Жорий йилнинг 26 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Тадбирда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, Ички ишлар, Транспорт ва Ахборот технологиялари коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди ва вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, қарорда белгиланган вазифаларнинг 21 таси ижро қилинган, 6 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 – 2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфисиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтиришга оид қарорлари шулар жумласидандир.
Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда мавжуд автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштирилиб, автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизими рақамлаштирилмоқда.
Жумладан, Умуммиллий дастур ижросини таъминлаш ва автомобиль йўлларида транспорт воситаларини ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига 2023 йилда жами 707 та транспорт ва 298 та пиёдалар светафорини ўрнатиш ҳамда 404 та светафорни (348 та транспорт, 56 та пиёда) реконструкция қилиш белгиланган.
Бундан ташқари, илоғор хорижий тажриба асосида Ўзбекистон Республикаиснинг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент муҳокамасига киритилган.
Бироқ ўтказилган ўрганишлар таҳлили Қарор ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Қарорда белгиланган вазифалар доирасида “Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонасида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ушбу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш бўйича етарли ишлар амалга оширилмаган. Оқибатда бундай техник воситаларнинг сифати пастлигича қолмоқда.
Қарорнинг 9-бандида белгиланган вазифалар ижроси тегишли ҳудудий махсус комиссиялар томонидан тўлиқ таъминланмаяпти. Жумладан, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига мунтазам киритилмаяпти.
Айнан шундай камчиликлар оқибатида 2022 йилда мамлакатимизда 9902 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9606 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2356 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 2023 йилнинг 4 ойи давомида эса 2144 та йўл транспорт ҳодисасида 499 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
Умуммиллий дастурда кўзда тутилган айрим вазифалар ижроси ҳам ўз вақтида таъминланмаган. Хусусан, 26 та вазифа ижроси белгиланган муддатда амалга оширилмаган. Шунингдек, жорий йилнинг 1-чорак якунига қадар муддати келган 5 та топшириқ ижроси таъминланмаган.
Жумладан, Андижон, Фарғона, Бухоро, Навоий вилоятларида қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видео мосламаларни (камералар) ўрнатиш, уларни вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш, йирик бозорлар аторофида кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари ҳамда автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш каби топшириқлар ижро этилмаган.
Бугунги кунда транспорт воситалари сони аҳоли жон бошига кўпайиши ва йирик шаҳарларда янги автомобиль йўлларини қуриш имконияти чеклангани, светафор орқали транспорт оқимини бошқаришнинг ягона ақлли автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги сабабли йўлларда тирбандликлар вужудга келмоқда.
Таҳлиллар давомида аниқланишича, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни сақлашда ҳамон бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Қарор ҳамда Умуммиллий дастур ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мутасаддилари фаолиятига баҳо бериш масаласини кўриб чиқш, Қарор ҳамда Умуммиллий дастур ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудий комиссиялар масъулиятини кучайтириш, ҳудудий комиссиялар томонидан ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиш, шунингдек, тегишли таҳлилларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқориғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритилиши каби масалалар шулар жумласидандир.