Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Инвестициялар ва ташқи савдо соҳасига доир вазифалар белгиланди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
23.12.2020 6422 Yangiliklar

 

Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо соҳасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

 

Коронавирус пандемияси бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди. Айниқса, экспорт ва инвестиция жараёнларида турли қийинчиликлар юзага келди.

Мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олдиндан кўрилган чоралар ўз натижасини берди. Жорий йилда 6,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилди. Шунингдек, йил якуни бўйича 15 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари 2021 йил ҳам иқтисодиёт учун осон бўлмаслигини, шу боис инвестициялар жалб қилиш, ўзлаштириш ва экспорт прогнозларини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ҳозирданоқ аниқ, манзилли чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

Келгуси йили 7,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш мақсад қилинган. Йиғилишда ушбу маблағни ҳар бир лойиҳа бўйича тўлиқ ва муддатида ўзлаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Бундай сармоялар ҳисобига 226 та йирик лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича аниқ чораларни кўриш топширилди.

Шунингдек, 69 та истиқболли янги саноат лойиҳасини сифатли амалга ошириб, иқтисодиёт ўсишига қўшимча захира яратиш вазифаси қўйилди.

Бунда асосий драйвер соҳалар бўлган кимё, энергетика, машиносозлик, геология, электротехника, фармацевтика ва енгил саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилади.

1 январдан бошлаб, халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича янги тизим жорий этиш, ҳар бир лойиҳада белгиланган маблағларни самарали ўзлаштириш ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида “Лойиҳа офислари” раҳбар ва ходимлари малакасини ошириш ва уларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йили экспорт ҳажми 17  миллиард доллар атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга экспорт шартномаларини ҳозирданоқ тузиш, 1 январдан Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ҳамда унинг ўринбосарлари ушбу вазифаларни бажариш бўйича режалари юзасидан ахборот берди.