Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

“Ўзйўлинспекция” Ўзбекистондаги кўприклар ҳолатини ўрганди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.11.2020 7429 Yangiliklar

 

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан Республикадаги кўприклар ҳолати ўрганилганда, дарё ва сойларнинг ўзанларидан – тош, қум ва шағалнинг назоратсиз ва ноқонуний равишда қазиб олиниши натижасида, айрим кўприкларнинг оралиқ таянчлари критик қийматлардан ортиқча ювилиб кетганлигини аниқлади.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 26-бандига кўра, дарёлардаги кўприклардан – ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 кмгача бўлган масофада қум ва тошлар қазиб олиш учун карьерлар барпо этиш таъқиқланган.

Мазкур талаб бажарилмаганлиги оқибатида, сув ўзани сатҳининг пасайиши сабабли Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Андижон вилоятларида барпо қилинган жами 26 та кўприкнинг таянчлари критик ҳолатга келиб қолган.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги – Қорадарё, Зарафшон, Оқдарё, “Дарғом” каби дарё ва каналлар устига қурилган 10 та, Сурхондарё вилоятидаги – Обизаранг, Тўпаланг, Сурхон, Олтинсой дарёлари устидан ўтган 6 та, Қашқадарё вилоятидаги 4 та, Жиззах вилоятидаги – Сангзор дарёси устидан ўтган 3 та, Тошкент вилоятидаги – Чирчиқ ва Ангрен дарёлари устидан ўтган 2 та ҳамда Андижон вилоятидаги Аравонсой устидан ўтган 1 та кўприк жойлашган ўзанларда карьерлар фаолияти тугатилмаган. Яъни улар ноқонуний равишда ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Бундан ташқари мазкур кўприкларни сақлашга масъул бўлган корхоналар томонидан – уларни таъмирлаш, таянчларини ҳимоялаш бўйича лозим бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Инспекция томонидан – кўприкларнинг таянчларини ювилишдан сақлаш, яроқсиз ҳолга келиб қолишининг олдини олиш, ноқонуний карьерлар фаолиятига чек қўйиш бўйича – Вазирлар Маҳкамасига ҳам тегишли ахборотлар киритилди. Ўз навбатида ҳукумат томонидан – соҳага масъул идоралар раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилиб, кўприклар жойлашган дарё ўзанларини тозалаш, у ерлардаги карьерлар фаолиятини тугатиш, бу ишларни қатъий тартибда амалга ошириш бўйича амалдаги меъёрий ҳужжатларга зарурий ўзгартиришлар киритиш, кўприкларнинг таянчларини ҳимоялаш ва таъмирлаш юзасидан тезкор чоралар кўрилиши бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Инспекция Ахборот хизмати