Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳаси Мувофиқлаштирувчи кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш лойиҳанинг барча манфаатдор томонлари, хусусан, Транспорт вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, вазирлик ва идоралар ва бошқа ташкилот вакилларидан иборат таркибда тузилган бўлиб, лойиҳа устидан умумий раҳбарликни таъминлайди, лойиҳа доирасидаги масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда лойиҳани амалга оширилишини таҳлил қилиб боради.
Йиғилиш давомида 2024 йилда Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, жорий йилда лойиҳа кўмагида аёл ҳайдовчиларга катта сиғимли автобусларни ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда илк бор аёл ҳайдовчиларни ишга қабул қилинишига туртки берди.
Тошкент шаҳрида тасарруф этилаётган электробусларнинг иқтисодий ва экологик таъсири аниқланди. Жумладан, ҳар бир электробус тасарруф этилиши натижасида йилига ўртача 70 тонна иссиқхона газлари (СО2) ташланмалари қисқармоқда. Тошкент шаҳрига келтирилган электробусларнинг бир қисми Глобал Экологик Фонд (ГЭФ) томонидан молиялаштирилганлиги эътироф этилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида лойиҳанинг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди. Лойиҳанинг илмий базасини мустаҳкамлаш мақсадида, Тошкент Давлат транспорт университети билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.