Мамлакатимизнинг Таиланддаги Бош консулхонаси ходимлари, БМТ Бош котибининг ўринбосари, ЭСКАТО Ижроия котиби Армида Салсиа Алисжабана ва Комиссия Котибияти транспорт бўлими бошлиғи Вэймин Рен ўртасидаги учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар ижроси бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг ЭСКАТО фаолиятига яқин бўлган Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш таклифига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий марказ фаолиятининг моҳияти, мақсадлари, вазифалари, аҳамияти ва кутилаётган натижалари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистон транспорт-коммуникация соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни фаоллаштиришга стратегик аҳамият бераётгани, денгиз портлари ва янги ташқи бозорларга чиқишда энг қисқа йўлни таъминлайдиган ўзаро боғлиқ минтақавий транспорт-логистика тизимини шакллантириш тарафдори экани таъкидланди. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистоннда ушбу соҳада сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, бу ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан, айниқса транспорт ва транзит соҳасида самарали фойдаланиш учун қулай шароит яратмоқда.
ЭСКАТО Ижроия котиби Армида Салсиа Алисжабана Ўзбекистон Президенти ташаббуслари БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари фаолиятидаги кўплаб долзарб масалаларни қамраб олганини таъкидлади. Шу билан бирга, у мазкур ташаббусларнинг глобал вазият ва ҳаракатлар таҳлили асосида ўз вақтида, ўйланган ва ҳар томонлама текширилганини қайд этди.
ЭСКАТО Котибияти транспорт бўлими бошлиғи Вэймин Рен ҳам Ўзбекистон Президенти ташаббусининг муҳимлиги ва долзарблигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ЭСКАТОда Марказий Осиё минтақасининг бундай минтақавий марказга эҳтиёжини яхши англашади.
“Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусини катта қизиқиш билан қабул қилдик.
Ушбу ташаббус БМТга аъзо давлатларнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган муҳим эҳтиёжини акс эттирмоқда, ЭСКАТОга аъзо давлатлар ўртасидаги транспорт ва коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифаларига мос келади”, - деди Вэймин Рен.
Томонлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ва бошқа халқаро ташаббусларини амалга ошириш бўйича маслаҳатлашув ва ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.