Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Самарқанд транспорт тизимини яхшилаш Россия компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади

Чоп этиш Саҳифани улашиш
05.02.2021 6238 Yangiliklar

 

2020 йил 30 ноябрда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселекторда ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш масалалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳри транспорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида мастер-режа ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш Транспорт вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги зиммасига юклатилганди. Берилган устувор вазифаларни амалга оширишда вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи тузилиб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Ҳозирда хорижий мутахассислар билан биргаликда, яъни “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) хорижий компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳри транспорт мастер режасини ишлаб чиқиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу режани жамоатчиликка таништириш ҳамда аҳолининг фикрини билиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Шу мақсадда тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирокида лойиҳа доирасида дастлабки фикрлар алмашинув жараёни ташкил этилди. Унда “SIMETRA” (“А+С Транспроект” ООО) компанияси ҳозирги қадар амалга оширган лойиҳалари билан бир қаторда Самарқанд шаҳри учун ишлаб чиқилаётган лойиҳа ҳақида сўз борди.

Лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳар агломерациясида барча транспорт турлари учун стратегик ривожланиш режаси, транспорт инфратузилмасини (шу жумладан ақлли транспорт тизимини) комплекс ривожлантириш, шунингдек, йўловчи, пиёдалар ва велойўлакчалар, жамоат ва юк ташиш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган олтита кичик дастур амалга оширилади.

– Самарқанд тарихий шаҳар бўлгани учун ҳам тузилаётган лойиҳаларимиз бошқалардан бутунлай фарқ қилади, – дейди «SIMETRA» компаниясининг етакчи мутахассиси Кристиан Бёттгер. – Қадим шаҳар жамоат транспорти тубдан ўзгариши керак. Турли давлатлардан келаётган сайёҳларга замонавий хизмат турлари ташкил этилмоқда. Жумладан, йўловчи ташиш хизмати ҳам шунга мос бўлиши керак, деб ўйлайман. Жамоатчилик фикрини ўрганиб ҳар томонлама пухта ўйлаб, жорий йилнинг 1 сентябргача режамизни тайёрлаймиз.

Замонавий транспорт тизимининг пайдо бўлиши шаҳарга янада жозибадорлик бағишлаши билан биргаликда аҳоли учун қулайлик яратади.