Виртуал қабулхона

Ишонч телефони:
71-202-22-55 (1167)

Ўзбекистон, Aфғонистон ва Покистон “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича келишиб олди

Чоп этиш Саҳифани улашиш
02.02.2021 6128 Yangiliklar

 

Бугун Тошкентда Aфғонистон, Покистон ва Ўзбекистон делегациялари ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу йирик тадбирда томонлар “Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд қутлов сўзлари билан чиқиш қилди.

Видеоконференцалоқа орқали сўз олган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (AҚШ) каби йирик халқаро молия институтларининг раҳбарлари йирик лойиҳа қурилишини қўллаб-қувватлади.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ушбу учрашув Осиё қитъасида минтақавий интеграциянинг бошланғич нуқтасига айланишини таъкидлади.

“Мозори-Шариф - Кобул – Пешовар” темир йўлининг қурилиши мамлакатларимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир, - деди ўз сўзида вазир. - Афғонистон минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро боғликликни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Минтақадаги барқарорлик ва хавфсизликка ҳисса қўшадиган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш тарафдоримиз. Шунингдек, минтақавий инклюзивлик ва сиёсий барқарорликни таъминлаш учун Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига риоя қиламиз».

Покистон Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд ўз сўзида минтақавий ҳамкорлик минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Минтақадаги транспортга оид ўзаро боғликлик барча манфаатдор томонларнинг манфаатларини таъминлайди. Лойиҳани амалга ошириш юк ташишда харажатларни камайтиради, товарларни жўнатиш ва қабул қилиш муддатларини қисқартиради.

“Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги улкан савдо имкониятларини очиш учун ноёб географик жойлашувимиздан фойдаланиш вақти келди, - деди Абдул Раззоқ Довуд. – Ўз навбатида, Покистон мамлакатларимизни ўзаро жипслаштирадиган ушбу лойиҳани амалга оширишга тўлиқ содиқлигини билдиради. Мазкур йўналишда бутун кучимизни сарфлаб ҳамда халқаро молия институтларининг ёрдами билан астойдил ҳаракат қилишимиз керак, деб ҳисоблайман”.

Ўтказилган уч томонлама музокаралар натижаларига кўра делегациялар раҳбарлари “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ("Йўл харитаси") имзолади.