Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.05.2020 8143 Yangiliklar
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди.
Шу билан бирга навбатдаги енгилликлар эълон қилиниб, қатор фаолият турларига рухсат берилди. 

 

Хусусан, 2020 йил 18 май кунидан бошлаб, Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни (бориш ва қайтиш) тиклаш;

Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйишга рухсат берилди.

Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди.

Ушбу Вақтинчалик тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус пандемияси даврида маҳаллий йўлланишларда йўловчи ташиш давомида коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, авиа
ва темир йўл ташувлари барча иштирокчиларига қўйиладиган талаблар ва вазифаларни, шунингдек, йўловчиларнинг ҳаво ва темир йўл транспортида ҳаракатланиш тартибини белгилайди.

 

Мазкур тартибга мувофиқ йўловчиларга қуйидаги талаблар қўйилади

1. Албатта коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим рейсларга чиқиш истагида бўлган йўловчилар. Бунда, Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.

Рухсат этилган йўналишлар бўйича авиа ва поездларда сафарга чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест таҳлилларини Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази ва ОИТС (СПИД) марказларининг вилоят бўлимларида, Тошкент шаҳрида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан белгиланган дислокацияларда топширишлари мумкин.   

2. Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади. Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари
ва қўлқопларда
киритилади.

Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчилар тиббиёт ходимлари назоратига топширилади. Соғлиқни сақлаш ходимларининг хулосасига кўра йўловчига авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.

3. Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.

Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шаҳобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.

4. Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.

5. Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.

Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, белгиланган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан сўнг, ҳаво алоқалари бош агентлиги, аэропорт ва темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади.

Йўловчиларнинг парвоз вақтида ҳаво кемаси салонида ҳаракатланишлари тақиқланади, хожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно. Хожатхона ҳамда ошхона қисмида йўловчиларнинг тўпланишларига йўл қўйилмайди. Йўловчилар учун хожатхоналар санитария ва гигиена тозаловчи воситалар ҳамда антисептик воситалар билан тўлиқ таъминланади.

Парвоз вақтида озиқ-овқат маҳсулотлари, турли хил журнал ва газеталар тарқатилмайди, авария ҳолатидаги ҳаракат йўриқномаси бундан мустасно. Парвоз вақтида йўловчиларга фақатгина 250 мл ҳажмдаги қадоқланган ичимлик сувлари берилади.

Йўловчиларга поезд вагонларида ўзларига тақдим этилган бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларини ечишларига рухсат берилмайди. Йўловчиларнинг сув ичиш ҳолатлари бундан мустасно.

Йўловчиларнинг вагонлар бўйлаб ҳаракатланишлари таъқиқланади, хожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно. Вагонларнинг хожатхона ҳамда тамбурларида йўловчиларнинг тўпланишларига йўл қўйилмайди. Йўловчилар учун хожатхоналар санитария ва гигиена тозаловчи воситалари, антисептик воситалари билан тўлиқ таъминланади.

Мазкур Вақтинчалик тартиб талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади. 

Коронавирус пандемияси даврида йўловчиларнинг ҳаво кемаси бортида ва темир йўл вагонларида жойлашуви ижтимоий масофани сақлаш тамойили асосида, қуйидаги кўринишда амалга оиширилади.

Рухсат этилган йўналишлар бўйича сафарга чиқиш истагида бўлган йўловчилар парвозлар ва поездлар ҳаракатланиш жадвали билан “Uzbekistan airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг веб-сайтлари ва ижтимоий тарсоқлардаги расмий саҳифаларидан олишлари мумкин.