Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт ва логистика соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама этилди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
22.09.2022 4137 Yangiliklar

 

Мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ва ташқи савдо ҳажмини оширишда халқаро бозорларга чиқиш учун логистика муаммоларини муваффақиятли ҳал этиш муҳим омил саналади.

 

Айниқса, бугунги шароитда экспорт ва импорт юкларининг узлуксиз логистикасини ташкил этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда жорий йилнинг 21 сентябрь куни Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раҳбарлигида транспорт ва логистика соҳасида хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди.

 

Учрашувда Транспорт вазирлиги раҳбарияти, “Uzbekistan airways” АЖ, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси (AIRCUZ) мутасаддилари мамлакатимизнинг транспорт-экспедиторлик компаниялари, йирик ишлаб чиқарувчилар ва экспортёр корхоналар вакилллари билан улар фаолиятида юзага келаётган транспорт-логистикаси соҳасидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш билан боғлиқ масалаларини муҳокама этишди.

 

Очиқ мулоқот тарзда ташкил этилган учрашувда экспорт-импорт операцияларини бажаришда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг амалий ечими, хусусан, экспорт маҳсулотларини халқаро бозорларга олиб чиқишда авиаташувчилар, темир йўл ва автомобиль транспорти компаниялари олдида турган муаммоларга оид масала ва таклифлар ҳар томонлама кўриб чиқилди.

 

Шунингдек, учрашувда транспорт-логистика соҳасида вужудга келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган чора тадбирлар ҳамда муқобил транспорт коридорларидан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.

 

Учрашув иштирокчиларидан олинган савол ва таклифлар таҳлили якунлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан экспортга етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш бўйича мақсадли чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳини шакллантириш топширилди.