Тошкент Марказий темир йўл вокзалида Тошкент метрополитени учун келтирилган 20 та замонавий метро вагонларининг тақдимоти бўлиб ўтди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 январдаги ПҚ-4943-сонли “Тошкент метрополитенининг ер усти линияси учун ўнта метро поездини сотиб олиш” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Тошкент метрополитени олдига қўйилган мажбуриятларни бажарди.
Ҳаракат таркиблар дунёдаги энг йирик темир йўл ва шаҳар рельсли транспорти учун ҳаракат таркибиларини ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган – Россиянинг “Метровагонмаш” AЖ да ишлаб чиқарилди. Ўзбекистонга етказиб бериладиган 81-765/766/767 русумли метропоездлари 2016 йилдан буён турли хил кўринишда ишлаб чиқарилмоқда ва айни пайтда улар Москва, Қозон ва Боку метрополитенларида эксплуатация қилинмоқда.
Пойтахтимиз метрополитени учун янги ишлаб чиқарилган вагонлар заводда ўзгача усулда бўялган. Вагонларнинг ён тарафи ва эшиклари оқ рангга бўялган. Бутун ҳаракат таркиби бўйлаб горизонтал равишда Ўзбекистон миллий байроғининг ранглари мужассам этган чизиқ тортилган. Поезднинг том қисми ҳаворанг тусда, олд қисми эса қора рангда бўялган. Шунингдек, олд қисмида йўналишни кўрсатувчи электрон сатри жойлашган бўлиб “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ рамзи акс этган.
81-765/766/767 русумли метро вагонлари янги техник ечимларга эга бўлиб, электр энергиясини 35 фоизгача тежайди, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартиради. Янги вагонларнинг яна бир қатор техник имкониятлари ва афзалликларига қуйидагилар киради:
— Вагонлар орасидаги герметик “гармошка” кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;
— Йўловчилар салони ҳар бир томонда тўрттадан бўлган автоматик ва икки қаватли эшиклар ўрнатилган. Эшиклар 12 фоизга кенгайтирилгани йўловчиларни тасодифан қисилиб қолиши олди олинган;
— Салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ултрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;
— Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;
— Ҳар бир вагон видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам мавжуд;
— Машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини видеокузатув тизими монитори жойлашган.
Метро поездларини харид қилиш Россиянинг ривожланишга ҳисса қўшадиган лойиҳаларни амалга ошириш учун ресурслар билан таъминлайдиган давлат корпорацияси — “ВЭБ.РФ”, шунингдек, унинг таркибидаги “Росэксимбанк” гуруҳи томонидан молиялаштирилмоқда. 2021 йил охирига қадар яна 20 та метро вагони Тошкентга юборилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида “ВЭБ.РФ” ва "Тошкент метрополитени" УК ортасида 40 та метро вагонини етказиб бериш бўйича кредит шартномаси имзоланди. Кредит линияси ҳажми 30,4 миллион еврога тенг бўлиб, 12 йилгача тақдим этилмоқда. 2019 йилда “ВЭБ.РФ” Ўзбекистонга 20 та метро вагонларининг биринчи партиясини етказиб берилишини молиялаштирди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази