Хабарингиз бор 25 июндан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бошланди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airways” АЖ, “Uzbekistan airports” АЖ, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ, “Йўлқурилиш” АЖларининг марказий аппарати ва таркибий ташкилотлари ходимлари иштирокида “Конституцион ислоҳотлар” мавзусида муҳокама-муносабат тадбири ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда икки минг нафардан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Унда бош қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти, долзарблиги ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Д.Мамажанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджети бошқармаси бошлиғи ўринбосари Т.Эшназаров конституциямизга киритилиши кутилаётган ҳар бир ўзгартиришларни батафсил таҳлил қилиб берди.
Йиғилишда Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикри ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани қайд этилди. Натижада, юртимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқароларнинг ўзи ҳам бевосита иштирок этмоқда.
Билдирилган таклифларнинг таҳлили халқимизнинг мамлакатда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганлигини кўрсатмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200 дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда. Ушбу киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар, қўшимчалар ва янги нормалар ҳисобига конституция “инсон-жамият-давлат” тамойилига асосланади.
Мазкур сиёсий жараён жамиятнинг барча тоифалари таклифларини ўрганиш ва қабул қилиш билан бошланганлиги ҳам мамлакатимизда инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилганини англатади.
Зеро, Коституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган номаларга айланади.
Тадбирда конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.