Бугун, 2022 йил 27 октябрь куни Тошкент шаҳрида 5 та давлат – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия темир йўллари раҳбарларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида Туркий тилли ташкилотига аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари ўртасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирни Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Б. Амреев кириш сўзи билан очди ва у мазкур транспорт йўлагини ривожлантиришнинг алоҳида аҳамиятини, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида юк ташиш ҳажмини ошириш йўллари, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик ва умумий ҳамкорликнинг бир қатор муҳим масалаларини ҳал этиш зарурлигини таъкидлаб, манфаатли натижаларга эришишга катта умид билдирди.
Хусусан, йиғилишнинг барча иштирокчиларини “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси Х. Хасилов қутлаб, ТДТ давлатлари Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкорлари эканлигини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда туркий мамлакатларда темир йўл транспорти сезиларли даражада ривожланганлигини, очиқ вагонлардан ташқари, контейнер ташувига ҳам талаб юқори эканлигини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, 2019 йилда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон ва Туркманистон ўртасида “ОТМ мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа” халқаро мультимодал йўналишини ривожлантириш тўғрисида имзоланган баённомани амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир давомида барча темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари транспорт соҳасини, хусусан, темир йўл транспортини ТДТ давлатлари ўртасида фаол ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга катта интилишларини билдирдилар.
Шунингдек, кун тартибида юк ташиш ҳажмини ошириш, қўшни давлатлар транзит ташувларини ташкил этиш, контейнер ва мултимодал ташувлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ахборот технологиялари ва юк ташувлари жараёнларида дастлабки маълумотлар алмашинуви соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.