Хитойдан Афғонистонга товарлар етказиб беришни жадаллаштириш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ташаббуси билан Ўзбекистон, Афғонистон, Қирғизистон темир йўллари маъмуриятлари вакиллари ҳамда Хитой халқаро логистика компанияси иштирокида тўрт томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ йиғилиши “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси в.б. Х.Н. Хасилов бошчилигида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р.Маҳкамов кириш сўзи билан чиқди. Шунингдек, Афғонистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси жаноб А.Х.Элми ҳам иштирок этди.
Ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, мавжуд имкониятларни кенгайтириш, истиқболли лойиҳалар ва ҳамкорликнинг янги босқичларга олиб чиқиш мақсадида томонларнинг логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, Хитойнинг Қашғар станциясидан Афғонистондаги Ҳайратон станциясигача бўлган юк ташишларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, афғонистонлик меҳмонлар Ишчи гуруҳнинг барча қарорларини қўллаб-қувватлади. Афғонистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси А.Х.Элми ва Афғонистон темир йўллари бошқармаси бошлиғи в.б. А.Б.Шарофат томонидан Ўзбекистон Республикасига ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Учрашув якунлари бўйича тўрт томонлама баённома имзоланди.