2021 йил 26 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ишчи гуруҳ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида бўлди.
Даставвал тумандаги “Алишер Навоий” МФЙ ҳудудида жойлашган маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти билан танишилди. Таъкидлаш жоизки, илгари ташландиқ бўлган мазкур ҳудудда ҳозирда ўқув маркази, маҳалла кутубхонаси ҳамда аёллар учун тикувчилик ўқув хонаси барпо этилган.
Ўқув маркази бир вақтнинг ўзида 20 нафарга яқин ўқувчиларни сиғдира олади. Марказ замонавий компьютер технологиялари ва махсус ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Бу ерда турли соҳа мутахассислари ўз йўналишлари бўйича дарс ўтишлари мумкин. Бундан ташқари, Марказда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида тикувчилик цехи ташкил этилган бўлиб, унда 5 та замонавий тикув машиналари жойлаштирилган.
Эътиборлиси, маҳалла хотин-қизлари учун махсус ўқув курслари ташкил этилган. Улар мунтазам тикувчилик билан шуғулланишмоқда. Яъни маҳалла фуқаролари учун кундалик ҳаётда зарур бўладиган маиший хизмат кўрсатиш марказига айлантирилган, десак муболаға эмас.
Яна бир жиҳат. Маҳалла кутубхонасидан бугунги кунда 5 мингдан ортиқ ҳуқуқий, бадиий ва жаҳон адабиётига доир китоблар ўрин олган. Ўқувчилар учун махсус электрон китоблар жамланмаси ҳам мавжуд. Шу билан бирга, марказда сартарошхона ва техникаларни тузатиш устахонаси ҳам ўрин олган.
Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева шу ернинг ўзида хотин-қизлар билан мулоқот қилар экан, тикувчилик сир-синоатларини пухта эгаллашса, бу келажакда ўз бизнесларини йўлга қўйиш учун замин бўлишини таъкидлади. Қолаверса, бу каби марказларни ҳар бир маҳаллада жорий этиш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Шунингдек, аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг таклиф ва мурожаатларини эшитилди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларни имтиёзли равишда дори-дармон билан таъминлаш, кредит маблағлари ажратилиши каби масалаларда ёрдам сўралди. Улар шу жойнинг ўзида назоратга олиниб, мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг “Чимён” МФЙ ҳудудида ташкил этилган аҳоли учун қулайликларга эга аллеяни кўздан кечирди.
Қайд этиш жоизки, ҳудудда бугунги кунда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳалланинг асосий кўп қатновчи кўчасининг олдинги ҳолатига кўра пиёдалар йўлаги мавжуд бўлмаган. Ушбу кўчада жойлашган чиқинди йиғиш шохобчалари бетартиб жойлашган эди.
Ҳозирда мазкур жой аҳоли дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кўркам масканга айлантирилмоқда. Яъни болалар майдончалари, автотураргоҳ, кексалар учун дам олиш жойлари, велойўлаклар, янги ёритиш чироқлари ўрнатилади. Аҳамиятлиси, ҳудуддаги ҳеч бир дарахтга зиён етказилмайди.
Бундан ташқари, Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги замонавий “Diagnostic ctyter” хусусий диагностика маркази фаолияти билан танишди.
Ушбу тиббий муассаса томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ёки соғлиғида муаммоси бўлган 120 нафарга яқин хотин-қизлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилган, тегишлилиги бўйича маслаҳатлар берилган. Бугун ҳам 20 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун бепул тиббий кўрик амалга оширилди.
Сенат Раиси Т.Нарбаева бу ерда аҳоли, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳам тиббий хизмат кўрсатиш, хусусан, онкологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининг текширувларини ўтказиш, ижтимоий масъулиятни ошириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Таъкидланишича, мазкур муассаса томонидан яқин кунларда ижтимоий ҳимояга муҳтож яна 100 нафар хотин-қизлар скрининг текширувидан ўтказилиши режалаштирилган.
Навбатдаги манзил – “Ҳамид Олимжон” маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг ертўласида хусусий тадбиркор томонидан ташкил этилган “Айгул” МЧЖ.
Мазкур тадбиркорлик субъектининг асосий йўналиши тикувчилик ва безак бериш ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу марказда 12 нафар ходимга иш ўрни яратилган.
Хусусан, “Айгул” МЧЖ корхонаси томонидан худди шу манзилдаги 3- ва 4- уйларнинг ертўласида ҳам ўқув маркази, офис ва спорт маркази, ширкат фаолиятлари йўлга қўйилган. Эътиборлиси, умумий ҳисобда учта кўп қаватли уйнинг ертўласида 62 та янги иш ўринлари яратилган.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги махсус ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгаши” фаолияти билан танишди. “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш жараёнларида кенгашнинг ўрни муҳим саналади. Боиси, хотин-қизларнинг муаммолари алоҳида ўзлари билан суҳбатлашган ҳолда ўрганилади. Психологлар маслаҳатлари ва мулоқотлари ташкил этилади.
Ушбу кенгашда бугунга қадар 70 нафарга яқин хотин-қизлар мурожаат қилган ва уларнинг асосий қисмига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган. Психологлар томонидан махсус семинарлар ташкил этилган.
Сенат Раиси ушбу кенгаш масъуллари билан суҳбатлашаркан, психологларни оилавий муносабатлар бўйича ўқитиш, уларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, парламент юқори палатаси Раиси халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутатлари, туман фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Учрашувда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилганлар билан ишлаш, бу жараёнда маҳаллий Кенгашларнинг ўрни, Кенгашлар котибиятлари иш самарадорлигини ошириш масалаларига урғу берилди. Қолаверса, 54 та маҳалла мавжуд бўлган ушбу туманда бу борада амалга оширилаётган ишларни депутатлик назоратига олиш каби жиҳатларга урғу берилди. Мазкур масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, жамоатчилик вакилларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати