Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Транспорт вазири Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири билан музокара ўтказди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
29.09.2022 3867 Yangiliklar

 

Бугун, 29 сентябрь куни Транспорт вазирлигида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Музокаралар давомида Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон ўртасида транспорт, хусусан, ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар сонини ошириш ва туризм йўналишида алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

 

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида транспорт соҳасидаги алоқалар жадал ривожланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 17-19 август кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлигига давлат ташрифи давомида икки мамлакат транспорт идоралари томонидан фуқаро авиация соҳасида Англашув Меморандуми имзоланганлиги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ташриф давомида транспорт, хусусан, ҳаво транспорти соҳасида икки мамлакат ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, шаҳарларимиз ўртасида мунтазам авиарейсларни ташкиллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
 

Натижада бугунги кунда “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан “Тошкент-Жидда-Тошкент” йўналишида ҳафтасига 7 маротаба авиарейслар бажарилмоқда. “Uzbekistan Airways” АЖга Ҳаж ва умра сафарлари доирасидаги мавжуд рейсларда тижорий юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилди.

 

Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия Саудия Арабистони авиакомпаниялари Ўзбекистон йўналиши бўйлаб авиарейслар амалга оширишда қулайликларни яратиб беришда кўмак кўрсатилаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига алоҳида ташаккурини изҳор этди. Айниқса, “Flynas” авиакомпаниясига Ўзбекистон шаҳарларига парвозлар амалга ошириш ҳуқуқи берилиши натижасида “Жидда-Тошкент-Жидда” йўналишида ҳафтасига 2 маротаба авиарейслар йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидлади.

 

Учрашувда Ўзбекистон томонидан эришилган келишувларни самарали амалга ошириш, давлатларимиз ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида келгусида Саудия Арабистони авиакомпанияларини “Зиёрат туризми” дастури доирасида тарихий шаҳарлар, яъни Самарқанд, Бухоро ҳамда Урганч шаҳарларига мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилди.

 

Музокаралар давомида “Flynas” авиакомпанияси билан Саудия Арабистонидан Ўзбекистон ва Марказий Осиё шаҳарларига сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланишга келишилди.

 

Учрашув якунига кўра томонлар яқин муддатлар ичида янгиланган Ҳаво битими қатнови тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқишни якунлаб, уни имзолашга келишиб олдилар.