Москва шаҳрида 22 июнь куни Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойигани алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, олий даражада эришилган келишувлар ижроси изчил таьминланмоқда. Вазирлик ва идоралар фаол мулоқот олиб бормоқда, турли даражадаги ташрифлар ташкил қилинмоқда, ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари белгиланмоқда.
Ушбу барча фаол алоқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига бўлажак ташрифининг кун тартиби мазмунини бойитишга хизмат қилмоқда.
Ҳукумат раҳбарлари маьлум қилишича, Ўзбекистон билан Россия ўртасида иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Пандемияга қарамай, йил бошидан ўзаро савдо суръатларининг ўсиши таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида товар айланмаси ҳажми 15 фоизга ошди.
Икки мамлакат Президентлари томонидан ҳукумат раҳбарлари зиммасига яқин даврда товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Икки томонлама савдо ҳажмининг барқарор ўсиши таъминланса, ушбу натижага эришиш мумкин.
Россия Ўзбекистоннинг йирик сармоядорларидан биридир.
Россия компания ва банклари маблағлари Ўзбекистоннинг асосий тармоқлари – нефть ва газ, кон металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга йўналтирилган.
Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 2 мингдан зиёд корхона фаолият олиб бормоқда.
Йиғилишда, шунингдек, транспорт, таълим, тиббиёт, ташқи меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунлари юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Матбуот хизмати