Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган кўрсаткичлар тўғрисида маълумот

Чоп этиш Саҳифани улашиш
15.01.2021 7604 Yangiliklar

 

 

2020 йилнинг асосий натижалари

 

2020 йилда жами юк ташувлари ҳажми 1,3 млрд. тонна (ўтган йилга нисбатан 104,6 фоиз), юк айланмаси 40,1 млрд. тонна/км.ни (101,8 фоиз) ташкил этди.

Барча транспортда йўловчи ташиш ҳажми 5,26 млрд. йўловчи (87,2 фоиз), йўловчи айланмаси 116,96 млрд. йўловчи/км.ни (83,5 фоиз) ташкил этди.

Жами халқаро юк ташувлари ҳажми (экспорт, импорт ва транзит) – 46,9 млн. тоннани ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,5 фоизни ташкил этди.

Бунда, экспорт юклари – 13,2 млн. тонна (2019 йилга нисбатан 117,1 фоиз), импорт – 24,5 млн. тонна (102,4  фоиз) ва транзит 9,07 млн. тоннани (114,7 фоиз) ташкил этди.

Халқаро ташувларда темир йўл 39,5 млн. тонна (112,7 фоиз), автомобиль 7,3 млн. тонна (90,3 фоиз), авиа ташувлар 60,6 минг тоннани (138,9 фоиз) ташкил этди.

Ҳисобот даврида 94 та янги маҳаллий (Қорақалпоғистон Республикасида – 6 та, Андижон вилоятида – 9 та, Бухоро вилоятида – 7 та, Жиззах вилоятида – 7 та, Қашқадарё вилоятида – 9 та, Навоий вилоятида – 8 та, Наманган вилоятида – 9 та, Самарқанд вилоятида – 11 та, Сирдарё вилоятида –4 та, Сурхондарё вилоятида – 6 та, Тошкент вилоятида – 3 та, Тошкент шаҳрида – 2 та, Фарғона вилоятида – 7 та, Хоразм вилоятида – 6 та) ва 6 та халқаро (Тошкент – Москва, Тошкент – Омск, Самарқанд - Тошкент – Петербург, Тошкент – Екатеринбург, Тошкент – Пермь, Тошкент - Уфа) йўловчи ташиш автобус йўналишлари очилди.

7 та автостанцияда (Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари) қурилиш ҳамда 2 та автостанцияда (Андижон ва Бухоро вилоятлари) реконструкция ишлари якунланди.

2020 йил давомида жами 261 та, шундан 172 та “Исузу” ва 89 та “Ютонг” русумли автобуслар харид қилиниб, автобус йўналишларига фойдаланишга топширилди.

Йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, 2020 йил 1 январдан Тошкент шаҳри жамоат транспортида (автобус ва метрополитен) автоматлаштирилган электрон тўлов тизими жорий этилди.

Жамоат транспорти йўловчиларига қулайликлар яратиш мақсадида, 69 та савдо шаҳобчалари, 1 900 дона ўзига-ўзи хизмат кўрсатувчи банк терминаллари ва 61 та метро кассаларида йўл чипталари ва транспорт карталари сотуви ташкил этилди.

Шу билан бирга, 1080 та автобуслар мобил валидаторлар ва 2098 та автобуслар стационар валидаторлар билан жиҳозланди ҳамда метрополитеннинг барча бекатларида станционар валидаторлар ўрнатилди.

2020 йил давомида жами 4 57 трлн.сўм (режага нисбатан – 104,1 фоиз) миқдорида автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилиб, 6 178,8 км автомобиль йўллари (режага нисбатан – 100,6 фоиз) қайта қурилди ва таъмирланди.

2020 йил якуни бўйича транспорт соҳасида жами 1, 27 млрд. доллар транспорт хизматлари экспорти прогнози белгиланган бўлиб, амалда 882,7 млн. доллар (прогнозга нисбатан 70 фоиз) бажарилди.

Шу жумладан:

темир йўл транспорти хизматлари – 614,0 млн. долл., режага нисбатан 104 фоиз;

автомобиль транспорти хизматлари – 36,7 млн. долл., режага нисбатан 105 фоиз;

ҳаво транспорти хизматлари – 232,0 млн. долл., режага нисбатан 36 фоиз.

Инвестиция дастурлари доирасида транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида 134 та лойиҳа бўйича 925,3 млн. долларлик инвестиция ўзлаштириш белгиланган бўлиб, амалда 743,6 млн. доллар (81%) ўзлаштирилди.

2020 йил давомида 8 та инвестиция лойиҳалари якунланиб, фойдаланишга топширилди ва мазкур лойиҳалар доирасида 2 322 та янги иш ўринлари яратилди, шу жумладан:

Тошкент метрополитенининг Юнусобод линиясининг 2-босқичи (2,9 км), Сергели линияси (7,0 км) ва ер усти халқа метросининг 1-босқичи (11,4 км) қурилиши ишлари якунланди;

“Андижан-Савай-Хонобод” темир йўл участкасини модернизация қилиш ҳамда шаҳарлараро поездлар қатнови йўлга қўйилди (65 км).

