2023 йил 14 сентябрь куни Истанбулда Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди, унда ўзаро ва умумий ҳамкорликнинг бир қатор муҳим масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда ТДТ бош котиби К.Омуралиев, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси З.Нарзуллаев, "Туркия давлат темир йўллари" транспорт акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ва бош директори (TCDD Taşımacılık A. Ş.) У. Ялчин, "Қирғизистон темир йўли" давлат корхонаси бош директори А.Сакиев, "Azerbaycan Dəmir yollari" ЯЖ бошқаруви раисининг ўринбосари И.Гусейнов ва "Қозоғистон темир йўли" АЖ стратегияси бўйича бошқарув раисининг ўринбосари А. Ахметжанов иштирок этди.
Учрашув давомида муҳокама қилинган масалалардан бири 2022 йил декабрь ойида Туркиядан Ўзбекистонга биринчи юк йўналишли поездини ишга тушириш бўлди. Учрашув иштирокчилари ТДТнинг бошқа аъзо давлатлар ва кузатувчи давлатлар ўртасида шунга ўхшаш йўналишли поездларини ташкил этиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, ТДТ доирасида иқтисодий жиҳатдан самарали ва ўз вақтида халқаро темир йўл йўлакларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар мультимодал транспорт йўналишларини, хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линиясини ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Ушбу йўлак ТДТга аъзо давлатлар ва қўшни минтақалар ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун катта имкониятларга эга. Шунингдек, ТДТ ҳудудида муқобил, иқтисодий жиҳатдан самарали ва ўз вақтида халқаро темир йўл йўлакларини яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Темир йўл инфратузилмасини стратегик ривожлантириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳам муҳокама мавзусига айланди. Учрашув иштирокчилари муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўриш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Учрашув натижасида ТДТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учинчи учрашувини ўтказиш вақти ва жойини аниқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу темир йўл транспорти соҳасида конструктив мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириш ҳамда ушбу муҳим соҳани янада ривожлантириш учун янги стратегия ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконини беради.