Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт логистика соҳасида Озарбайжон билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари белгилаб олинди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
16.02.2023 3619 Yangiliklar

 

Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов бошчилигидаги Ишчи гуруҳнинг 13 – 15 февраль кунлари Озарбайжон Республикасига ташрифи давомида қатор учрашувлар ўтказилди.

 

Хусусан, Озарбайжон Республикасининг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири ўринбасари Рахман Гумматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ҳамраислигида икки мамлакат ўртасида транспорт ва транзит юк ташувлари масалалари бўйича Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

 

Йиғилишда Транскаспий халқаро транспорт коридори ҳамда 6 давлат (Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон) темир йўл тузилмалари иштирокида ташкил этилган CASCA+ мультимодал транспорт йўлаги орқали юк ташувлари ҳажмини ошириш, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, ташув жараёнларида қулай шароитни яратиш билан боғлиқ масалалар  муҳокама этилди.

 

Томонлар муҳокама этилган масалалар бўйича ҳамкорликдаги фаолиятни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

 

Шунингдек, ташриф давомида Озарбайжоннинг ер усти транспорти қўмитаси, “Озарбайжон темир йўли” ЁАЖ, “Баку халқаро денгиз савдо порти” ЁАЖ, “Озарбайжон Каспий денгиз кемачилиги” компанияси ҳамда Баку кемасозлик заводи раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди.

 

Учрашувлар давомида Ўзбекистоннинг экспорт ва импорт юкларини Озарбайжон ҳудуди орқали Европа ва Америка қитъаси давлатларига ташувларини узлуксиз ташкил этиш, юк ташувлар харажатини ва муддатини қисқартириш, тариф имтиёзларни кенгайтириш, порт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ҳамда логистика занжирини яратиш бўйича музокаралар олиб борилди.

 

Томонлар учрашувларда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олди.