Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

“Тошкент - Кам углеродли транспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” лойиҳасига старт берилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
29.09.2022 4375 Yangiliklar

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси ҳамкорлигида “Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш” қўшма лойиҳасига старт берилди.

 

Бугун пойтахтимизда ташкил этилган тадбирда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси доимий вакили Матильда Димовска ҳамда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев лойиҳа юзасидан кенг жамоатчиликка маълумот берди.

 

Ушбу лойиҳа Глобал экологик жамғарманинг 3,57 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ва БМТ Тараққиёт Дастурининг 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги ресурслари ҳисобига молиялаштирилади.

 

Лойиҳа Транспорт вазирлиги томонидан, вазирлик, идора ва ташкилотлар билан хамкорликда 2022-2027 йиллар давомида амалга оширилади. Лойиҳанинг Ўзбекистон Республикаси томонидан қўшма молиялаштириладиган қисми 25,57 млн АҚШ долларини ташкил этади. 

 

Мазкур лойиҳа давомида Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш, унда пиёда ва велосипед йўлаклари, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларни кўзда тутиш орқали мазкур кўчада яшил шаҳар транспорт йўлагини ташкил этиш режалаштирилган.

 

Шунингдек, яшил шаҳар транспорт йўлагида электробуслар қатновини йўлга қўйиш, бунинг натижасида ижтимоий, иқтисодий ва экологик кўрсаткичларни йиғиш ва таҳлил қилиш ҳамда эришилган натижалар асосида Ўзбекистонда электротранспортни ривожлантириш бўйича йўл харитаси ва стратегияларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

 

Бундан ташқари, лойиҳанинг ижобий тажрибаси асосида яшил шаҳар транспорт йўлакларини Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.

 

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад транспорт орқали атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш йўли билан шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларини инклюзив, хавфсиз ва барқарор бўлишини таъминлаш ҳамда иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашишда шошилинч чораларни кўришдан иборат.