Президент Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимиз ривожлангани сари фуқаролар ҳаракатчанлиги, халқаро алоқалар кўлами ҳам ошиб бормоқда. Бу талабга мос равишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги қарорига мувофиқ, “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятлари трансформация қилинмоқда.
2021 йил якунлари бўйича юртимиз аэропортлари орқали 5 миллион 400 минг йўловчи ва 82 минг тонна юк ташилган, хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатиш ҳажми ошган. Харажатларни мақбуллаштириш бўйича кўрилган чоралар натижасида барча аэропортларнинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланган.
Шу билан бирга, Самарқанд халқаро аэропорти янгидан қурилиб, ишга туширилди. Тошкент халқаро аэропортининг 2-терминали реконструкция қилиниб, ўтказиш қуввати 2 баробар оширилди. Қарши аэропортининг учиш зали янгиланди.
Бу ишларни изчил давом эттириш мақсадида мамлакатимиз аэропортларини 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган.
Тақдимотда ушбу стратегияни 2026 йилгача амалга ошириш дастури муҳокама қилинди.
Бунда аэропортларни ихтисослаштириш, жумладан, Тошкент аэропортини халқаро хаб, Навоий аэропортини юк ташиш хаби, Самарқанд ва Бухоро аэропортларини туризм хабларига айлантириш кўзда тутилган.
Тошкент халқаро аэропортини модернизация қилиш орқали йўловчиларни ўтказиш қувватини соатига 2 минг 400 нафарга ошириш, рўйхатдан ўтиш, паспорт назорати ва самолётга чиқиш йўлакларини кўпайтириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари аэропорт ходимларининг дунёқараши ва малакасини ошириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Фарғона водийсидаги учта – Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашгани ва атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чекланган. Шу боис учта вилоятнинг ўртасида янги халқаро аэропорт қуриш таклиф этилмоқда.
“Тошкент-Шарқий” аэропортининг бош режаси ҳам муҳокама қилинди. Бухоро ва Урганч аэропортларида янги йўловчи терминаллари қуриш, шунингдек, ҳудудлараро лоукостер авиакомпанияси фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз аэропортларда хизматларни кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, нархларнинг оммабоплигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш ва қамровини оширишга оид режалар ҳам кўриб чиқилди.
Охирги тўрт йилда ҳудудларда 47 та қозонхона қурилиб, қарийб 80 километр тармоқ ётқизилгани қайд этилди.
2022-2026 йилларда яна 172 та қозонхона ва 482 километр тармоқни янгидан қуриш, 109 та қозонхона ва 543 километр тармоқни модернизация қилиш кўзда тутилган. Буларнинг натижасида марказлашган иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш даражаси ҳозирги 52 фоиздан 66 фоизга етади.
Айрим қозонхоналарда когенерацион газ турбинасини ўрнатиш орқали электр энергияси ҳам ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Давлатимиз раҳбари иссиқлик ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш тизимини рақамлаштириш, соҳада давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.