Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Пойтахтдаги яна бир кўприк замонавий кўринишга эга бўлмоқда

Чоп этиш Саҳифани улашиш
17.12.2019 6733 Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3632-сонли қарори билан тасдиқланган автомобиль кўприклари, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоатларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дастурига биноан, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасидан Кичик ҳалқа автомобил йўли, Мискин ва Уста Ширин кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгичда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур иншоат пойтахтдаги биринчи замонавий йўл ўтказгич бўлиб, 2000 йилда Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасида қурилди. Кенглиги 29 метр бўлган 912 метр узунликдаги (ёндош йўллари билан бирга) ушбу иншоат шаҳарнинг учта туманини бирга боғлаб янада обод қилди. Қарийиб 20 йил давомида, йўл ўтказгичида ҳеч қандай таъмирлаш ишлари амалга оширилмади. Шу сабабли темир-бетон конструкциялар ва йўлнинг юқори қатлами яроқсиз ҳолга келди. «Ўзбекистон темир йўллари» маълумотларига кўра жорий йилнинг август ойида "Кўприкқурилиш" Трести УКнинг мутахассислари томонидан ушбу объектда таъмирлаш ишлари бошланди.

Дастлаб, тўсинлар, устунлар ва таянчларнинг темир-бетон конструкциялари нурлари тикланди. Бундан ташқари, қатнов қисмининг темир панжаралари, декоратив темир-бетон плиталар демонтаж қилинди, 2000 м.кв майдонида қалинлиги 12 см бўлган ҳимоя бетон қатлами олиб ташланди ва бу ишлар сентябрь ойида тугатилди. Октябрь ва ноябрь ойларида темир-бетон конструкцияларини ўрнатиш ишлари бошланди. Хусусан, бугунги кунга қадар 2000 м.кв майдонда янги бетон қопламаси билан қопланди. Пиёдалар учун ажратилган қисмида изоляция ишлари якунланди. Декабрь ойининг охирига қадар йўл ўтказгичдаги асфальт-бетон қопламаларни ётқизиш ишларини якунига етказиш режалаштирилган.

Барча демонтаж ва монтаж ишлари белгиланган меъёрларни ҳисобга олган ҳолда қурилиш қоидалари ва шартларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Шуни ҳам инобаттга олган ҳолда алоҳида таъкидлаш керакки, автомобилларни юқори ўтказиш қобилиятига эга бўлган ушбу иншоатнинг таъмирлаш ишлари йўл ҳаракатини тўхтамасдан амалга оширилмоқда. Ва, албатта, ушбу омил йўл устидаги таъмирлаш ишларининг давомийлигига таъсир қилмоқда. Бундан ташқари, кўприк қурувчиларимиз бир вақтнинг ўзида Тошкент метрополитенининг ҳалқа йўли ва Юнусобод линиясидаги қурилиш ишларининг 2-босқичини якунлашда ҳам фаол қатнашмоқдалар.

Шу ўринда, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан вазиятни тўғри тушунишларини ва ҳар бир ҳайдовчидан, ушбу йўл ўтказгичдан ўтаётганида, шошилмасдан тартиб билан ҳаракатланишини сўраб қоламиз.