Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

“Халқаро автомобиль ташувлари: муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
27.09.2022 4418 Yangiliklar

 

Ўзбекистон миллий автомобиль ташувчиларининг асосий ҳаракат йўналишларида халқаро автомобиль ташувлари иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, Евроосиё ва Европа Иттифоқида халқаро юк ташувлари жарёнида кун тартибида турган асосий долзарб масалаларни муҳокама этиш, Ўзбекистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб этиш мақсадида Транспорт вазирилиги Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Халқаро автомобиль ташувлари: муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияни ташкил этди.

 

Конференция ишида МДҲ, Болтиқбўйи, Украина, Туркия, Эрон, Покистон, Германия, Эстония, Польша каби 15 дан ортиқ давлатларнинг халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси раҳбарлари ва экспертлари ҳамда Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи (IRU), TRACECA, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Дастури (CAREC), Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари вакиллари иштирок этишмоқда.

 

Конференцияда иштирок этган Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ўз нутқида пандемиядан кейинги даврда халқаро вазиятнинг тез ўзгариши, геосиёсий кескинликнинг кучайиши, транспорт соҳасини такомиллаштириш, юкларни ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш бўйича комплекс ишларни амалга оширишни тақозо этаётганини таъкидлаб ўтди. – Бугунги мураккаб ва ташувлар занжирининг бузилиши кузатилаётган шароитда транспорт ва логистика масаласи алоҳида эътиборни талаб қилмоқда. Ушбу жараёнда давлат идораларидан тортиб ташувчигача бўлган барча иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларини биргаликда қўллаш муҳим деб ҳисоблайман, – деди у.

 

Конференция иштирокчилари асосий жорий коридорлар бўйлаб давлатлар ўртасида автомобиль транспортида халқаро юк ташувларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва устивор йўналишларини, хусусан, халқаро юк ташувлари жараёнида ҳужжатлар алмашинувини рақаммлаштириш, профессионал  кадрлар етишмаслиги (биринчи навбатда малакали ҳайдовчилар) билан боғлиқ масалани ҳал этишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш, истиқболли транспорт коридорлари ва маршрутларининг афзаллик ва камчиликларини, уларнинг мувафаққиятли ривожланиши учун зарур бўлган кўп томонлама ҳамкорликни шакллантириш билан боғлиқ бўлган жиҳатларни муҳокама этишмоқда.