2020 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номидан “Хитой – Марказий Осиё – Кавказ – Европа” мультимодал транспорт йўлагини Қашғар шаҳригача бўлган темир йўл участкасини “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига киритиш бўйича Хитой давлат кенгаши рахбари Ли Кэцянь номига расмий хат юборилди.

Миллий экспортёрларимиз учун юкларни темир йўлда ташиш бўйича қулайликлар яратиш мақсадида асосий халқаро йўналишлар бўйича темир йўл ташувлари тарифларига 50-70 фоизгача чегирмалар олинишига эришилди.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 27 972 тонна мис ва цинк юклари ортилган 14 та блок-поезд (жами 1 037 та 20 футли контейнерлар) “Тошкент – Актау – Баку – Тбилиси – Карс – Истанбул” йўналиши орқали Туркияга ҳамда 25 912 тонна мис ортилган 20 та блок-поезд (жами 656 та 40 футли контейнерлар ва 328 та 20 футли контейнерлар) “Тошкент – Келес – Олтинкўл – Хоргос” ва “Тошкент – Келес – Достиқ – Алашанкау” йўналишлари орқали Хитойга юборилди.

2020 йил 1 августдан хорижий авиакомпанияларга ҳудудий аэропортларда бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”, “Навоий” ва “Термиз” халқаро аэропортларида эса юк ташувчи авиакорхоналар учун еттинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги” жорий этилди.

Республика ҳудудидан транзит юк ташувларини ошириш борасида олиб борилган ишлар натижасида жорий йил 5 июнда Хитойнинг Гансу провинцияси Ланжоу шаҳридан Қирғизстон ва Ўзбекистон орқали мультимодал транзит йўли орқали 25 та 40 футлик контейнерлар биринчи партияси Туркманистоннинг Мари станциясига жўнатилди.

Эрондан Aфғонистон орқали ўтувчи Ўзбекистон ва Қирғизистонга иккита автотранспорт воситаларида пилот ташувлари муваффақиятли амалга оширилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида eTIR (electronic TIR) тартибидан фойдаланган ҳолда пилот юк ташуви амалга оширилди.

“Мозори-Шариф – Қобул” темир йўл участкаси қурилишини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарлари номидан халқаро молия ташкилотларига мурожаатнома йўлланди.

2020 йил 10 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномаларга қўшилиш тўғрисида”ги 4564-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Хавфли юкларни халқаро йўлларда ташиш тўғрисидаги Европа битимига қўшилди.

Бундан ташқари, 2020 йил август ойида Халқаро транспорт форумига, 2020 йил 25 сентябрда “Юкларни халқаро йўлларда ташиш шартномаси тўғрисидаги конвенциясининг электрон юк хатига оид 2008 йил 20 февралда Женева шаҳрида имзоланган Қўшимча баённомаси”га Ўзбекистон Республикаси қўшилиши амалга оширилди.

2020 йил давомида Транспорт вазирлиги томонидан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича музокаралар жараёни фаоллаштирилди, видеоконференцалоқа орқали тўртда учрашув ўтказилди, молия-иқтисодий масалалар бўйича тегишли ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сон Фармонига асосан «Ўзбeкистон тeмир йўллари» АЖ, “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖ давлат акциялар пакети трансфомация жараёнларини амалга ошириш учун Давлат активларини бошқариш агентлигидан Молия вазирлигига ўтказилди.

2020 йил декабрь ойида Молия вазирлиги билан биргаликда “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Uzbekistan Airports” АЖ Кузатув кенгаши йиғилишлари ўтказилиб, Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда ушбу жамиятларни трансформация қилиш юзасидан аниқ муддат ва маъсулларни белгилаган ҳолда зарур чоралар белгилаб олинди

“BCG” хорижий консалтинг компанияси таклифларини инобатга олган ҳолда, темир йўл транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

“Uzbekistan Airports” АЖни таркибида “Лойиҳалар офиси” ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари этиб трансформация жараёнлари доирасида кўзда тутилган аэропортларни молиявий соғломлаштириш, самарадорликни ошириш, ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш ишларида фаол иштирок этиши белгиланди.

Туркиядан жалб этилган мутахассис Орхан Сиврикая “Uzbekistan Airways” АЖнинг бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Хорижлик мутахассисга авиакомпаниянинг молиявий даромади ва мижозларнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, авиакомпания бизнес жараёнларида қатнашиш, даромад ва харажат бўйича иш унумдорлиги ва KPI маълумотларини аниқлаш ва кузатиб бориш каби вазифалар юклатилди.

Транспорт вазирлиги ушбу мутахассис билан ҳамкорликда хорижий тажриба ўрганилиб ва маркетинг тадқиқотлар ўтказилиб, “Uzbekistan Airways” АЖни умумий ривожлантириш стратегияси режаси ишлаб чиқилди.

Туркиянинг “Kalyon Ulastirma Muhendislik ve Musavirlik A.S.” компанияси билан биргаликда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикасининг Транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ҳамда “Транспорт тўғрисида” қонуни лойиҳалари Президент Администрацияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.