2 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқоти биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев ҳамда Туркия Транспорт ва савдо вазири Одил Караисмоилўғли билан икки томонлама учрашуви ўтказди.
Учрашувда Озарбайжон ва Туркиянинг транспорт масалалари бўйича масъул вазирликлари раҳбарлари билан “Транс-Каспий – Шарқий – Ғарбий-Ўрта йўлак” – мультимодал транспорт йўналишини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар юкларнинг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлашди.
Шунингдек, ташувлар жараёнида рақамли маълумотлар алмашинуви тизимини йўлга қўйиш орқали юк ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш муҳимлигини алоҳида қайд этиб ўтишди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олдилар.