Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳақида

Чоп этиш Саҳифани улашиш
26.10.2020 6885 Yangiliklar

 

Ўзбекистонда экспорт салоҳиятини ошириш ва экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун изчил ишлар амалга оширилмоқда. COVID-19 пандемияси оқибатлари келтириб чиқарган глобал иқтисодий инқироз шароитида тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини янада рағбатлантириш муҳим устуворликлардан бири ҳисобланади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги - маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш учун ваколатли орган ҳисобланади. У экспорт қилувчиларга халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш, миллий маҳсулотлар ва брендларни ташқи бозорларга чиқариш ҳамда халқаро стандартлаштириш ва халқаро сертификатларни олиш учун сарфланган ҳаражатларни компенсация қилиб беради.

Бундан ташқари, экспорт қилувчилар Агентликка мурожаат қилиб, маҳсулотни экспорт бозорларига ташиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача қоплаш учун компенсация, шунингдек, суғурта хизматлари экспорт қилувчилар томонидан гаров сифатида фойдаланилган тақдирда суғурта мукофотининг компенсациясини олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 21 октябрда қабул қилинган “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатда экспортни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.

Ҳужжат экспорт қилувчилар учун қатор қўшимча имтиёзларни назарда тутади. Хусусан, ҳужжатда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчи корхоналарга бериладиган компенсациялар ва кафолатлар бўйича янги имтиёзлар тасдиқланди.

Биринчидан, агар бугунги кунга қадар тижорат банкларининг экспортолди кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар фақат ишлаб чиқарувчилар - экспорт қилувчиларга берилган бўлса, эндиликда Фармонга биноан ушбу преференция асосий фаолияти савдо воситачилиги бўлган экспорт қилувчиларига ҳам жорий этилади.

Иккинчидан, шу пайтгача экспорт қилувчиларнинг тижорат банкларидан олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсацияларни тақдим этиш фоиз ставкаси қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган кредитларга нисбатан ва фақат қайта молиялаш ставкасидан ошиб кетган қисмида амалга оширилган. Энди эса фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация фоиз ставкаси ва кредит ҳажмидан қатъий назар тақдим этилади.

Учинчидан, айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банкларидан олинадиган кредитлар бўйича тақдим этиладиган кафолат миқдори (кредит миқдорининг 50 фоизигача) 4 миллиарддан 8 миллиард сўмгача оширилди.

Тўртинчидан, бугунги кунга қадар компенсация берилган илгари ажратилган кредит бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда, экспорт қилувчи компенсация ва кафолат олиш имтиёзидан қайта фойдалана олмас эди. Энди эса олдинги кредитлар бўйича мажбуриятларга қарамай, ижобий кредит тарихи бўлган ҳолда қўшимча кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва кафолатлар берилади. Шу билан бирга, тақдим этилган кафолатлар бўйича олинадиган комиссия миқдори 1 фоиздан 0,5 фоизгача камаяди.

Таъкидлаш жоизки, Фармоннинг қабул қилиниши билан маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш давлат институти сифатида Экспортни ривожлантириш агентлигининг функциялари ва ваколатлари кенгайтирилди. Эндиликда Агентликка тижорат банкларини экспортгача молиялаштириш ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини амалга оширишга кредитлар ажратиш учун молиявий ресурсларни тақдим этиш, шунингдек халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва молия компаниялари маблағларини экспортгача молиялаштиришга жалб қилиш бўйича вазифаларни ҳал қилиш ваколати берилади.

Ушбу мақсадда Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузурида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилмоқда, унинг ҳисобидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш мақсадида молиявий ресурсларни ажратиш механизми жорий этилади. Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурс базасини шакллантириш ва фаолиятини бошлаш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади.

Жамғармани ташкил этиш экспортни қўллаб-қувватлаш бир бутун Миллий тизимини шакллантиришнинг муҳим босқичига айланади, унинг функционал элементлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ҳисобланади.

Компенсация, субсидиялар ва молиялаштиришни таъминлашдан ташқари, тизимнинг функцияларига экспорт шартномасини тузиш босқичигача хорижий харидорни топиш ва музокаралар жараёнида маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш, жумладан, республика вазирликлари ва идоралари, маҳаллий ҳокимият органлари билан экспорт қилувчиларнинг миллий экспорт маҳсулотларини чет элга сотиш, экспортни қўллаб-қувватлаш чоралари, мавжуд имтиёзлар ва преференциялар, ваколатли давлат ҳукумат органларининг вазифалари ва функциялари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлишини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорликни ўрнатиш киради.

Миллий экспортни қўллаб-қувватлаш тизимининг ўзига хос афзаллиги - экспортчиларни “ягона ойна” тамойили асосида комплекс қўллаб-қувватлаш имконияти бўлиб, уларга ўз фаолиятида дуч келадиган масалаларнинг кенг кўламини ҳал этишда вақт йўқотишларини ва моддий харажатларини сезиларли даражада камайтиришга имкон беради.