree) асосида “Ҳаво кемаларининг парвоз эксплуатацияси” бакалавр таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш ташкил этилади;

Мактабда талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактаби билан келишилган ҳолда Тошкент давлат транспорт университети томонидан белгиланади;

Мактаб битирувчиларига Франциянинг Фуқаро авиацияси миллий мактабининг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва у Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.

11. “Uzbekistan Airports” АЖ ва унинг таркибига кирувчи аэропортлар:

ўз эҳтиёжлари учун махсус технологик ускуналар, махсус транспорт
ва ахборот-коммуникация маҳсулотларини етказиб бериш ҳақидаги импорт контрактларини “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда комплекс экспертизадан ўтказган ҳамда контракт тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот порталига жойлаштирган ҳолда, ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри тузишга;

фуқаро авиацияси объектларида иш тажрибасига эга бўлган маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Uzbekistan Airports” АЖ таркибидаги халқаро аэропортлар ва “Ўзаэронавигация маркази” ДУК томонидан чет эл авиакомпанияларига хизмат кўрсатиш (экспорт) билан боғлиқ операцияларни, нархларни хорижий валютада белгилаган ҳолда, шунингдек, ташқи савдо шартномалар тузмасдан ва улар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан амалга оширилишига рухсат берилсин.

13. Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев) ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг (А.Ж.Ортиқов) Давлат солиқ қўмитасининг Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 79-уйда жойлашган бино ва иншоотларини “Uzbekistan Airport” АЖ ва унинг таркибидаги ташкилотлар текин фойдаланиши учун “Uzbekistan Airport” АЖга бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Д.Кудбиев) ушбу бандда кўрсатилган бино ва иншоотларни икки ҳафта муддатда “Uzbekistan Airport” АЖга тасарруф этиш ҳуқуқисиз текинга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш учун берилишини таъминласин.

14. Транспорт вазирлиги (И.Р. Махкамов):

“Uzbekistan Airports” АЖ (Р.Ф.Джураева), Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М.Холхўжаев) билан биргаликда икки ой муддатда 2030 йилгача мўлжалланган аэродром комплексларини ривожлантириш дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, транспорт вазири И.Р. Махкамов ва молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар ой муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 30 апрель